Фан – кофирларнинг куфрона амали(ми?)

19.10.2017 | Таҳлил | 3629

Инсоният тарихи илмий, иқтисодий ва маданий ҳаётда турфа ютуқларга эришган ўрта асрларда ислом олами маърифат маркази бўлгани, маданиятда етакчи ўринда бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо бугунги кунда ислом олами фан борасида жуда қолоқликда қолиб кетди.

Ҳозирги замоннинг аксар мусулмон олимлари тарихда ”Исломнинг олтин асрлари” деб аталган даврларда яшаб ўтган мусулмонларнинг буюк илмий ихтиролари ва ютуқлари ҳақида кўтаринки руҳ билан ёзишади. Улар ўзларининг асарларида ўша даврнинг мусулмон олимлари тарафидан қилинган ихтиролар, ўша даврда ислом оламининг илм фанга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил ҳикоя қилишади.

Ислом олами ҳозирги замон тараққиётидан том маънода бир чеккада қолган бугунги кунда, кўпчилик мусулмонлар ўзларининг нигоҳларини улкан зафарлар, буюк ихтироларга бой, таҳсинларга лойиқ ишларни амалга оширган мусулмонларнинг ўтмишига қаратдилар. Аммо буюк тарихимиз ҳақида ёзаётган бу кишилар ислом оламининг тараққиёти, ҳайратомуз муваққиятидан кейин дуч келган инқирозининг сабаблари ҳақида сўз очмайдилар. Менимча улар охирги асрларда биз ботиб қолган қолоқлик асоратидан ўзларининг “буюк ўтмиш”ларини пеш қилиш билан тасалли олаётганга ўхшайдилар.

1991 йилда ўзининг “Ислом ва фан, диний таассуб ва оқиллик йўлида кураш” номли китобида нашр қилган фан ва исломнинг алоқалари ҳақидаги таҳқиқотларнинг муаллифи, Исломобод унивеситетининг профессори, покистонлик физик Парвиз Худбхои ўткизган сўровларнинг натижасига кўра, ер курраси аҳолисининг бешдан бири бўлишига қарамай, мусулмонларнинг жаҳон илм фанидаги ҳиссаси жуда оз, атиги 1% дан ҳам кам экан. Кичкинагина Исроилнинг ўзида ялпи мусулмон мамлакатларига қараганда 2 баробар кўп олимлар бор экан. Бу қанақаси? 8 асрдан 14 асргача, мусулмонларнинг 600 йил давомида илғор билимларга уйғун дунёқарашлари бугунга келиб жаҳолат исканжасида қолди?

Ушбу саволга жавоб излаб бир қанча мақолаларни титкилаб, ўзимча бир тадқиқот ўтказишга тўғри келди. Келинг, қизиқарли фактларга бой ўтмишимизга биргаликда бир назар ташлайлик.

Юнон манбалари

Менимча, ўтмишда ислом оламининг илм-фандаги равнақининг ҳозирда замондошларимиздан камдан-ками зикр қиладиган сабабларини зикр қилиш айни мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Биринчидан, мусулмонларнинг илм-фандаги ривожи асосан, уларнинг қадимги юнон мутафаккирларидан олган билимлари сабабли эди.Юнон маданиятнинг шарқда тарқалиши бошда Александр Македонскийнинг юришларидан бошланган ва юнонларнинг шарқда ўрнашишлари билан ёйилган эди. Кейинчалик 7-8 чи асрларда ислом лашкарларининг Форсдан тортиб, Шимолий Африкадан то Испаниягача бўлган ўлкаларни забт этганларида, уларнинг қўлларига Афлотун (Платон), Арасту (Аристотель), Писоғур (Пифагор), Димуқрит (Демокрит), Архимед ва бошқа олимларнинг кўплаб асарлари ўлжа сифатида тушган эди. Мусулмонлар кўплаб кутубхоналарни Ҳалифалик қошига ташиб келдилар. Қадимий қўлёзмалар кўплаб тўпланиб кетгани оқибат, уларни таржима қилиш марказларини ташкил этишга сабаб бўлди.

Иккинчидан, илм фаннинг гуркираб ривожланишига ҳалифаларнинг қўллаб қувватлашлари туртки бўлди. Мисол учун, Ҳалифа Маъмун тарафидан юнон илмларини жамлаш учун Бағдодда “Дорул- улум”номли улкан илмий марказ ташкил қилинган эди. Шу даврдан бошлаб у Ҳалифаликда илм-фанни ривожлантиришни ўз васийлигига олган эди. Ўрта асрлардаги ушбу илмий марказда араб тилига таржима қилинган дастлабки асарлар ичида александриялик астроном Клавдий Птоломейнинг (90-161) ҳозирда “Альмагест” дея машҳур асари бор эди. (“Буюк тартибот”ни англатувчи юнонча “Megiste syntaxis”нинг арабча номи “Ал-Мажисти”). “Ал-Мажисти” кейинги 500 йил давомида фазовий билимлар ривожининг асоси бўлиб келди.

Яна бир мисол- Мовароуннаҳр хукмдори Улуғбек. Бу одамда муваффаққиятнинг зарур гаровлари мужассам эди; илмий мақсади ва унга эришишни аниқ билган иқтидорли олим ва қудратли давлат хукмдори. Амир Темурдан қолган мол-мулкни Улуғбек илм фаннинг ривожига йўллади. Унинг ташаббуси билан илму-тафаккур марказларига айланган мадрасалар қурила бошлади. Бухоро, Самарқанд ва Ғиждувонда мадрасалар қурилди. Ғиждувондаги мадраса пештоқидаги пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Илм излаш ҳар бир муслим ва муслимага фарз” деган ҳадисининг ёзуви ҳанузгача сақланиб келади. 1417-1420 йилларда Улуғбек Самарқандда мадраса қуриб, унга ислом оламининг кўплаб мунажжим ва математикларини даъват этди.

Ўрни келганда шуни таъкидлаб ўтиш керакки, илм-фаннинг ривожланишига туртки бўлган яна бир сабаб, мусулмонлар ўз ҳаёти давомида ибодатда бардавом бўлиш бурчлари ҳамдир. Зеро, фақат Ислом динигина ибодатларни адо этишда астрономия билимларидан бохабарликни тақозо этади. Чунки мусулмон қаерда бўлмасин, “қибла”га, яъни Маккага юзланиб намоз ўқиши лозимдир. Мусулмон олимларига Ер куррасининг юмалоқлиги Магелланнинг дунёни айлана сафаридан аввалроқ маълум эди; бу билим уларга мусулмоннинг ер юзининг қайси нуқтасида бўлмасин, “қибла”га юзланишда қўлландиган жадвални тузишлари учун керак эди. Айнан шунинг учун ҳам мусулмонларнинг астрономия фанига бўлган эътиборлари юқорироқ бўлган.

Тарихдан маълумки, 12-14 асрларда ислом маданияти бутун дунёда энг илғор ўринда бўлган, ислом олами инсоният тараққиётида етакчи мавқеъни тутган. Ўша даврлар инсониятнинг илмий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан улкан ютуқларга эришган даври эди. Кейинчалик аҳвол ўзгара бошлади, афсуски мусулмон маданиятининг фойдасига эмас; ислом оламида 20 чи асрга бориб уни жаҳолат ботқоғига ботирган қолоқлиқ бошланди. Ақл-идрок ва тараққиётнинг ўрнига сафсата ва қолоқлик алмашди, диний таассубва жаҳолат ўзини ҳар томонлама намоён қила бошлади. Бахтга қарши, асрларча Европада ҳукмрон бўлган “Зулмат даври” ислом оламига кўчиб ўтди. Ислом олами ўзининг азалий рақиби бўлган насрониятга нисбатан нотавонроқ, ожиз ва жоҳилроқ бўлиб қолди. 19-20чи асрларга келиб Европа нафақат илмий жиҳатдан, балки иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ҳам устун эди. Бу мусулмонлар учун фожеага айланди. 19чи аср охирлари , 20чи асрга келиб Туркия ва Ҳижоздан (Макка ва Мадина) ташқари бутун ислом ўлкалари Англия, Франция (Африка шимоли ва Шом) ва Россия (Кавказ ва Ўрта Осиё) мустамлакасига айландилар.

Бесамар изланишлар.

“Ким айбдор?” – аҳвол оғирлашганда пайдо бўладиган оддий инсоний муносабат. Бу саволга мусулмон мамлакатларида кўпчилик жавоб излаган ва турфа жавоблар топган.

Одатда инсон ўз кулфатларининг сабабини ўзидан излагандан кўра ўзгани айблагани осонроқдир. Узоқ муддатлардан бери мўғулларни айбдор қилиш осон эди; 13 асрдаги мўғулларнинг хуружи мусулмон маданиятининг инқирозининг, заифлашишининг ва заволининг сабаби деб саналарди. Лекин бу далилнинг иккита заиф жойи бор. Биринчиси; мусулмон ҳалқлари, айниқса Эронда, буюк маданий ютуқларининг аксарига мўғуллар истилосидан олдин эмас, балки сўнгра эришган эдилар. Мовароуннаҳр салтанати ҳам тарих майдонида мўғуллар хуружидан сўнгра юзага келганди. Иккинчиси (буни тан олиш ҳам қийин, аммо инкор этиб ҳам бўлмайди); мўғуллар заволга юз тутган салтанатни енгган эдилар. Дарҳақиқат, ўтмишда нечоғлиқ қудратли бўлган Ҳалифалик салтанатининг Шарқий Осиё даштларидан келган кўчманчилар ўрдасига мағлуб бўлишини бошқача тушуниш қийин.

Салбчилар ҳақида ҳам, испан лашкарлари ҳақида ҳам(Кордовани қайта забт этилиши) шундай дейиш мумкин. Таъкидлаб ўтиш зарурки, ўзининг ривожланган маданиятига эга бўлмаган, йўлида учраганнинг ғоратини берган ёввойи мўғуллардан фарқли ўлароқ, салбчилар ва испан лашкарлари ўзларининг забтларида мусулмонларнинг илмий марказларини барбод этишмаган. Европаликлар салб юришларидан кейингина ниҳоят, ювина бошлаганлар, ҳаммом, совун ва ойнани таниганлар.

Француз ва инглизларнинг араб юртларида ҳукмдорлиги даврида (19-20 асрлар) Европа тимсолида яна битта айбдор топила қолди. Аммо инглиз-француз истилоси нисбатан қисқа бўлган ва ярим аср олдин барҳам топган эди. Иккинчи Жаҳон Урушидан сўнгра ёвузлик роли Европадан Америкага ўтди. Айбни Америкага тўнкаш анча қулай келди, бироқ Британия ва Франциянинг мисолидагидай, анча заиф чиқди. Мўғулларнинг зафари каби, араб юртларининг инглиз-француз истилоси ва Американинг таъсири остида қолиши ҳам, мусулмон мамлакатларининг ички заифликларига сабаб эмас, балки ички заифликларининг натижасидан эди (балки ички заифликлари сабабли эди). Айтганча, қачонлардир Британия хукми остида бўлган бу давлатларнинг баъзилари бугунги кунда ривожланишда улкан сакрашлар қилди. Бунинг яққол далиллари-Малайзия, БАА, Қатар.

Назаримда, юқоридаги “баҳона”лар ҳеч қондай танқидга дош беролмаса керак. Шубҳасиз, мўғуллар босқини, салб юришлари ва ғарб мустамлакачилиги жуда катта зиён келтирган, лекин бари ўз замонасида. Салб юришлари тугаганига ва мўғуллар босқинидан саккиз аср ўтди, мустамлакачилик даври эса ярим аср олдин тугади. Мисол учун, Ҳиндистон 300 йил Британия ҳукмронлиги остида қолди, ҳозирги замонда эса, фанда программа таъминоти соҳасида иккинчи ўринда туради. Япониянинг мустамлака ҳукмронлиги остидан яқиндагина қутулиб чиққан Жанубий Корея ҳозирда юқори технологиялар соҳасида етакчи ўринни эгаллаган. Ички ялпи маҳсулот ҳажми бўйича дунёда иккинчи саналаётган Хитой давлати юз йил олдин ғарб мустамлакаси зулми ва япон ҳарбий асорати остида эди. Мустамлакалик насибасини тотган Сингапур, Тайвань, Гонконг ҳам ҳозирда юқори ривожланган мамлакатлардир. Қиёс учун, маориф борасида Сингапур баъзи бир Европа давлатларидан олдинда. Ажаб факт; урушдан сўнгги йилларда Миср ва Япония ривожланиш даражасида тенг бўлган, бугун Миср қай даражада, гапиришга ҳам арзимайди.

Бегуноҳ

Айбни осонликча бировга тўнкаб қўйиш мусулмонлар жамиятининг ўзининг асосларини заифлаштиради. Мусулмонлар жамиятининг асосларидан бири диндир, яъни Исломдир. Исломни айблаш нотўғри. Ватиканнинг амри билан олимларни оловда ёққан, ҳурфикрлиларни таъқиб этган ва мазҳаблараро қирғинлар қилган Европадан фарқли ўлароқ, ислом олами маданият ва тараққиёт марказига айланган эди. Мусулмонлар исломнинг айнан илк даврлариданоқ юнонлардан мерос қолган билимларнинг ривожини давом эттирдилар, ҳўжаликнинг янги соҳаларини туздилар, фабрикалар қурдилар. Тижорат эса мисли кўрилмаган даражада ривож топди. Ислом жамиятининг маълум даражада ҳурфикрлилик ва сўз эркинлигига эришиши ислом диёрларига қувғин яҳудийларни ва ҳурфикр насронийларни жалб қилди.

Айни замонда айбни бировга тўнкаб қўйиш давом этмоқда (мўғуллар, мустамлакачилар, яҳудийлар, Америка…) ва ҳали бери бунинг адоғи кўринмайди. Бу гаплар Яқин Шарқнинг катта қисмини бошқараётган нўноқ ва мустабид ҳукуматлар учун ўзлари бартараф этолмаган қолоқликларнинг сабабларини тушунтириш учун тайёргина баҳона холос. Мусулмон оммаси учун эса бу қандайдир бир тасалли бўлиб ҳизмат қилади. Бирор бир арабдан, “нега сизларда илм фан ривожланмаяпти” деб сўрасангиз, у дарҳол сизга “буюк фитнанинг” мавжудлигини рўкач қилади. Эмишки, бунга Ғарб тўсқинчилик қиляпти. Бироқ бундай изоҳ мантиқсиздир; Ғарб тўсқинчилик қилади дейилаётган Малайзиянинг мисоли ўзигина бу далилнинг асоссизлигини исботлайди. .

Аслида иш қандай бўлган эди? Кўриниб турибдики, бу саволга жавоб – осонгина бировни айбдор қилиб қўйиш бўлиб қолган, кўпчилик тарихчию олимлар ҳам бу иллатдан холи эмаслар.

Ўзимнинг изланишларимда англашимча, айбдорни излаш ва муҳокама қилиш билан машғул кўплаб ақллар битта тарихий воқеъликни назардан четда қолдирмоқдалар. 11 аср охирида замонанинг етук мутафаккирларининг илғор дунёқарашларига қарама-қарши ўлароқ билим, фандан воз кечишни тарғиб қиладиган ва ҳур илмий тафаккурга қарши чиқадиган руҳонийларнинг нуфузи ошиб борди. Ушбу йўналишнинг йирик вакилларидан бири Муҳаммад Ғаззолий(1058-1112) эди. Ислом оламида илм-фаннинг инқирозининг сабабларини ўрганишда унинг фаолияти ва асарларини зикр этмаслик мумкин эмас. Изланувчиларнинг Имом Ғаззолийга қарашлари хилма-хил, уларни шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳ Имом Ғаззолийни фалсафанинг, моддийликнинг, фан ва тараққиётнинг ашаддий душмани деб биладилар. Бундай фикрдаги файласуф ва шарқшунослар Имом Ғаззолийнинг “Файласуфларга раддия” китобига жавобан “Раддияга раддия”ни ёзиб, унда Имом Ғаззолийни қаттиқ танқид қилган Ибн Рушд таъсиридаги гуруҳдир.

Иккинчи гуруҳ Имом Ғаззолийни буюк ислом илоҳиётчиси, ислом дини усулчилигининг ҳимоячиси деб биладилар. Бу гуруҳга, исломнинг асосларига раҳна солувчи эътиқоддан ҳимоя қилиш ва динни сафсата илоҳиётдан (илми калом) тозалаш учун ёзган, ҳаётидаги асосий бўлган “Иҳё улумид-дин” асарини кўрсатиб, Имом Ғаззолийни ислом ҳимоячиси сифатида танитувчи дин уламолари киради.

Зикр қилиб ўтганимиздай, ўша давргача қадимги юнон олимларининг кўпгина асарлари араб тилига таржима қилинган эди. Илмий тафаккурнинг ривожланиши, хусусан қадимги юнон фалсафаси ва мантиқи таъсири остида, ҳукмрон синфларнинг ғоявий вакиллари – мусулмон мутакаллимларини ақл-идрок, ҳурфикрлик ва юксалишга қарши курашда ақл ва мантиқдан фойдаланишга мажбур қилиб қўйди. Хуллас, душманнинг қуролини ўзига қарши ишлатиш демак.

Ибн Сино ва Имом Ғаззолийларнинг замонида мусулмон Шарқида файласуфларнинг ва илоҳиётчиларнинг ғоявий қарама-қаршиликлари ўзининг чўққисига чиқди; Имом Ғаззолий ўзининг “Файласуфларга раддия” китобида фалсафанинг динга хавф соладиган масалаларини ажратди. Унинг диний ақидаларни нақадар қизиққонлик билан ҳимоя қилиши, унинг сабабият қонуниятига бўлган муносабатларидан маълум. Бу ерда у фалсафанинг мантиқан рад этиб бўлмайдиган масалаларидан бирида рақибларини енгмоқчи бўлади. Имом Ғаззолий, табиатда сабабият ва ундан келиб чиқадиган ривожланиш қонуниятига қарши чиқиш керак, чунки бу масалага моддий ёндашиш , яратилиш қонунларида фавқулодда кучларнинг иштирокини инкор этади деб ҳисоблайди. Имом Ғаззолий сабабият қонунияти яратилишда ҳар қандай фавқулодда иштирокни инкор этишини аниқ тушунди. Агар иккита нарсадан бири иккинчисининг пайдо бўлишига сабаб бўлса, худонинг роли қаерда қолади? Имом Ғаззолийнинг фикрича, масалага моддий – илмий ёндашиш худони сабаб ўлароқ инкор қилишга олиб келади. Шунинг учун Имом Ғаззолий ўзининг фикр юритишларида кескинликка борган, ҳаттоки олов билан тўқнашганда пиликнинг ёнишининг сабабини ҳам инкор этган. У, файласуфларнинг ёнишнинг сабабини тушунтириб берадиган ишончли асослари йўқ; “Уларнинг олов билан тўқнашганда, ёнишни кузатишдан бошқа келтирадиган бир далиллари йўқ” дерди.

Ғаззолийга кўра, барча табиий жараёнлар илоҳий иродада кўзда тутилган, шу илоҳий ирода ҳоҳлаган лаҳзасида бузиб ташлашга қодир бўлган бир тартибга бўйсунади. Материяга нисбатан ҳар қандай ташқи қонун – қоида ва заруратлар мавжудлиги ҳақидаги барча гоялар бекордир.

Ақл-идрокка қарши курашда Имом Ғаззолий диний ақидани мантиқ ва фалсафа илми ёрдамида илмий асослаб беришга тиришди. Имом Ғаззолий фалсафани мусулмон диний таълими тизимига киргизиб, илоҳиётга хизматкор қилиб кўйди.

Шундай қилиб, ақл-идрок билан ақидапарастликнинг ўртасида кечган шиддатли кураш ақидапарастликнинг фойдасига ҳал бўлди. Натижа ҳам узоқ куттириб қўймади. Руҳонийлар ҳурфикрлиликни, мантиқ ва натижа-сабабнинг алоқаларини излашни тақиқлаб қўйдилар, ваҳоланки буларсиз фаннинг тараққиётини тасаввур қилиб бўлмас эди. Ўқув дастурларидан илоҳиётдан бошқа барчаси чиқариб ташланди. Илм-фаннинг ўрнини диний таассуб эгаллаган мадрасалардан энди физик, математик, астроном, химик ва биологлар етишиб чиқмай қўйди. Ислом диёрларида илм фанга қаттиқ зарба берилган эди, натижада илм-тафаккур билан шуғулланиш тезда йўққа чиқди.

Ўз вақтида Малайзиянинг собиқ бош вазири Муҳозир Муҳаммад айтган эди; “Илм, – шариат дарсларини ўрганиш чегарасидан ташқарига чиқмаслиги керак дегувчи ўзлари талқин қилган исломни ёя бошлаган руҳонийларнинг юзага келиши билан ислом диёрларида илм-фан заволга юз тутди.”

Таъминотсизлик

Ислом диёрларида илм фаннинг заволининг сабабларидан бири, унинг ҳалифалар тарафидан қўллаб қувватланишининг тўхтатилиши дейиш мумкин. Ислом диёрларида илм фаннинг ривожланиши ҳалифалар ва султонларнинг қўллаб қувватлашига боғлиқ эди. Олимларнинг ҳомийлари султонлар бўлиб, айнан ўшалар илмий марказлар қурилишига маблағлар ажратардилар, машҳур илм дарғаларини жалб этардилар. Ҳалифалик илм фан ўчоғига айланишига катта куч сарф қилган олдинги ҳалифалардан фарқли ўлароқ, кейинги ҳалифалар маишатпарастлик, кайфу сафога берилиб кетдилар. Энди уларнинг саройларида мутафаккирлар, олимлар, шоирлар ва тарихчиларга жой йўқ, уларнинг саройлари қимматбаҳо безакларга, олтин ва қимматли кийим кечакларга тўлиб тошган. Аммо бу “ширин ҳаёт”нинг тўлови қимматга тушди. Мўғулларнинг босқинига Аббосийларнинг ҳалифаси қарши тура олмади. Душманга енгилиб, ўзи ҳам уларга асир тушди. Ҳибсдаги ҳалифа емоқ сўради. Шунда унинг олдига олтин ва қимматбаҳо тошлар тўла товоқни келтириб қўйишди. Бунга қараб ҳалифа, “буни қандай еб бўлади?” деганда, мўғулларнинг бошлиғи Хулагу, “Агар сен шуларнинг ҳаммасини аскарларга сарфлаганингда эди, бизга асир тушмаган бўлардинг.” деган эди.

Бизнинг замондошлар ҳам ушбу ҳалифадан ўтар жойи йўқ. Ҳозирги ҳокимлар фаннинг ривожланишига ёрдам беришнинг ўрнига маблағларни ноўрин жойларга сарфлайдилар. Бунга мисол яқиндаги янгиликлардан бири. “Ўтган йили жаҳон оммаси Ле Буржедаги авиасалондан тарқалган хабардан ҳаяжонга тушган эди. Ўзини ошкор этмаган бир харидор ўзига учар сарой ясаш учун Airbus A380га буюртма берган. Ўшанда “Бизнес-Стиль” журнали, афсуски бу бахтли харидорнинг исми номаълумлигича қолади деб ташвишга тушган эди. Қанчалар янглишган эканмиз! Араблар ўзларининг зарбулмасал бўлгулик сарф харажатларидан фахрланадилар ва буларни ҳеч сир тутмайдилар. A380нинг сирли харидори шаҳзода Ал-Валид ибн Талал ибн Абдул Азиз ас-Сауд бўлиб чиқди. Олтин суви юритилган “ Airbusга”га шаҳзода икки йилларда етишиши мумкин. Бироқ ҳозирданоқ бу улкан учқичга киритиладиган ўзгартиришлар ҳақида илк тафсилотлар маълум бўлмоқда. Булардан энг қизиқарлиси шаҳзоданинг учқичини кўрганнинг кўзига ташланадигани! Ҳаво очиқ пайтда ерда турубоқ бошингиз узра Ал-Валид ибн Талал ибн Абдул Азиз ас-Сауд учиб ўтаётганини англаб оласиз. Учқич офтоб нурларидан ярқираб туради – шаҳзода ўзининг аэробусини ҳақиқатдан ҳам олтин билан қоплатиб чиқмоқчи. Учқичнинг танасини тилла билан қоплаб чиқиш бу араб ҳашамат шайдосига $ 58 миллионга тушар экан. А380 нинг ўзига эса шаҳзода 300 миллион доллар тўлаган. Мутахассисларнинг фикрича, киритиладиган ўзгартиришларга яна шунча маблағ кетади.”

Хотима

Ислом оламининг тарихини варақлаб шундай хулоса қилиш мумкинки, илм фан ҳокимиятда анча илғор одамлар бўлганда ривожланган. Уларнинг даврида фан юксалишда эди. Улар ҳалифаликни “илмий тафаккур ва юксак маданият” марказига айлантирган эдилар. Уларнинг бошқарув даври тарихда “Исломнинг Олтин Даври” сифатида ёдда қолади. Давлат бошида зиёли одам бўлганда, ислом маданияти гуллаб яшнаган. Мовароуннаҳрни Улуғбек бошқарган даврда, айниқса пойтахт, маданий юксалишда авжга чиқди, буни 9 аср, “олтин аср” билан тенглаштириш мумкин эди. Улуғбек Самарқандни Ўрта Асрлардаги илм фан марказларидан бирига айлантирди. 15 асрнинг биринчи ярмида бу ерда Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи каби мунажжим ва риёзиётчилардан иборат бутун бир илмий мактаб юзага келди. Бу даврда Самарқандда, Марказий Осиё тарихи ҳақида ажойиб асар ёзган тарихчи Хофиз Обрў, машҳур табиб Мавлоно Нафис, шоирлардан Сирожиддин Самарқандий, Саккокий, Лутфий, Бадахшийлар яшаган эдилар.

Улуғбекнинг вафоти билан Мовароуннаҳрда ҳам илм фан заволга юз тутди; Самарқанд ўзининг аввалги шуҳратини йўқотди, буюк олим ҳам фанога юз тутди. Энди бу ерда олимлар туғилмай қўйди ва буюк кашфиётлар ҳам қилинмас бўлди. Шундай қилиб қачонлардир шуҳрати бутун дунёга ёйилган Самарқанд жаҳон маданиятининг ривожланиш маркази бўлганлиги қўлдан кетди.

Руҳонийлар сиёсий нуфузга эришиши билан олимларнинг бошлари танларидан жудо бўла бошлади. Улуғбекнинг ўлими бунга яққол далил – айнан уламолар уни сеҳр жодуда айблаб калласини олган эдилар. Улуғбекнинг тириклигидаёқ у ўтказган маданий ва давлат ислоҳотлари мусулмон руҳонийлари томонидан ашаддий тўсқинчиликларга учраган эди, унинг фожеавий ўлимидан сўнгра эса руҳонийларнинг таассуби авжига минди.

Улуғбекнинг ўлимидан сўнгра таълим соҳасига чуқур ўзгаришлар киритилди. Болаларни эски мактабларда ўқитиш 6 ёшдан бошланарди. Улар араб алифбосини ўрганишарди, сўнгра ҳафтиякни ҳижжалаб ўқий бошлашарди. Болалар ўзларига тушунарсиз бўлган арабча матнни тушунмай, уни ёдлашарди, лекин воқеан бесаводлигича қолишаверарди. Ўзига тўқроқ одамларнинг болалари мактабдан мадрасаларга ўтишарди. У ерда асосан араб тили грамматикаси, ақида ва фиқҳ илми ўқитиларди. Мадрасаларнинг талабалари пастки, ўрта ва юқори бўлимларга бўлинган бўлиб, ҳар бир бўлимда ўқиш муддати 8 йил давом этарди. Камбағалроқ оилалардан чиққан талабалар очлик, муҳтожлик исканжасида эдилар. Восифий ўзининг хотираларида очликдан ўлган икки талаба ҳақида ёзган. Талабалар орасида баъзи бир манфур муллаларга қарши чиқишлар ҳам бўлиб турар эди. Муҳаммад Толиб Бухоро мадрасалари талабаларининг шундай чиқишларини васф қилган.17 18 асрларда маданият ва илм фан мусулмон руҳонийлари, айниқса сўфийлик тариқатлари таъсири остида бўлган. Бу даврда энди биз йирик олимларни учратмаймиз. Ўрта Осиё халқлари оз мунчамас ҳиссаларини қўшиб ривожлантирган аниқ фанлар, табиий фанлар йўқотилган эди. Бухоро мусулмон руҳонийларининг таянчига айланган эди.

Илму ирфонга қарши курашда ғолиб чиққан диний таассуб замонамиз руҳонийларининг орасида ҳам ҳукмрон. Ислом оламидаги илм фаннинг ҳозирги аҳволига назар солсангиз, юқорида айтиб ўтилганлар бугунги кунда ҳам давом этаётганини пайқамай иложи йўқ. Руҳонийларнинг ва омманинг мутаассиб қисмининг илм фанга бўлган муносабати ўша ўша; ақли норасоларча илму ирфонни рад этиш . Улар замонавий технологиялардан фойдаланишни истайдилар, аммо охиратда фойдаси йўқ деб илм фан билан шуғулланишдан жирканадилар. Кўпинча уларнинг оғзидан “Алҳамдулилло, биз учун кашфиётлар қилиб беришяпти, биз эса вақтимизни ибодатга сарфлаяпмиз” деган гапларни эшитиш мумкин. Улар, Қуръоннинг оятлари ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадислари илм деганда фақат шариат илмларини назарда тутади деган ғояни илгари сурадилар. Мутаассиблар назарида илм фан “ғарбники” бўлганлиги, илм фанда Ғарбга эргашиш зарурлигини рад этиш учун унга қарши чиқишади. Уларнинг фикрича, бу йўл анъанавий диний қадриятларнинг емирилишига ва моддапарастликнинг ёйилишига олиб келади.

Максат Курманалиев

expertonline.kz