Бир йилда Доналд Трампнинг бойлиги 600 миллион долларга камайди

19.10.2017 | Жаҳон | 2513

CNN телеканали Forbes журнали эълон қилган янги рейтингга асосланиб хабар беришича, АҚШ президенти Доналд Трамп Американинг энг бадавлат кишилари рўйхатида 92 ўринга пастлаган.

Forbesс журнали АҚШ президентининг бойлигини 3,1 миллиард долларга баҳолаган. Доналд Трамп Америкалик энг бадавлат кишилариорасида 248 ўринда қайд этилган. Ўтган йили АҚШнинг биринчи миллиардер президенти 3,7 миллиард доллар билан 156 ўринни банд этган эди.

Доналд Трампнинг шахсий бойлиги ўтган йилги президентлик сайловидан бери муттасил камайиб бормоқда. Рейтинг муаллифлари буни жуда қимматга тушган президентлик кампанияси билан боғлашган.

Умумий рейтингда америкалик миллиардерларнинг умумий пул жамғармаларида ўсиш кузатилган. Энг бадавлат кишилар рўйхатини кетма-кет 24 йилдирки Майкрософт асосчиси Билл Гейтс 89 миллиард доллар билан бошқариб бормоқда. Кейинги ўринларни Амазон асосчиси Жефф Безос (81,5 миллиард) ва Уоррен Баффет (78 миллиард) банд қилишган.

Фейсбук асосчиси Марк Сукерберг 71 миллиард доллар билан 4 ўринда қайд этилган. Энг бой 400 америкаликнинг умумий бойлиги эса 2,7 триллион долларга баҳоланган.