Хоразмдан Андижонга почта орқали жўнатилган пул бир ҳафтада ҳам келмади

26.10.2017 | Ўзбекистон | 3065

Андижонлик Қаландар акага бир оз пул зарур бўлиб қолди. Ошна-оғайни, ёр-биродар омон бўлсин – узоқ-яқиндан туриб қўллаб юборишди. Ҳатто, олис Хоразмдан ҳам бир дўсти пул жўнатишга қарор қилди. Аммо бу жўнатмани почтадан эмас, тошбақанинг елкасига скочлаб ёпиштириб кунчиқарга қараб қўйворганда тезроқ етиб келармиди.

Гап шундаки, 19 октябр куни Хивадан жўнатилган пулни ололмасдан Қаландар ака овораи сарсон бўлмоқда. “Катта пулми?” дерсиз? Йўқ, атиги 230 минг сўм. 230 миллион сўм бўлганда турли номаъқул тахминларга боришимиз мумкин эди. масалан, “пулни айлантиришмоқда” ёки “пул оғирлигидан зирҳли машинанинг баллони тешилиб қолган”. Хоразмдан жўнатувчига эса почта ходимлари 10 дақиқада етиб боришига ваъда қилишган. Уларнинг 10 дақиқаси бир ҳафтага чўзилишини ким билибди, дейсиз.

Қаландар ака Хоразмдан пул жўнатилгани ҳамоно почтага йўл олган. Бироқ почта пулни олмаганини айтган. Шундан сўнг Марказий почтага борган. Уёқда ҳам шу аҳвол.

Sof.uz сайти билан гаплашган Қаландар ака “Россиядан ўғлим жўнатган пулни ярим соатда оламан. Нега энди Ватаннинг ичида жўнатилган озгина пулни бир ҳафтадан бери ололмайман?” деб савол қўйди.

Ҳақли савол. Бунга жавоб берадиган мардлар борми?