Сўнгги рус подшоси ва унинг жазмани ҳақидаги филм Россияда православ диндорларининг норозилигини келтириб чиқарди

26.10.2017 | Жаҳон | 3033

Москва кинотеатрларида Россиянинг сўнгги императори Николай II ҳаёти ҳикоя қилинган янги филм премьераси бўлиб ўтган. Сешанба куни намойиши бошланган филм православ эътиқодидаги рус диндорларини дарғазаб қилган. 24 октябр куни филм премьераси бўлиб ўтаётган Москвадаги кинотеатрга бир қанча диндорлар бостириб киришга уринган чоғида қўлга олинган.

“Матилда” номини олган филмда 1917 йилда тахтдан айрилган Россия императорининг подшолик тахтига ўтиришидан аввалги даврда Матилда Кшенсинская билан ишқий муносабтлари ҳам ҳикоя қилинади. Сценарийга кўра, ёш шаҳзода Николай балеринага кўнгил қўяди. Филмда баллерина Матилда ва бўлажак император ўртасидаги ишқий саҳналарни ҳам кўриш мумкин.

Сўнгги рус подшоси ҳақидаги филм Россия жамоатчилиги, айниқса православ диндорлари ўртасида кескин норозиликларга сабаб бўлган. Филм премьерасидан аввал уни Россияда намойиш қилишни тақиқлашга чақириқлар янграган. Жумладан, Николай II'нинг жиянининг беваси, 91 ёшли Олга Куликовская-Романова Владимир Путинга мурожаат қилиб, филм намойишини тўхтатишни сўраган.

“Матилда”га қарши намойишлар филм суратга олинаётган вақтда бошланган эди. Ўтган ойда филм суратга олинаётган Екатеринбургдаги киностудияга ўт қўйиб юборилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Хавфсизлик туфайли филмда бош қаҳрамонларнинг рольини ижро этган актёрлар – полшалик Мичалина Олсзаńска (Матилда) ва германиялик Ларс Эйдингер (Николай II) премьерада иштирок этмаган.

“Матилда” намойиши рус православларининг жуда кескин норозилигига сабаб бўлган. Боиси, 1918 йилда советлар томонидан оиласи билан бирга қатл қилинган Николай ИИни Рус православ черкови 2000 йилда авлиё деб эълон қилган.