Давлат тили тўғрисидаги қонун таҳрирга муҳтожми?

22.10.2017 | Блог | 2497

Ўзбек тилининг Ўзбекистон ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни (бундан кейин Қонун) билан тартибга солинади. Конституциянинг 4 моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида давлат тили ўзбек тилидир ва унинг ҳудудида яшовчи барча миллат ва элатларнинг тиллари ҳурмат қилиниши қонун билан кафолатланган. Давлат тилининг амалдаги ижроси, қўлланилиши қандай? Ватанимиз ҳудудида қўлланиладиган бошқа тилларнинг мақоми ва ҳуқуқий ҳимоясичи? Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейинги ўтган 20 йиллик даврда бу борадаги қонунга янги ўзгартиришлар киритиш ёки уни янги таҳрирда қабул қилишга эҳтиёж сезилдими? Мақолада шу масалаларни муҳокама қиламиз.

Давлат тили ва кундалик ҳаёт

Қонуннинг 1 моддасига кўра, Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тилидир. Шу билан бирга, Ўзбекистонда яшовчи турли миллат ва элатлар ўз она тилини қўллашларини кафолатлаш мақсадида Қонун ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши мамлакатдаги бошқа халқларнинг ўз она тилини қўллаш ҳуқуқига монелик қилмаслигини ҳам баён этган. Қонунга кўра, турмушда, шахслараро ва миллатлараро муомалада фуқаролар ўз хоҳишларига кўра исталган тилда мулоқот қилишлари мумкин. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «турмуш» сўзига «инсоннинг яшаш, кун кечириш тарзи, кундалик ҳаёти» дея таъриф берилган. Демак, кундалик ҳаётда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир шахс ўзи истаган тилда гапиришга ҳаққи бор. Масалан, кишилар ўзаро мулоқотда рус ёки тожик тилидан фойдаланганлари учун уларни ҳеч ким камситиши мумкин эмас. Ушбу кафолатни янада мустаҳкамлаш мақсадида, Қонуннинг 4-моддасида Ўзбекистон «ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади» деб ёзилган.

Давлат тили ва унинг давлат органларида қўлланилиши

Қонуннинг 14 моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида яшовчи шахслар давлат ташкилотлари ва муассасаларига ариза ва шикоятларини давлат тилида ёки бошқа тилларда топширишлари мумкин. Демак, давлат органига ёзилган ариза ёки шикоятни фақат давлат тилида ёзилмагани учунгина қабул қилмаслик мумкин эмас. Мазкур модда Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи турли миллат ва элатларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилса ҳам, амалиётда баъзи жиддий қийинчиликларни туғдириши мумкин. Чунки Қонундаги «бошқа тилларда» атамаси айнан қайси тилларни қамраб олиши ҳақида маълумот берилмаган. Давлат тилидан бошқа тиллар деганда рус, тожик ва қорақалпоқ каби маҳаллий тиллар билан бирга, инглиз, немис ва япон каби чет тиллари ҳам тушунилиши мумкин. Бундан ташқари, «бошқа тилларда» ариза ёки шикоят олган давлат органи жавобни қайси тилда бериши керак?

Қонуннинг 9 моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида иш давлат тилида юритилади. Аммо бу моддада ҳам иш материаллари «заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади» деган банд мавжуд. Хўш, давлат тилидан бошқа тилда ёзилган ариза ёки шикоят моддадаги «зарурият» ҳолатига кирадими? Бу ҳолатда жавоб ҳам давлат тилида, ҳам мурожаат ёзилган тилда берилиши керакми? Қонунда мазкур саволларга жавоб йўқ.

Давлат тили ва исмлар

Қонуннинг 15 моддасига кўра, Ўзбекистонда яшовчи шахслар ўз исм ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар. Собиқ Иттифоқ даврида ҳозирги Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудида яшаган аҳоли фамилиясига мажбуран «-ов», «-эв» каби қўшимчалар қўшилган эди. Қонуннинг юқорида тилга олинган 15 моддаси бу каби қоидалар энди мажбурий эмаслигини белгилайди. Исмини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзишни истаган шахс энди исмини, масалан, «Айджамал Садыкова»дан «Ойжамол Содиқ» ёки «Ойжамол Содиқ қизи»га ўзгартириши мумкин. Шунингдек, рус миллатига мансуб кишининг исмини “Иван Адамов”дан “Иван Одам”га мажбурлаб “ўзбеклаштириш” қонунга зид.

Қонуннинг ушбу бандидан Ўзбекистон аҳолисинг кўпчилик қисми бехабар ва шунинг учун мамлакатда фамилия ёзишда ҳануз Совет давридан қолган қоидалар амал қилиб келмоқда. Бу муаммони Бахтиёр Шоҳназаров 2001 йилда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ёшлар» телеканалининг «Ҳуқуқ ва бурч» кўрсатувида муҳокама қилган эди.

Қонуннинг 15 моддасида кўзда тутилган ҳақ-ҳуқуқлар ҳақида маълумотни кенг жамоатчиликка етказишда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (бундан кейин ФҲДЁ) органларининг ўрни катта. ФҲДЁ органи паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олишга келган шахсларга исм-шарифларини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ қайд этишлари мумкинлиги ва буни қай тартибда амалга ошириш ҳақида маълумот беришлари керак. Шунда туъгилганлик ҳақидаги гувоҳномасида исми «Тахтаева Дильярам Яковлевна» деб ёзилган шахс паспорт олиш чоғида исмини “Тўхтаева Дилором Ёқубовна” ёки «Тўхтаева Дилором Ёқуб қизи» деб ёзишга ҳақли эканини билади. Бундай тушунтириш ишларини самарали амалга ошириш учун ФҲДЁ органлари қисқа маълумотнома-варақалар тайёрлаб, уларни фуқаролик ҳолати далолатномаси учун мурожаат қилган шахсларга тақдим этишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Исмларни миллий-тарихий анъаналарга кўра ёзиш Қонунда белгиланган бўлса ҳам, буни амалга ошириш йўл-ёриқлари ёки бу борадаги меъёр ҳамда чекловлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган. Масалан, «Хаджибеков Садикджон Джуманазарович» ўз исмини миллий-тарихий анъаналарга кўра қайд эттирмоқчи бўлса, қуйидаги исмлардан қай бирини танлаши керак: “Содиқжон Ҳожибек Жуманазар”ми ёки “Ҳожибеков Содиқжон Жуманазар ўғли”ми ёки “Содиқжон Ҳожибек Жуманазарий”ми? Ёки исмини миллий-тарихий анъаналар доирасида соддароқ қилиб ёзиш керакми, масалан, «Содиқжон Жуманазар» ёки “Содиқжон Ҳожибек” каби? Бу шахс юқоридаги вариантларнинг исталган бирини танлаши мумкинми ёки бу борада чеклов ёки меъёрлар бўлиши керакми?

“Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномада бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Бу эса амалиётда жиддий англашилмовчиликлар ва қийинчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, мерос, банк хизматлари, жиноятчиликка қарши кураш каби масалаларда шахсларнинг исми бир неча ҳужжатга қараб солиштирилади. Исм-шарифларнинг Қонуннинг 15 моддасига кўра қандай ёзилиши самарали ҳуқуқий тартибга солинмаса, яқин келажакда юқорида айтиб ўтилган соҳалардаги ижтимоий муносабатларда ҳам шахс учун, ҳам давлат учун жиддий муаммолар туғилиши табиий.

Назаримизда, давлат тилида ёзилган исмларнинг чет тилида, хусусан, инглиз тилида қандай ёзилиши масаласи ҳам ҳуқуқий тартибга солиниши керак. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси веб-саҳифасига кириб, Қонунчилик Палатаси депутатларининг исм-шарифларига эътибор берсангиз, бу борадаги номутаносибликларга гувоҳ бўлиш мумкин. Давлат тилида «Содиқжон» деб ёзилган исм инглиз тилида “Содикзҳон” деб ёзилган. Ёки давлат тилида “Одилхўжаева” деб ёзилган фамилия инглиз тилида “Адилҳодзҳаева” деб ёзилган. Депутатларнинг исм-шарифлари кўздан кечирилганда, бундай ҳолатни деярли ҳар бир исм ёки фамилияда кузатиш мумкин. Мазкур масала қонун билан тартибга солинмагани учун давлат паспортининг инглиз тилидаги саҳифасида лотин ёзувида берилган исмларда аниқ бир қоидага амал қилинмаган ҳолда турлича ёзилиш ҳолатлари учраб туради. Масалан, бир оилага тегишли бўлган ака-укаларнинг паспортларида фамилиялари лотин ёзувида бирида “Абдуллаев”, иккинчисида эса “Абдооллаев” деб ёзилган ҳолатларга ўхшаш мисоллар жуда кўп.

Юқорида таъкидланганидек, исм-шариф каби шахсларнинг кимлигини билдирувчи атамаларни тўғри ёзиш қоидалари тартибга солинмаса, ижтимоий муносабатларда жиддий муаммоларни келтириб чиқариши аниқ.

Давлат тили ва ҳуқуқий ҳужжатлар

Қонуннинг 8 моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон қилинади. Қонуннинг мазкур моддаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан кўп ҳолларда бузилаётганини кузатиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида” (бундан кейин Қонун ҳужжатлари миллий базаси) топилган қонун ҳужжатларининг баъзилари фақат рус тилида мавжуд эканлигини кўриш мумкин.

Масалан, Қонун ҳужжатлари миллий базасида 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида рўйхатдан ўтказилган “Хориждаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига паспорт бериш ва алмаштириш тартиби тўгрисида”ги Йўриқномаси фақат рус тилида берилган. Сайтда «Ҳужжат матни рус тилида келтирилади» деган изоҳ ҳам мавжуд. Бу билан Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг 8 моддаси бузилмоқда. Юқорида тилга олинган ҳуқуқий ҳужжат 1999 йилда кучга кирганлигига қарамасдан ҳалигача давлат тилидаги матни тайёрланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг «16 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби бўйича услубий кўрсатмаларга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Қарорига ёзилган Илова ҳам «Илова рус тилидаги матнда берилган» изоҳи билан фақат рус тилида мавжуд. Бундай миссолларни юзлаб келтириш мумкин.

Олий Мажлис қўмиталарида, янги қонун қабул қилиш учун тузилган қўмиталарда иш, зарурат туғилганда, рус тилида амалга оширилиши мумкин. Аммо қонун матни, қабул қилишга тайёр бўлгандан кейин, албатта, ўзбек тилига таржима қилиниши керак ва шундан кейингина кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиниши керак. Бу қонун талабидир.

Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари ҳам давлат тилида қабул қилиниб, давлат тилида эълон қилиниши керак. Ўзбек тилида қабул қилинган қонунларнинг, давлат ва маҳаллий ҳокимият ва бошқаруви органлари ҳужжатларининг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилиниши мумкин. Ушбу қоида Ўзбекистон ҳудудида яшовчи, аммо давлат тилини билмайдиган ёки яхши билмайдиган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган. Ушбу қоида ҳам қўшимча ҳуқуқий изоҳ ва тушунтиришга муҳтож. Сабаби Қонунда қандай ҳолатларда давлат ва маҳаллий ҳокимият ва бошқаруви органларининг ҳужжатлари бошқа тилларда эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида изоҳ берилмаган.

Давлат тилининг хўжалик бошқаруви ва жамоат жойларида қўлланилиши

Қонуннинг 10- моддасига кўра, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади. Агар корхоналарда ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмаса, давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам иш юритиш мумкин. Масалан, бир корхонанинг ҳисоб-китоб бўлимида, асосан, рус миллатига мансуб ходимлар ишласа, бу ҳолатда уларга корхона ҳужжатларини рус тилида тайёрлашга рухсат берилади. Лекин рус тилида иш юритилишига қарамай, корхонанинг ҳисоб-китоб бўлими барча ҳужжатларни ўзбек тилида ҳам тайёрлашга мажбур.

Ўзбекистон Республикаси Реклама тўғрисидаги Қонунининг (бундан кейин Реклама Қонуни) 5 моддасига кўра, давлатимиз ҳудудида реклама давлат тилида берилиши билан бирга, реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда ҳам эълон қилиниши мумкин. Шу масалага боғлиқ бўлган яна бир муаммо бу реклама ёзув тахталари ва баннерларидаги реклама матнларининг жиддий хатолар билан ёзилаётганидир. Реклама матнларини эътиборсизлик натижасида жиддий хатолар билан ёзиш учун жавобгарлик борми? Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг(бундан кейин Кодекс) 42 моддасига кўра, давлат тилини менсимаганлар энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин. Аммо Кодексда қайси ҳолатлар «менсимаслик» деб баҳоланиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, «менсимаслик» деб «эътиборсизлик ва паст назар билан қараш»га айтилади. Давлат тили ёки бошқа тилларда ёзилган матндаги хатоларни эътиборсизлик деб баҳолаш мумкин, аммо уларнинг «паст назар билан қараш» мақсадида қилинганини исботлаш қийин.

Рекламаларда давлат тилини ишлатишда хатоларнинг олдини олиш на Давлат тили тўғрисидаги Қонунда ва на Реклама тўғрисидаги Қонунда тартибга солинган. Реклама ёзув тахталарида учраб турадиган қўпол имло хатолари учун ким жавобгар? Реклама берувчими ёки реклама агентлигими?

Амалдаги қонун ҳужжатлари орасида реклама агентликларига реклама матнини давлат тили ёки бошқа тилда хатосиз ёзилганлигини текшириш вазифасини юкловчи бирор йўриқнома топилмади. Филология фанлари номзоди Равшан Жомоновга кўра, Қонун талаблари тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар ҳузурида атамалар комиссиялари тузилган. Мазкур комиссияларнинг ишини жонлантириш ечимлардан бири бўлиши мумкин. Баъзилар рекламада учрайдиган имловий ва услубий хатолар давлат органлари томонидан тартибга солинмаслиги керак, бозор муносабатлари бундай ҳолатларни ўзи аста-секин тартибга солиб юборади деб ҳисоблаши мумкин. Бу фикр ҳам ўринли кўринади. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам бу ҳақда қонун ҳужжатларида қоида бўлиши керак.

Реклама ёзув тахтасидаги қўпол хатолар ҳақида хабар бериб, уларнинг тўғриланишини талаб этишда фуқаролар фаоллиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо улар бундай ҳолатларда кимга ёки қаерга мурожаат этишлари керак? Реклама берувчи ёки реклама агентлиги хатоларга эътиборсизлик билан қараса, уни бартараф этиш учун ҳеч қандай чора кўрмаса, фуқаролар кимга шикоят қилиши мумкин? Хатоларни бартараф этиш масаласига бундай эътиборсизлик билан қараган реклама берувчи шахс ёки реклама агентлигининг хатти-ҳаракатларини «менсимаслик» ёки «эътиборсизлик ва паст назар билан қараш» деб таърифлаб, уларни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинми?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорининг (бундан кейин Қарор) 16 бандига кўра, «сотувчи, товарлар ва уларни тайёрловчилар тўғрисидаги маълумотлар харидорлар эътиборига давлат тилида етказилади, шунингдек, бошқа тилларда такрорланиши мумкин». Лекин чакана савдо расталарида товарлар тўғрисидаги маълумотлар харидорлар эътиборига ҳар доим ҳам давлат тилида етказилмайди. Масалан, пишлоқнинг ҳар-хил турларини сотаётган сотувчи бир пишлоқ тури устига «Галански Сир! Свежи!» деб ёзиб қўйган бўлса (кундалик ҳаётимизда кўп учрайдиган бундай ёзувларга мисолларни Равшан Жомоновнинг «Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб ёз» мақоласидан топишингиз мумкин), бу реклама ҳисобланадими ёки маҳсулот тўғрисидаги маълумотми? Агар реклама ҳисобланса, унда реклама давлат тилида берилиши талаб этилмайди. Агар мазкур ёзув маҳсулот тўғрисидаги маълумот деб талқин этилса, унда бошқа тил билан бирга давлат тилида ҳам ёзилиши шарт.

Хулоса ўрнида

Ўзбекистон ҳудудида давлат тилининг амал қилишини тартибга солувчи қонунчилик ўзгартириш ва қўшимчаларга эҳтиёжи бор, деб ҳисоблаймиз. Янги қонун ёки ўзгартиришларни қабул қилишда юқорида тилга олинган ва бошқа шу каби муаммо ҳамда камчиликларга эътибор бериш зарур.