Хуршид Даврон: Провокация кимга керак?

18.10.2017 | Блог | 3781

Тасаввур қилинг, Қозоғистон сайтларида бизнинг - ўзбек миллатининг қаҳрамонлари ҳақида, масалан, Мадаминбек ёки Иброҳимбек лақай ҳақида ғирт ёлғон, улар ҳақидаги миллий тушунчаларимизни бузиб ёзилган мақола эълон қилинса, биз уни қандай қабул қиламиз? Албатта, биз бундай мақолани икки қардош халқ дўстлигини бузишга қаратилган провокацион ҳаракат сифатида қабул қиламиз.

Худди, шунингдек, мабодо ўзбек интернет тизимида қозоқ халқи миллат қаҳрамонлари мақомида эътироф этган тарихий шахслар ҳаёти ва фаолияти нотўғри талқин этилган, уларни асоссиз қоралаган мақола эълон қилинса, бу ҳолатниям икки қардош халқ дўстлигини бузишга қаратилган провокацион ҳаракат сифатида қабул қилишимиз, бундай ҳолатга тезлик билан ўз муносабатимизни намоён этишимиз шарт.

Кеча асосан юртимизда яшайдиган руслар ҳаёти ва Россиянинг сиёсатини ёритишга қаратилган vesti.uz сайтида "НА КАЗАХСКИЙ МАЙДАН ПОНЕСЛИ ШИНЫ И КАНИСТРЫ" деб номланган провокацион мақола эълон қилинди. Мақолада қозоқларнинг икки миллий қаҳрамони: тарихда Кейки ботир номи билан қолган Нурмагамбет Кокембаев (қозоқча:. Нұрмағамбет Көкембайұлы; 1871 - 1923) ва Кенесари хон (қозоқча:. Кенесары Қасымұлы; 1802 - 1847) фаолияти фақат қора бўёқларда, фақат босқинчи Чор Россияси манфаатлари асосида шакллланган нуқтаи назар асосида ёритилди.

Энг даҳшати, мақолада миллий озодлик ҳаракати сифатида тарихимизда қолган 1916 йил қўзғолони мутлақо асоссиз равишда немис ва турк разведкаси томонидан уюштирилган ҳодиса сифатида кўрсатилган.

Кесилган боши Россиядаги Кунсткамерадан она юртига қайтарилган Кейки ботир ҳақида босқинчи Чор Россиясининг ҳозиргача тирик қолаётган шотирларининг ифлос қарашлари муаллифи кўрсатилмаган мақолада теран ифодасини топган. Тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатишнинг ёрқин намунаси бўлган ушбу иғвогарликни ўқиб, ёқа ушлайсан. Гўё Чор Россияси ҳамон мавжуддек, гўё Ўзбекистон билан Қозоғистон чорак асрдан бўён мустақиллликка эришмагандек, гўё 26 йиллик озодлик йўли ўтилмагану ҳамон сохта тарихга асос солган советлар тузуми давом этаётгандек.

Муаллифнинг нафрати мақоланинг ҳар бир жумласида бўртиб кўринади. Биргина мисол: "Голову по просьбе казахского правительства вернули на родину, восстановили облик нелюдя с помощью ученых из Венгрии, торжественно и с почестями похоронили, в Театре юного зрителя Аркалыка провели конференцию: «Кейкі батыр. Өмірі мен өлімінің тарихы». И даже показали спектакль из жизни уголовника".

Ўзбекистонда сўнгги йил давомида бошланган янгича сиёсат, миллий матбуотимиздаги тобора равнақ топаётган ошкоралик, қўшни давлатлар билан, қардош халқлар билан янги ижобий яқинлашиш палласида бундай чиркин мақолаларнинг пайдо бўлаётганидан кўзимизни юммайлик. Чунки бундай ҳаракатлар қадим Туркистон халқлари бирлигига, бугунги тинч ҳаётимизни бузишга қаратилганини англайлик.

Ўзбекистон Россия федерацияси билан дўстона муносабатлар тарафдори. Бундай қора ниятли мақолалар эса ўзаро муносабатларга жиддий путур етказувчи бадбин ҳаракатдир.

Vesti.uz сайтининг мутасадди муҳаррири Владимир Березовский бундан бир неча йил аввал - 2010 йилдаям айни иғвогарона фаолияти учун маҳкамага (судга) тортилган ва енгилгина жазо олиб қутилган эди. Шундан буён ҳам у ўз қабиҳ ниятларидан воз кечмагани яна ошкор бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, бундай манфур ниятлар асосида ёзилган мақола ўзбек интернет тизимида эълон қилинишига кескин қаршилигимизни билдиришимиз керак. Фақат шундагина бу мақолада ўзбекларнинг эмас, ҳатто юртимизда яшаб келаётган рус диаспорасининг ҳам эмас, Мустақиллигимизга қарши бўлган, чорак асрдан кейин ҳам уни қабул қилишдан ожиз бир тўда рус шовинистлари ва чулчут манқуртларнинг ифлос нияти акс этганини ошкор қилишимиз мумкин.

Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Даврон саҳифасидан