Байрам табриги: Самарқандга бутун дунёдан мактублар келмоқда

18.10.2017 | Ўзбекистон | 2500

Самарқанд шаҳри куни арафасида Амир Темур номидаги маданият ва истроҳат марказининг "Эсперанто" халқаро дўстлик тўгараги фаоллари "Самарқанд ҳақида сўз" номи остида халқаро мактублар кунини ташкил этишди.

Лойиҳада Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан қизиқувчи бутун дунёдан кишилар иштирок этишди.

"Мен Самарқандга сафаримни қувонч ва қониқиш билан эслайман. Бу маданият, архитектура, санъат ва тарихга бой ажойиб шаҳар!", — деб ёзади Рим шаҳридан Мария Карла Клауди.

"Мен 84 ёшда бўлсам ҳам Самарқанднинг архитектура гўзалликларига худди 8 ёшли қизиқувчан боладек меҳр билан назар соламан. Шарқ гавҳари Самарқандга, у ҳақда ўйлашга, орзу қилишга ва сўзлашга арзийдиган бу шаҳарга қайноқ саломимни йўллайман", — дейилади Бразилиянинг Барра-ду-Гарсас шаҳрида яшовчи Амарилио Хевия де Карвальюнинг мактубида.

Ўн саккизинчи октябр куни Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги нишонланди. Акция ташкилотчиларига мактублар келиши давом этмоқда.