Рамзан Қодиров Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди

17.10.2017 | Ўзбекистон | 2948

16 октябрь куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров 17 октябрь, сешанба куни Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди, деб хабар берди«Mehrob.uz» нашрининг Facebook’даги саҳифаси.

Рамзан Қодиров ташриф асносида Имом Бухорий қабрини зиёрат этар экан, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Буюк аллома қабрлари пойида Қуръон оятларидан ўқилиб, дуо қилинди. Меҳмон мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътиборни юксак баҳолади.

Мажмуа ёнида бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг имкониятлари эътироф этилди.

Меҳмонлар ташриф давомида Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, буюк саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мангу қўним топган Шоҳи Зинда мажмуаси ва Регистон ансамблини ҳам зиёрат қилишди.

Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Чеченистон раҳбарини қабул қилган эди.