ЎФФ: ҳозирча мураббийликка бизнинг талабларимизга жавоб берадиган номзод чиқмади

20.10.2017 | Спорт | 2640

Бир қанча хорижлик мураббийликка номзодларни кўриб чиқдик, лекин бизнинг талабларимизга жавоб берадигани чиқмади, – деди Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов.

Унинг сўзларига кўра, федерация 20-25 кун ичида миллий терма жамоага хорижлик мураббий тайинланиши ҳақида айтилганди.

"Бугунги кунда бир қанча номзодларни кўриб чиқдик, лекин, ҳозирча, бизнинг талабларимизга жавоб берадигани чиқмади. Аммо, изланишдамиз, музокаралар олиб бормоқдамиз", – деди у.

Федерация президенти Рўзиқул Бердиев терма жамоага вақтинчалик мураббий этиб тайинланганини тасдиқлади. Ўзбекистон терма жамоасини Бирлашган Араб Амирликларидаги ўртоқлик учрашувига айнан Бердиев олиб боради.

Ўзбекистон терма жамоаси ёшартирилиши муносабати билан таркиб буткул янгиланмоқда. БААга қарши ўйинда ёшлар синовдан ўтказилади.

"Биз келажак учун истиқболли режалар тузяпмиз. Шу тамойилга содиқ қолган ҳолда миллий терма жамоа таркибини ёшартириш йўлидан борамиз. БАА билан ўйин миллий терма жамоа таркибига номзод бўлган янги ёшларни саралаб олиш ва уларни синовдан ўтказиш имконини беради. Жамоани майдонга Рўзиқул Бердиев бошлаб тушади ", – деди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА билан 14 ноябрь куни меҳмонда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ўйин бўлиб ўтадиган стадион ва унинг вақти ҳақида кейинроқ хабар берилади.