Халқ таълими вазирлигининг қийшиқ юзига ойна тутамиз

20.10.2017 | Жамият | 5013

Маориф соҳасига оид бир маълумотни излай туриб, Халқ таълими вазирлигининг uzedu.uz манзилида жойлашган веб-сайтига кирдим. Сайтга киришга кирдиму, у маориф соҳасидаги энг асосий ташкилотнинг расмий саҳифаси эканлигига дабдурустдан ишонгим келмади. Сайтга киришингиз билан асосий саҳифасида катта-катта ҳарфлар билан ўзбек тилида ёзилган сўзда қўпол имло хатосини кўрасиз.

1-расм. Бош саҳифада «Статистика ва тахлил» деган бўлим турибди.

Сўнгра саҳифанинг юқори ўнг бурчагидаги «O‘zb» тугмасини босиб, сайтнинг лотин алифбосидаги версиясига кирдим. Бу сафар хатолар сони кўпая бошлади. «Statistika va taxlil»дан ташқари «Korruptsiya va qonunchilik» деган бўлим турибди. Сайтни тайёрлаган дастурчи «ц» қатнашган сўзлар лотин алифбосида қандай ёзилишини билмаслиги мумкин, деб тахмин қиламиз. Аммо ахборот хизматидагилар ҳам бу қоидадан бехабарми?

2-расм. Сайтнинг лотин алифбосидаги кўриниши бош саҳифаси.


 

Хато фақат шу иккита сўзда бўлганда ҳам эътибор бермай ўтиб кетишимиз мумкин эди. Аммо янги саҳифалар очилгани сари бундай камчиликлар кўпайиб борди. Жумладан, «Xizmatlar» менюсининг устига сичқонча кўрсаткичини олиб борсангиз, «Yuridik shaxslarga korsatiladigan», «Jismoniy shaxslarga korsatiladigan» каби тушунарсиз жумлаларга дуч келасиз. Чамаси, Халқ таълими вазирлиги сайтига кирмасам, ўзбек тилида «корсатмоқ» деган янги сўз пайдо бўлганидан бехабар қоларканман.

3-расм. «Xizmatlar» менюси.

Бош менюдаги «Matbuot markazi» бўлимини очамиз. «Mul’tikanal xizmat ko’rsatish» деган жумлага кўзимиз тушади. Сайтнинг кирилл алифбосидаги вариантида у «Мультиканал хизмат кўрсатиш» тарзида ёзилган. Кириллдаги юмшатиш белгиси «ь» лотинда тутуқ белгиси билан ифодаланибди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида юмшатиш белгиси ишлатилмаслигини билмайдиган одам сайтни ишлаб чиққан бўлса керак, ҳойнаҳой.

4-расм. «Matbuot markazi» менюси. Mul’tikanal эмас, multikanal.

«Ta’limda AKT » деб номланган бўлимга кирамиз. Ҳавола бизни akt.uzedu.uz манзили сари етаклайди. Бу саҳифа фақат лотин алифбосида мавжуд экан. Бошқа тиллар ёки кирилл ёзувига ўтиш учун махсус тугмалар кўринмайди. Бош саҳифада йирик ҳарфларда «Axborot-kommunikasiya texnologiyalaridan samarali foydalanish – akt.uzedu.uz» tizimi, деган ёзув турибди. Юқорида «korrupsiya» сўзи «korruptsiya» тарзида ёзилганини кўрган эдик. Бу сафар тескариси. Демак, сайт админлари «ц» қоидасини бутунлай тескари тушунишган.

5-расм. akt.uzedu.uz саҳифаси.

Саёҳатимизни шу саҳифада давом эттирамиз. «AKT bo‘yicha bilim tekshirish» бўлими менюсида «Mexmon bo‘lib test topshirish», «Tavsiyalar» бўлимида эса «Muxofazalangan DNS serverlari» каби жумлаларни кўриб, «x» ва «h» ҳарфлари бирлаштирилгани маъқулмикин, деган бўлмағур фикр бир сония хаёлдан ўтади. Аммо бу ғоядан тезда воз кечамиз.

6-расм. Mexmon эмас, mehmon.

7-расм. Muxofaza эмас, muhofaza.

Uzedu.uz саҳифасига қайтамиз. «Vazirlik» менюсига кириб, марказий аппарат билан танишамиз. Халқ таълими вазирлигида «Ijro intizomini nazorat qilish, jismoniy va yo‘ridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash boshqarmasi» бор экан. Ҳуқуқшуносликда юридик шахс деган тушунча борлигини билардим. Аммо йўридик шахс ҳам мавжудлигини энди билдим.

8-расм. Yoʻridik shaxs эмас, yuridik shaxs.

«Интерактив хизматлар» бўлимига кирамиз. «Шаходатнома текшириш» деган жумла қаршингиздан чиқади. Биз мактабни битирган вақтда «шаҳодатнома» бериларди. Энди битирувчиларга «шаходатнома» берилаётганга ўхшади. Бу сўз ҳам кирилл, ҳам лотин алифбосида қаттиқ «х» билан ёзилибди.

9-расм. Shaxodatnoma (шаходатнома) эмас, shahodatnoma (шаҳодатнома).

Вазирликнинг очиқ маълумотларидан фойдаланмоқчимисиз? Унда «Очиқ вазирлик» бўлими айнан сиз учун. Фақат сайт ижодкорлари айириш «ъ» ва юмшатиш «ь» белгиларининг фарқига бориб олишса ёмон бўлмасди.

10-расм. «Очиқ маьлумотлар» бўлими.

Агар халқ таълими вазирлиги билан онлайн мулоқотга киришмоқчи бўлсангиз, рўйҳатдан ўтишингиз лозим экан. Ҳа, айнан рўйҲатдан ўтишингиз керак. Халқ таълими вазирлигининг луғатида рўйхат деган сўз йўққа ўхшайди.

11-расм. Рўйҳатдан ўтиш эмас, рўйхатдан ўтиш.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Агар сайтда берилган материалдан «тулиқ ёки қисман фойдалансангиз, uzedu.uz манбасини курсатишингиз шарт» экан. Буёғи энди «odno style» бўлиб кетибди.

12-расм. «Oktabr»ми ёки «oktyabr»?

Ниҳоят, бош саҳифадаги янгиликларда бир нарса эътиборни жалб қилади. Хабарлардан бирида ой номи «oktabr» ёзилган бўлса, бошқасида «oktyabr» тарзида ёзилибди. Амалдаги имло қоидалари бўйича «oktabr» ёзиш тўғри бўлса ҳам, охирги чиққан имло луғатида «oktabr» деб ёзилган. Қайси бирини танлаш бўйича бир қарорга келишга қийналган Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати ходимлари ҳар иккаласини ҳам хафа қилмасдан, баравар фойдаланишаётганга ўхшайди. Ҳатто мактаб дарсликларида ой номлари икки хил ёзилаётган замонда вазирлик сайтидаги хато арзимасдек кўринса ажаб эмас.

Сайтни синчиклаб эмас, шунчаки кўз югуртириб чиқилганда, энг асосий саҳифалардан шунча хато чиқди. Сайтдаги мақола ва вазирлик хабарларининг имлосини текшириб ўтиришга вақтимиз ҳам, хоҳишимиз ҳам йўқ. Зеро, мақсадимиз сайтдаги хатоларни қидириб топиш эмасди. Шунга қарамасдан, Халқ таълими вазирлиги каби ташкилот сайтида бунчалик кўп имловий хато бўлишига индамай кетиш ҳам инсофдан бўлмас.

Вазирликдаги сайтга масъул кишилар хатолар қаршисида кўз юмишаётганга ўхшайди. Аммо вазирлик сайти ўзбек тили имло меъёрларига мувофиқ бўлиши керак. Зеро, веб-сайт – бу вазирликнинг юзи. Сайтга қараб вазирлик ходимларининг саводига баҳо бериш мумкин. Бугун Халқ таълими вазирлигининг юзига ойна тутган бўлдик. Кейинги сафар яна қайсидир нуфузли идоранинг юзига ойна тутиб қолишимиз мумкин. Ойнада юзингиз қийшиқлиги кўриниб қолса, каминадан ўпкалаб юрманг.