Зўравон футболчи Ойбек Қиличев бир йилга футболдан четлатилди

24.10.2017 | Спорт | 3097

 Ўзбекистон Футбол федерациясининг Интизом қўмитаси “Навбаҳор” футболчиси Ойбек Қиличевнинг ҳатти-ҳаракатларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб унга нисбатан жазо чораси қўллади, дейилган ЎФФ расмий хабарида.

“Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия Қўмитаси Бюроси ўз қарорига мувофиқ Ойбек Қиличевга 10 миллион сўм жарима тайинлаб, уни 1 йил муддатга футболчилик фаолиятидан четлатди”, — дейилган ЎФФ қарорида.

Ушбу жазо чорасини белгилашда ЎФФ Ойбек Қиличевнинг олдинги “хизматларини” ҳам ҳисобган олган.

“Йиғилишларда Ойбек Қиличев ЎФФ Интизом қўмитаси томонидан 2017 йил 12 апрелидаги 2-сонли ва 24 майидаги 5-сонли қарорларига кўра, унга нисбатан қўлланилган интизомий чоралар ва тайинланган жарималардан тўғри хулоса чиқарилмагани таъкидланди”, — дейилган ЎФФ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 25-тури доирасида “Қўқон-1912” ва  “Навбаҳор”  ўйинида Ойбек Қиличевнинг рақиб футболчисини тирсаги билан уриб йиқитган ва ерда ётган футболчини оёғи билан тепган эди.