Ҳарбий хизматни ўтаган йигитларга имтиёз берилиши аёллар ҳуқуқини бузадими?

20.10.2017 | Блог | 3051

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 31 майда қабул қилинган Қарорига кўра (2017 йил 10 апрелда ўзгартириш киритилган), 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлашда республиканинг барча олий таълим муассасаларига киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар. (2017/2018 ўқув йилидан аввал мазкур қарорга асосан тўплаш мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилар эди.)

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаганларга нафақат олий ўқув юртларига киришда имтиёзлар, балки улар ўқишга киргач, тўлов-шартнома асосида ўқиётган бўлса, шартнома тўловларини тўлашга ёрдам бериш бўйича ҳам айрим имтиёзлар белгиланган (Қаранг: Ўзбекистон «Камолот» Ёшлар Ижтимоий Ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта Махсус Таълим Вазирлигининг Қарори).

Аёллар ҳарбий хизматга бориши мумкинми?

Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунининг 4 моддаси ҳарбий хизмат турлари ҳақида бўлиб, у ҳарбий хизмат фуқароларнинг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида тури эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, моддага кўра, ҳарбий хизматнинг қуйидаги турлари мавжуд: [1] муддатли ҳарбий хизмат; [2] сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат; [3] контракт бўйича ҳарбий хизмат; ва [4] Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Юқорида тилга олинган биринчи (муддатли ҳарбий хизмат) ва иккинчи турдаги (сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат) ҳарбий хизматга тинчлик даврида фақат қуйидаги талабларга жавоб берадиган фуқаролар жалб қилиниши мумкин:

[1] Ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган;

[2] Саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли;

[3] Эркак фуқаролар чақириладилар.

Тўртинчи ҳарбий хизмат тури ҳам фақат эркаклар учун мумкин, чунки резервчилар хизмати фақат ҳақиқий ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақируви резервдаги хизматни ўтаганлардан ташкил топади. Учинчи турдаги (контракт бўйича) ҳарбий хизматни ўташ учун эркак бўлиш шарти қўйилмаган. Демак, аёллар контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташлари мумкин.

Контракт бўйича ҳарбий хизмат нима?

Қонуннинг 7 моддасига биноан, контракт бўйича ҳарбий хизмат Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир.

Аммо юқоридаги Президент Қарорида олий таълим муассаларига ўқишга киришда бериладиган имтиёз фақат муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга берилади дейилган. Хуллас, контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган аёллар бу имтиёздан бебаҳра. Демак, ўз-ўзидан аён бўладики, ўқишга киришда қўшимча балл берувчи имтиёзни олиш учун абитуриент фақат эркак жинсига тегишли бўлиши керак.

Бу аёллар ҳуқуқини бузадими?

Маълум бўлдики, Ўзбекистонда аёллар ҳамда жисмоний ва бошқа айрим сабабларга кўра ҳарбий хизматга ноқобил деб топилган эркаклар ҳарбий хизматга бормайди. Натижада юқорида тилга олинган имтиёз сабабли улар ва ҳарбий хизматга борган фуқаролар ўртасида таълим олиш ҳуқуқи бўйича ноихтиёрий тенгсизлик юзага чиқади.

Шундай экан, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга ўқишга киришда бошқалар ҳисобидан имтиёз берилиши фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилига принципини ва жинсига кўра дискриминацияга учрамаслик ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланадими?

Бу масалада хизматга бора олмайдиган аёллар кўпроқ нотенгликка дучор бўлишини ҳисобга олиб, қуйида ушбу ҳолатнинг аёллар тенгҳуқуқлигига қай тарзда таъсир қилишини таҳлил қиламиз.

Қонунда шундай дейилади:

«Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлашда республиканинг барча олий таълим муассасаларига киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар».

Бу дегани, ҳарбий хизматни ўтаган ва тегишли тавсияномага эга бўлган йигитларга қабул имтиҳонларида қўлга киритган балларининг тенг ярми шу тўплаган балларининг устига қўшиб берилади. Натижада бу номзодлардан билими кўпроқ бўлган, аммо шу 50 фоизли қўшимча баллдан кўпроқ балл олмаган бошқа абитуриентлар ўз-ўзидан пастга тушиб кетади.

Бундай тенгсизликка кўпроқ аёллар дуч келиши табиий. Чунки улар хоҳлаган тақдирда ҳам ҳарбий хизматга бора олмайди ва ноихтиёрий равишда ушбу имтиёз қурбонига айланади.

Бундан ташқари, бу имтиёз билимлироқ абитуриентларнинг ўқишга кира олмаслигига сабаб бўлиши эҳтимолини ошириши туфайли малакали кадрлар тайёрлаш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида аёл ва эркаклар сони ўйича номутаносиблик мавжуд. Кўплаб ривожланаётган давлатларга қараганда бу борада Ўзбекистон кўрсаткичлари яхши бўлсада, ижтимоий фанлар, бизнес, ҳуқуқ (муаллиф Тошкент Давлат Юридик Университетида потокда 52 та эркак ва муаллифни ҳам ҳисобга олганда атига 4 нафар аёл талаба орасида таҳсил олган), фан ва технология соҳаларида аёллар эркакларга нисбатан камчиликни ташкил этади (ҚАРАНГ: Ўзбекистонда аёллар мавқеи (Инглиз тилида)). Таълимнинг бу йўналишларида аёллар сонини кўпайтириш ва жинсий тенгликка эришиш учун аёлларга алоҳида имтиёз берилиши ва рағбат кўрсатилиши лозим. Аксинча, барча соҳаларда ҳарбий хизматни ўтаганлар учун кенг ва чекловсиз имтиёз берилиши аёллар сони кам бўлган йўналишларда жинсий номутаносибликни янада кенгайтириб юборади.

Аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги бўйича халқаро нормалар

Халқаро ва миллий қонунлар тан олган инсон ҳуқуқлари тамойилларига кўра, жамиятнинг ҳар бир соҳасида эркак ва аёллар тенг ҳуқуқлидир. Ирқи, миллати, жинси, эътиқоди, тили, сиёсий қарашлари, ижтимоий шароитидан қатъи назар, дискриминация-камситилишларга учрамаслик ҳар бир шахснинг узвий ҳуқуқи ҳисобланади.

Дискриминация тушунчаси тўрт халқаро конвенцияда тилга олинган. Булар ЮНEСКОнинг Таълимда камситилиш (дискриминация)га барҳам бериш тўғрисидаги, Ирқий камситилишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги ҳам Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 111 Дискриминация ҳақидаги конвенцияларидир. Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатларнинг барчасини «талабларини бажарамиз» дея ратификация қилган.

Юқоридаги саналган ҳар бир конвенция, жумладан, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция уни ратификатися қилган давлатларга шахслар ва ташкилотлар томонидан аёлларга қарши дискриминация қилинишига йўл қўймаслик, бу қоидани Конституция ва миллий қонунларда мустаҳкамлаш ҳамда дискриминация қилувчи қонунлар, одатлар ва амалларни бекор қилиш мажбуриятини юклайди.

Ўзбекистон Конституцияси, гарчи сўзма сўз ёзилган «аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир» ифодасига эга бўлмаса ҳам, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини тўла эътироф этади.

Аввало, аёл ва эркаклар ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик нима деган саволга тўхталсак.

Тарихга назар соладиган бўлсак, патриархиал ғоялар устун бўлган жойларда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари топталиши ҳолатлари кўп учраган. ХХ асрга келиб, бундай ҳуқуқбузарликларга халқаро миқёсда чек қўйиш мақсадида Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари Декларацияси ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа кўплаб халқаро конвенциялар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар давлатлардан ўз ҳудудида аёллар ва эркакларга нисбатан нафақат тенг муносабатда бўлишни, балки жамиятда тўла ва табиий жинсий (гендер) тенгликка эришилмагунча тарихан ҳуқуқлари поймол қилиниб келган гуруҳ – аёлларга нисбатан имтиёзлар, эркинликлар ва енгилликлар берилишини ҳам талаб қилади.

Бундан ташқари, аёллар ва эркаклар учун бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш деганда уларга икки жинснинг физиологик ва жинсий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда бир хил муносабатда бўлиш тушунилади. Масалан, аёллар жисмонан эркакларга қараганда заифроқ ёки аёллар эркаклардан фарқли ўлароқ она бўлиш хусусиятига эга. Аммо аёлларнинг бу табиий хусусиятлари уларнинг жамиятдаги барча ҳуқуқ ва эркинликларидан тўла ва эркин фойдаланишларини чеклаб қўймаслиги керак; балки айнан шундай хусусиятларга эгалиги туфайли уларга қўшимча имтиёзлар берилиши керак.

Шу ўринда ҳарбий хизматга аёлларнинг чақирилмаслиги ҳам аёлларга нисбатан нотенглик эмасми, деган савол туғилиши мумкин. Кўплаб давлатларда аёллар ҳам ҳарбий хизматга бориши мумкин, ҳатто бу айрим давлатларда мажбурий ҳам. Шундай бўлишига қарамасдан, шу пайтгача аёллардан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувларда фойдаланишга кам давлатлар рухсат берган бўлиб, қолган давлатларда баҳсли мавзу ҳисобланади.

Айримлар аёлларнинг ҳарбий хизматга чақирилмаслигини уларга нисбатан берилган бир имтиёз сифатида ҳам тушуниш мумкин. Аммо бу уларнинг таълим олиш ҳуқуқи бузилиши эвазига бўлмаслиги керак.

Ҳарбийлар учун турли имтиёзларнинг берилиши кўплаб давлатлар амалиётида учрайди. Лекин у оддий фуқаролар ҳуқуқларини чеклаш орқали амалга оширилмаслигига алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистонда ҳам бу масаланинг ҳуқуқий нуқтаи назардан нотенгликка сабаб бўлаётгани қайта ўрганиб чиқилиб, бундай нотенглик ва дискриминацияга чек қўйилиши лозим. Мазкур имтиёз бутунлай бекор қилиниши керак ёки уни бошқа фуқаролар ҳуқуқига дахл қилмайдиган шаклдаги имтиёз билан алмаштириш керак.

Имтиёз олишга кўпроқ ким ҳақли?

Ҳарбий хизматга борган йигитлар ўзларини ватан ҳимояси учун бағишлайди ва бу йўлда, керак бўлса, жонини ҳам гаровга қўяди; шунинг учун уларга махсус имтиёз ёки мақом берилиши тўғри, деб ҳисобловчилар ҳам бор. Аммо аёлларнинг ҳомиладорлик даври ҳамда бола парвариши билан шуғулланишга сарфлаган вақти ҳам аёллардан катта йўқотиш ва қурбонлик талаб қилади.

Масалан, бола парваришлаш уларнинг таълим олиш имкониятлари ва карерасини чеклаб қўйиши мумкин. Ўзбекистонда ҳарбий хизматнинг энг узоқ муддати 12 ой бўлса, аёлларнинг 9 ой ҳомиладорлик даврини, ундан кейинги бола парваришлаш давомида кечирган қийинчиликларини ватан учун ҳарбийларникидан кам бўлмаган хизматга қиёслаш мумкин.

Шунинг учун муаллиф олий ўқув юртларига қабул учун бериладиган имтиёзга ҳарбийлар эмас, балки кўпроқ фарзандли оналар ҳақли деб ҳисоблайди. Икки нафар фарзанди бор оналарга янада кенгроқ имтиёз берилиши, масалан, уларнинг таълим олишлари тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши керак.

Демак, ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга олий ўқув юртларига киришда бериладиган имтиёз қуйидаги ҳолатлари билан халқаро нормаларга зид келади:

Абитуриент қизларнинг ҳуқуқларини тўғридан тўғри бузиши оқибатида Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга;

Аёлларнинг олий таълим олиш имкониятини чеклаб, натижада меҳнат бозорида аёллар ва эркаклар ўртасида нотенгликни юзага чиқариши сабабли Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 111 Конвенциясига;

Аёлларнинг ҳуқуқларини таълим соҳасида чеклаши туфайли ЮНEСКОнинг Таълимда камситилиш (дисриминация)га барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясига.

Бундан ташқари, мазкур имтиёз Ўзбекистон Конситуцияси, «Таълим тўғрисида»ги қонунОлий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом ҳамда бир неча миллий қонунларга ҳам зиддир.

Муаммони ечиш учун давлатга икки йўл

Мазкур масалани ечиш учун давлат олдида учта йўл мавжуд:

  • Аёлларнинг ҳам муддатли ҳарбий хизматга (ва қолаверса бошқа турдаги ҳарбий хизмлатларга) боришни йўлга қўйиш. (Туркия, Ҳиндистон, Эстония, АҚШ, Денмарк ва бошқа бир қатор давлатларда аёлларнинг ҳарбий хизматни ўташи йўлга қўйилган.) Бунинг учун «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонун ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиб, аёлларнинг ҳарбий хизматга бориш ҳуқуқини кафолатлаш ҳамда аёлларнинг ҳарбий хизматни ўташи учун ташкилий жиҳатларини таъминлаши лозим. Бундан ташқари, Ўзбекистон тарихида аёллар муддатли ҳарбий хизматга бормаганлигини инобатга олиб, уларнинг ҳарбий хизматга бориши учун моддий, ижтимоий ва бошқа қулайлик ва енгилликлар бериш каби имтиёзли ҳаракатларни (инглиз тилида “affirmative action” дейилади) йўлга йўқиши лозим. Шунингдек, аёллар ўз хоҳишларига кўра ҳарбий хизматни ўтамоқчи бўлсада, оиласи аъзолари, айниқса ота-онаси ёки эркак қариндошларининг қаршиликларига (патриархал босим) дуч келиши эҳтимолининг юқорилигини ҳисобга олиб, аёлларнинг ҳарбий хизматга боришига қаршилик қилишни маъмумий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят деб қонун нормаларида белгилаш (Масалан, аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш Жиноят Кодексининг 136- моддасига кўра, жавобгарликка тортилади).
  • Ҳарбий хизматни ўташ учун кўпроқ фуқароларни жалб қилиш мақсадида уларга бошқа фуқаролар ҳуқуқига дахл қилмайдиган шаклдаги имтиёз билан алмаштириш ва бу имтиёзларни халқнинг иродасини ифода этадиган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларининг овози орқали Қонунда белгилаш. Имтиёзлар берилишидан аввал бундай қонунчилик нормасини фуқароларнинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилмаслигини олдини олиш учун чуқур юридик текширув ва таҳлилдан ўтказиш лозим.

2.Фақат эркак жинсига афзаллик бериб, ўзи шундайга ҳам жамиятда ҳуқуқлари эркакларникичалик ҳурмат қилинмайдиган аёлларнинг таълим ва унинг натижасида меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқларини чеклайдиган мазкур имтиёздан бутунлай воз кечиш. Бунинг учун «Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент Қароридаги олий таълимга ўқишга киришда бериладиган имтиёзларни белгилаган бандлар ва улар асосида қабул қилинган бошқа барча норматив ҳужжатлар бекор қилиниши лозим. Мазкур имтиёзнинг Конституцияга зидлиги ҳақида қуйида маълумот берамиз.

Қаерга шикоят қилиш керак?

Мазкур ҳолатда олий ўқув юртларининг қабул комиссияси ёки Давлат Тест Маркази ёхуд бошқа давлат органларига шикоят қилишдан фойда йўқ. Чунки ушбу имтиёз Президент қарори билан белгиланган ва тегишли қонун ва қарорлар билан мустаҳкамланган.

Бундай ҳолатда энг тўғри йўл – Президент қароридаги мазкур банднинг Конституцияга зидлиги устидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига шикоят қилиб, унинг бекор қилинишини сўраш бўлади. Чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18 моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг экани белгиланган. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланган тартибда ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос ҳолда татбиқ этилиши керак.

Конституциянинг 18 моддасига эътибор қиладиган бўлсак, имтиёзлар фақат қонун билан белгиланган тартибда татбиқ қилинади, дейилган. Ҳолбуки, юқоридаги ҳарбийларга олий ўқув юртларига киришда берилаган имтиёз Президент Қарори билан белгиланган, қонун билан эмас. «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» қонуннинг 6 моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонунлардир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонун ости ҳужжатларидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 16 моддаси ҳамда «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга кўра, ҳар қандай маъмурий-бошқарув органлари ва ташкилотларнинг ўз доирасида қабул қиладиган ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига зид келиши мумкин эмас. Демак, бундай қарор чиқариш ҳам Ўзбекистон Конституциясига зид ҳисобланади. Ушбу савол юзасидан Конституциявий судга нафақат ҳуқуқлари поймол бўлган ёки манфаатдор шахслар, балки исталган фуқаро мурожаат қилиши мумкин.