Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"Ёшлар нима ўқияпти?" мавзусидаги сўровнома натижалари эълон қилинди
17.10.2017 16:56,  
357

Ziyouz.com портали томонидан интернет тармоғида бир ҳафта давомида “Ёшлар нима ўқияпти?” мавзусида сўровнома ўтказилди. Унда китобхон ёшларнинг қандай китоблар мутолаа қилаётгани ўрганилди.

Сўровномада 536 нафар ўзбек китобхон ёшлари иштирок этди, 614 номдаги 1151 та китоб қайд этилди.

Сўровномада нафақат Ўзбекистондаги ёшлар, балки Афғонистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, АҚШдаги миллатдошларимиз, Россия, Жанубий Корея, Англия, Австралия, Малайзия, Германия, Франция, Бельгия, Хитой, Саудия Арабистони каби давлатларда ўқиб, ишлаётган ватандошларимиз ҳам қатнашишди.

Сўровномада қатнашганларнинг ўртача ёши 26 да. Энг кичик иштирокчи 2002 йилда туғилган. Энг кўп иштирокчилар 1992 йили таваллуд топганлардир.

Сўровноманинг асосий иштирокчилари олий ўқув юрти талабаларидир (156 нафар — 34,1 %). Талабаларнинг 15 фоизи хорижий олий ўқув юртларида таълим олаётган ватандошларимиздир. Шунингдек, сўровномада 57 нафар таълим (12,5%), 46 нафар ОАВ (10,1%), 32 нафар ишлаб чиқариш (7,0%), 28 нафар иқтисод (6,1%), 22 нафар АКТ (4,8), 8 нафар соғлиқни сақлаш (1,5%), 7 нафар ҳуқуқ (1,4%), 3 нафар диний (0,7%) соҳа вакиллари иштирок этди. Сўровномада жавоб берганларнинг 27 нафари хусусий тадбиркорлар (5,9%), 26 нафари ишчи ва хизматчилар (5,7%), 21 нафари вақтинча ишсизлар (4,6%), 14 нафари коллеж ва мактаб ўқувчилари (3,1%) ҳамда 10 нафари уй бекаларидир (2,2 %).

 

alt

Ёшлар ўқиётган китоблар йўналишига кўра, жаҳон адабиёти етакчилик қилмоқда. Сўровномадан жаҳон адабиётига оид 447 та (38,8%) китоб ўрин олган. Ёшлар орасида буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов, турк маърифатпарвари Аҳмад Лутфий Қозончи, америкалик афғон аслли ёзувчи Холид Ҳусайний, Америка ёзувчиси Теодор Драйзер, дунёда китоби энг кўп сотилган Пауло Коэльо, рус классиклари Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Корея президенти Ли Мён Бак асарлари машҳур.

Сўровномада ўзбек адабиётидан 319 та китоб (27,7%) қайд этилган. Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Тоҳир Малик, Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров, Тоғай Мурод асарлари энг кўп мутолаа қилинган. Сўровномага қайд этилган 122 та диний-маърифий китобнинг  (10,6%) асосий муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдир. Тарихга оид 88 китоб (7,6%) орасида дин тарихи, юртимиз тарихига оид асарлар ўрин олган. Психология йўналишидаги 73 та (6,3%) китобнинг асосий муаллифлари Дейл Карнеги, Роберт Кийосаки ва Адам Жексондир. Сўровномада қайд этилган китобларнинг 65 таси (5,6%) илмий-оммабоп мавзуда, 37 таси ижтимоий-сиёсий (3,2 %) йўналишдадир.

alt

Алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, китобхон ёшлар асосан босма китоб ўқишни маъқул кўришар экан. Электрон китоблардан Android тизими учун мўлжалланган китоблар машҳур. Баъзи респондентларнинг таъкидлашича, улар китобни аввал электрон вариантда ўқиб, агар ёқса, унинг босма вариантини сотиб олиб, қайта ўқишмоқда экан.

Китобхонлар томонидан ўқилаётган китобларнинг энг кўпи (78%), табиийки, ўзбек тилида. Қолган 22 % китоблар хорижий тилларда ўқилмоқда. Чет тилларида ўқилаётган китоблар орасида рус ва инглиз тиллари алоҳида ажралиб турибди. Хорижий тилларда ўқилган 251 та китобдан 141 таси рус, 77 таси инглиз, 15 таси турк, 11 таси араб, 3 таси корейс тилида. Япон, француз, немис ва испан тилларидан биттадан китоб ўқилган.

Рус тилида ўқилаётган китоблар орасида Жорж Оруэлл, Эрих Мариа Ремарк, Элчин Сафарли, Пауло Коэльо, Робин Шарма, Холид Ҳусайний, Харуки Мураками, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Жожо Мойес, Марио Пьюзо, Жерар Де Вилье асарлари машҳур. Инглизча китоблар орасида энг кўп Роберт Кийосаки, Кадзуо Исигуро, Жоан Роулинг, Пауло Коэльо асарлари ўқилмоқда.

 

alt

Ўзбек китобхон ёшлари томонидан энг кўп ўқилаётган китоблар рўйхати аввалидан Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” (25 нафар китобхон томонидан ўқилган), Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” (20) ва Саид Аҳмаднинг “Уфқ” (15) асарлари ўрин олган.

Энг кўп ўқилган китоблар роман жанрига тегишли. 300 саҳифадан кам бўлган китоблар Топ-50 талик рўйхатдан ўрин олмади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар орасида шеърий китоблар жуда кам ўқилмоқда экан. 614 номдаги китобдан атиги 12 донаси шеърий китоблардир.

Китобхонлар томонидан асарлари энг кўп ўқилаётган муаллифлар рўйхатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоблари биринчи ўринда турибди. Шайх раҳимаҳуллоҳнинг 19 та номдаги китоби 73 китобхон томонидан ўқилган. Сўровномада китоблари энг кўп зикр этилган муаллиф ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдир. Ўткир Ҳошимовнинг (2-ўрин) 6 та номдаги асари 48 марта, Чингиз Айтматовнинг (3-ўрин) 14 та номдаги асари 40 марта, Аҳмад Лутфий Қозончининг (4-ўрин) 5 та номдаги китоби 38 марта, Тоҳир Маликнинг (5-ўрин) 16 та номдаги 36 марта ўқилган.

Манба: ziyouz.uz

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан