Самарқандда суюлтирилган газ учун тўлов тизими янгиланади

20.10.2017 | Ўзбекистон | 2812

Самарқанд вилоятида суюлтирилган газ учун тўлов тизими бутунлай янгиланмоқда. Бу ҳақда “Зарафшон” газетаси хабар бермоқда. Унга кўра, энди ҳар бир истеъмолчига махсус мобил рақам берилиб, маҳсулот учун тўловни уяли телефон орқали ҳам тўлаш имкони яратилади.

Шунингдек, маиший газ баллони олиш тартиби ҳам ўзгарди. Янги тартиблар ҳақида газ таъминоти бўйича вилоят филиали директори ўринбосари Шавқиддин Fаффоров шундай дейди:

“Илгари истеъмолчи маиший газ баллони олиш учун туман газ таъминоти идорасига мурожаат қиларди. Ушбу идоралар жорий йилнинг сентябрь ойида тугатилди. Янги тартибга кўра, энди бир нечта туман аҳолисига битта туманлараро газ таъминоти идораси хизмат кўрсатади. Аммо ҳар бир газ таъминоти идорасида мутахассис ходимлар бўлиб, улар аҳолининг суюлтирилган газ бўйича мурожаатларини ҳам қабул қилишади.

Газ таъминоти бўйича вилоят филиали тўловга оид ишлар билан  шуғулланмайди. Тўловга оид масалалар билан мажбурий ижро бюроси шуғулланади. Газ таъминоти тизимида фақатгина суюлтирилган газ учун тўлов қабул қилинади. Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида суюлтирилган газ тарқатиш жараёнида ҳам тўловлар касса аппарати ёки тўлов терминали орқали қабул қилинади. Бу борада бирор тушунмовчилик кузатилган тақдирда истеъмолчилар вилоят бўйича газ таъминот филиалининг 239-78-18 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин”.

Маълумотларга кўра, айни вақтда Самарқанд вилоятида 332 минг хонадон суюлтирилган газга мослашган, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, бу йил яна 84 мингта маиший газ баллонлари тарқатилди. Яъни, вилоятда суюлтирилган газга мослашган хонадонлар сони 416 тага етди. Йил охирига қадар жами 113 мингдан ортиқ маиший баллонлар тарқатилади.