Самарқандда нуронийлар пахта теримига чиқди

26.10.2017 | Ўзбекистон | 2359

Самарқандда нуроний отахон-онахонлар ташаббус кўрсатиб, пахта теримида фаол қатнашмоқда, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. 

Ҳокимлик маълумотига кўра, ҳар бир одам бир кунда ўртача 50 килограмм, бир ойда камида 1300 килограмм пахта териши — яъни бир ойда ўртача 600-700 минг сўм ишлаши мумкин.

Буни тўғри англаган нуроний отахон-онахонлар ташаббус кўрсатиб, Паст Дарғом ва Пайариқ туманидаги фермер хўжаликларига ёрдамга боришди. Теримда фаол қатнашиб, барчага намуна кўрсатишмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Каттақўрғон ариқ маҳалласида яшовчи Убайдулло Йўлдошев иш ҳақининг кунига берилаётгани, илғор теримчиларга ёғ, шакар, совун ва бошқа турдаги маҳсулотлар улашилаётганидан мамнунлигини қайд этди.

"17 октябрдан бошлаб қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун 700 сўмдан тўланади. Ахир бу ҳар бир оилага даромадини ошириш учун жуда яхши имконият-ку. Шунинг учун теримчиларни янада руҳлантириш ва эл хирмонига ўз ҳиссамизни қўшиш учун далага отландик", — қўшимча қилди отахон.

"Нуроний" жамғармаси вилоят, туман бўлимларида ҳам фаол нуронийлар жалб этилиб, тарғибот гуруҳлари ташкил этилди.