Россия Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар эълон қилди

17.10.2017 | Жаҳон | 2995

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин КХДРга қарши санкциялар жорий қилиш бўйича фармонни имзолади, дея хабар бермоқда Russian Today телеканали.

Президент фармони БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан 2016 йилнинг ноябрь ойида қабул қилган резолюцияга мувофиқ қабул қилинган. Фармонга мувофиқ, Шимолий Кореянинг ядрвоий дастурга алоқадор 11 нафар мулозим қора рўйхатга киритилган.

Янги санкциялар пакети фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликка ҳам дахл қилади. Аммо КХДРнинг ядровий қурол ва баллистик ракета ишлаб чиқариш дастуридан ташқари илм-фан ва техника бўйича ҳамкорликка рухсат берилади. Бундан ташқари, Шимолий Кореянинг ядровий тадқиқотларига алоқадор кемалар Россия портларига кириши, янги вертолёт ва кемаларни Шимолий Кореяга сотиш тақиқланади.

Янги фармон Шимолий Кореяга Россия ҳудудида дипломатик ва консуллик иншоотларидан ташқари кўчмас мулклардан фойдаланишни ҳам маън қилади. Санкциялар пакети, шунингдек, қиймати 500 доллардан ортиқ бўлган гиламлар ва 100 доллардан қиммат бўлган чинни идишларга қарши чекловни ҳам ўз ичига олади.

Президент Путиннинг фармони КХДР парламенти делегацияси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида сафарда бўлиб турган вақтда эълон қилинган. Душанба куни Европа Иттифоқи ҳам Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар эълон қилган.