Самарқанд вилояти депутатлари дабдабали тўй маросимларига қарши курашни бошлади

23.10.2017 | Ўзбекистон | 2818

«Самарқандский вестник» газетаси Самарқанд вилояти халқ депутатлари Кенгашининг дабдабали тўй маросимларини бартараф этиш борасидаги чора-тадбирлар келтирилган қарорини чоп этди.

Депутатлар масъул ходимларга тўйларда ижро этилаётган қўшиқлар мазмунини диққат билан ўрганишни, шунингдек, пойтахтдан келадиган хонандаларнинг рeпертуарлари ва лицензияси устидан назорат ўрнатилишини таклиф қилди. Бундан ташқари вилоят Ички ишлар бошқармаси шаҳар кўчаларида янги турмуш қураётган жуфтлик ва уларнинг қариндошлари сайр қилиш ҳамда суратга тушиш вақтида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишлари учун тегишли чораларни ишлаб чиқиши керак.

Шунингдек, ҳужжат тўй, оилавий байрамлар, диний маросимлар ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгашини тузишни ҳам маъқуллади. Унинг вазифаси тўй, оилавий байрамлар ва диний маросимлар ўтиши устидан назоратни амалга оширувчи кўп йиллик тажрибага эга фаоллар, меҳнат фахрийларидан иборат жамоатчилик комиссиясини ташкиллаштиришдан иборат.

Имом-хатибларга тўй ва диний маросимлар вақтида ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги масъулиятига ҳам алоҳида эътибор бериб нутқ сўзлаш тавсия этилди.

Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят бошқармаси дабдабали тўй ва бошқа тадбирларни ўтказиш ўрнига кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилишини ташкиллаштириши зарур.