The Best FIFA Football Awards. Барча совриндорлар аниқланди

24.10.2017 | Спорт | 2879

Бугун Лондонда ФИФАнинг йил якунларига бағишланган анъанавий гала-оқшоми бўлиб ўтди.

«Арсенал» ҳужумчиси Оливье Жиру энг чиройли гол муаллифига топшириладиган Ференц Пушкаш номидаги совринга эга бўлди.

У «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда чаён услубида зарба йўллаб, гол урган эди. Совринга Дейна Кастельянос (Венесуэла U-17 аёллар терма жамоаси) ва Масулуке Оскарине («Барока») ҳам даъвогарлик қилган эди.

«Реал» бош мураббийи Зайниддин Зидан ФИФА томонидан дунёнинг энг яхши мураббийи деб топилди. The Best соврини учун курашда у Антонио Конте («Челси») ва Массимилиано Аллегрини («Ювентус») ортда қолдирди.

«Ювентус» дарвозабони Жанлуижи Буффон ФИФА талқинига кўра, 2017 йилнинг энг яхши дарвозабони деб топилди. 39 ёшли футболчи The Best соврини учун курашда Кейлор Навас («Реал») ва Мануэл Нойерни («Бавария») ортда қолдирди.

Энг яхши мухлислар учун мўлжалланган соврин «Селтик» фанатларига топширилди. Шотландияликлар «Селтик» клубининг 1967 йилдаги Европа чемпионлари кубогидаги ғалабасининг 50 йиллигига бағишлаб, ажойиб перфоманс - тантанали тадбир уюштиришганди. Бу соврин учун курашда улар «Боруссия» Дортмунд ва «Копенгаген» клубларининг мухлисларини ортда қолдиришди.

Голландия аёллар терма жамоасининг бош мураббийи Сарина Вигман 2017 йилнинг энг яхши аёл мураббийи деб топилди. У соврин учун курашда Нилс Нильсен (Дания терма жамоаси) ва Жерар Прешени (Лион) ортда қолдирди.

Чехиянинг «Зброёвка» клуби аъзоси, тоголик Франсис Коне ФИФА Фэйр-плей совринини қўлга киритди. У ўйин пайтида майдонга ноқулай йиқилган ва тили томоғига кетиб қолган рақиб дарвозабонига зудлик билан ёрдам кўрсатиб, унинг ҳаётини сақлаб қолган эди.

Шунингдек, йилнинг энг яхши футболчиларидан ташкил қилинган рамзий терма жамоа футболчилари ҳам The Best соврини билан тақдирланди. Таркиб қуйидагича бўлди:

Дарвозабон: Жанлуижи Буффон («Ювентус»);
Ҳимоячилар: Дани Алвес («Ювентус»/«ПСЖ»), Леонардо Бонуччи («Ювентус»/»Милан»), Серхио Рамос, Марсело (ҳар иккаласи – «Реал»);
Яримҳимоячилар: Лука Модрич, Тони Кроос (ҳар иккаласи – «Реал»), Андрес Иньеста («Барселона»);
Ҳужумчилар: Неймар («Барселона»/»ПСЖ»), Лионель Месси («Барселона»), Криштиану Роналду («Реал»).

Йилнинг энг яхши аёл футболчиси деб «Барселона» ва Голландия терма жамоаси ҳужумчиси Лике Мартенс эълон қилинди. У соврин учун курашда Дейна Кастельянос (Венесуэла) ва Карли Ллойдни (АҚШ) ортда қолдирди.

2017 йилнинг энг яхши футболчиси деб «Реал» клуби ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду эълон қилинди.

У соврин учун курашда «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ва «Барселона»да ўйнаб, кейинчалик ПСЖ клубига ўтган Неймарни ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Ғолибга совринни футбол афсоналари - аргентиналик Диего Марадона ва бразилиялик Роналдо топширди.