Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Ақл оқими»ни орқага буриш. Кетганларни қандай қайтариш мумкин?
17.10.2017 16:58,  
27

«Kommersant.uz» нашрида «‘Ақл оқими’ни орқага буриш. Кетганларни қандай қайтариш мумкин?» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Уни ўз ҳолича эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки давомида Президент Шавкат Мирзиёев АҚШда яшаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашди ва Ватанга қайтишга қарор қилганларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Хорижга чиқиб кетганларни қайтариш концепцияси – янгилик эмас. Мутахассислар бу йўлни танлаган мамлакатларни бир неча тоифага бўладилар.

Чунончи, биринчи гуруҳга кирувчи давлатлар учун собиқ фуқароларни ортга қайтариш – пировард мақсад, у нафақат расмий сиёсат, балки миллий ўзликни англашнинг тамал тоши бўлиб хизмат қилади. Кўпинча бу эзгу мақсад ортида геосиёсий сабаблар ҳам ётади: ўзга юртлардаги ватандошларни ҳимоя қилиш баҳонасида жаҳон афкор оммаси наздида тушунарсиз кўринадиган кўпгина ишларга қўл урилади.

Иккинчи тоифа мамлакатлар демографик муаммолар сабабли эмигрантлар кучига умид боғлашади: туғилишнинг камайиб кетиши ва параллел равишда пенсионерлар сонининг ортиши барқарор тараққиёт учун жиддий муаммоларни юзага келтиради. Бу ҳолатда ватандошлар – тил ва маданий мослашувни, шунга яраша қўшимча харажатларни талаб қилмайдиган ишчи кучидир.

Учинчи гуруҳ (Ўзбекистон ҳам шулар жумласидан) учун ортга қайтиш – бу мамлакат иқтисодий ўсишини жонлантириш учун инвестициявий-молиявий ва илмий-технологик ресурсларни тўплаш усулидир. Бунда янги мамлакатда ўз ўрнини топа билган, ўқимишли ва юқори малакали, тарихий Ватанига фойда келтиришга қодир кадрлар диққат марказида туради.

Глобаллашув ватандошлар ақли, даромадлари ва алоқалари учун рақобатни кучайтирди. Кўплаб давлатлар минглаб, миллионлаб инсонларни қамраб олувчи (улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор) репатриация дастурларини амалга оширмоқда. Бу эса, республика ишчи кучи, интеллектуал ресурслари ва, энг муҳими, ўзининг кўп миллатли халқини бой бераётганлигини англатади.

Яқинимизда жойлашган Россияни олайлик: бу ерда 2006 йилдан буён Ватандошларни қайтариш дастури амал қилиб келмоқда. 2005 йилдан 2015 йилга қадар ушбу ҳужжат доирасида РФга 367 минг нафардан зиёд киши кўчиб ўтди, уларнинг 22,1 фоизи – ўзбекистонликлар (РФ ҳукумати расмий  веб-сайтидан).

Қўшни Қозоғистонда 2016 йилда «оралман» (қозоқчасига – «қайтувчи») статусига 33 754 киши эга бўлди. Уларнинг 65,5 фоизи Ўзбекистондан келган, дея маълумот беради ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги. 1991 йилдан то 2017 йил 1 апрелгача жами 1 миллион одам Қозоғистонга қайтган.

Ватандошларни қандай қайтариш мумкинлиги ва лозимлигига ёрқин мисол – Исроил. СССР парчаланганидан кейин бу мамлакатга 1,2 миллиондан зиёд репатриантлар кўчиб келган, улар мамлакат аҳолисининг 15 фоизини ташкил қилади. Турли маълумотларга кўра, Исроилда ўзбек заминида туғилган 120 мингдан 160 минггача инсон истиқомат қилади.

Шу нуқати назардан, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондан чиқиб кетганларни республика тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишга чақириғи долзарб аҳамиятга эга. Ички ва ташқи сиёсатда кейинги йилда рўй бераётган катта ўзгаришлар жаҳонда Ўзбекистонга бўлган қизиқишни оширди. Мамлакатни тарк этган ватандошлар ҳам жонланиб қолишди. Улар ижтимоий-сиёсий соҳа модернизацияси, коррупцияга қарши кураш, валюта сиёсатининг либерализацияси борасидаги чора-тадбирларни қизиқиш билан кузатиб бормоқдалар. Энг юқори даражада эълон қилинган сиёсий ирода ҳам мавжуд.

Иқтидорларнинг хориждан қайтишлари учун қулай палла юзага келди. Бу вазиятдан оқилона фойдаланилса, Ўзбекистонда «ақллар оқими»нинг ташқарига эмас, балки ичкарига қараб «оқиши»га эришиш мумкин. Жаҳон тажрибаси кўрсатишича, бу борадаги саъй-ҳаракатлар учта йўналишни қамраб олиши керак: сиёсат, ҳуқуқ ва институционал соҳа.

Сиёсат соҳасида Ўзбекистонга ватандошларни қайтариш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати юзага келмоқда. Унда имтиёзлар ва преференциялар, ишга жойлаштириш учун устувор соҳалар ва минтақалар, аниқ муддатлар, масъул вазирликлар ва идоралар кўрсатилиши лозим. Янги кадрлар фақат пойтахтда эмас, балки вилоятларда ишлашлари, маҳаллий бошқарув тизимига янги руҳ олиб киришлари муҳим. Бу дастурни, муддатлар ва режалаштириладиган чоралар борасида, республикада амал қилаётган 2017–2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегиясига боғлаш мақсадга мувофиқдир.

Ҳуқуқий жиҳатдан ватандош-иммигрантлар учун фуқаролик олинишини енгиллатиш керак. Бунинг учун қонунчиликка ўзгартишлар, қўшимчалар киритиш талаб этилади. ХХР, Россия ва бошқа давлатлар тажрибалари кўрсатадики, ҳукумат учун энг катта қизиқишга эга бўлганлар – докторлик даражасига ва штат лавозимига эга донгдор олимларни қайтариш энг мураккаб иш бўлади. Уларнинг аксарияти, кўпи билан, ўриндошликка ва «бориб-келиб ишлаш»га рози бўлади. Бунинг учун эса, ўз навбатида, кириш-чиқиш тартиби ва керакли ҳужжатларни ҳозирлашни соддалаштириш лозим.

Институциявий муносабатлар борасида ҳукумат тузилмасида четдан иқтидорларни жалб қилиш ва уларни иш билан таъминлашга масъул муассасани ташкил этиш зарур. Навбатдаги бюрократик тузилмани таъсис этишдан четланиш учун, мамлакатимиз шароитида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига шундай ваколат бериш мақсадга мувофиқ – бу муассаса бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича салмоқли техник ва интеллектуал базага эга.

Ёлғиз отнинг чанги чиқмаслигини биламиз. Давлат идораларида, хусусий компанияларда ёки жамоат ташкилотларида юқори лавозимларни эгаллаган қайтувчилар бир лаҳзада Ўзбекистонни иккинчи Америкага айлантириб юборишларини кутиш хомхаёлликдир. Зотан улар раҳбарлик лавозимларини эгаллашлари, уларнинг топшириқларини ўша-ўша офис ходимлари бажариши кўзда тутилмоқда. Ижрочиларнинг тафаккурини ўзгартирмай туриб, юксак натижаларга эришиш қийин бўлади.

Анвар Арабов

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан