Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг июнь ойида Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида ўтказилган фаоллар йиғилишидан аввал эълон қилинмаган видеопарча пайдо бўлди.
Унда Президент солиқ органлари фаолиятини кескин танқид қилаётгани, солиқчилар орасида ўз касбига нолойиқлар, аҳолига нисбатан адолатсизлик қилаётганлар учрашини ҳақида фикр билдираётганини кўриш мумкин.
«Менга бундай солиқчилар керак эмас! Нимага Парпиев (Давлат солиқ қўмитаси раиси)ни жўнатсам, уч соат ичида бир тумандан 95 миллион сўм пул топилади? 95 миллион сўм пул! Қани бюджетнинг пули? Ҳаммаси чўнтакка кетяпти. Уч йил ҳам ишламасдан, тўрт қаватли уй қурасан ҳамманг, 20 та машина оласан. Қаердан булар? Ойликдан оласанми? Сал инсофли бўлгин! Ўғри бўл, инсофли бўл, сал.», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг таъкидлашича, аввало садоқат ва адолат билан ишлаш, порахўрга айланмай, меҳнат қилиш керак.