Doing Business рейтингида Ўзбекистон юқорига кўтарилди

01.11.2017 | Иқтисод | 2499

Бу йил Ўзбекистон бизнес учун шароитларни яхшилашга ҳаракат қилаётган 10 та ислоҳотчи давлат қаторига кирди, деб хабар қилмоқда иқтисодиёт вазирлигининг матбуот хизмати.

Ўзбекистонда бир йил ичида Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш 2018” (Doing business) ҳисоботидаги 10 та индикаторнинг 6 таси бўйича сезиларли ўсишнинг қайд этилган.

Хусусан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизими 11-ўринга кўтарилиб, АҚШ, Япония, Франция, Германия, Италия, Испания, Дания ва бошқа ривожланган давлатларни ортда қолдирди.

Иккинчидан, электр тармоқларига уланиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 56 поғона юқорилаб, рейтингда 27-ўринни эгаллади ҳамда бу индикатор бўйича АҚШ, Нидерландия, Янги Зеландия, Испания, Латвия, Туркия, Қозоғистон, Канада, Исроил каби мамлакатлардан ўтиб кетди.

Учинчидан, ер участкаларини олиш ва қурилишга рухсатномаларни расмийлаштириш учун талаб этиладиган тартиб-таомиллар сони 23 тадан 17 тагача қисқариб, бу қурилишга рухсат олиш кўрсаткичи бўйича мамлакат рейтингининг 12 поғонага яхшиланишига хизмат қилди.

Тўртинчидан, солиқ ҳисоботларини топширишнинг тўлиқ электрон шаклига ўтиш, Ўзбекистонни 138-ўриндан 78-ўринга кўтарди.

Бешинчидан, “Ягона дарча” марказлари орқали амалга ошириладиган мулкни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 73-поғонага кўтарилди.

Олтинчидан, олинадиган солиқлар миқдори бўйича Ўзбекистон 20 поғона юқорига кўтарилди. Лекин дунёнинг етакчи АҚШ, Австралия, Германия, Швеция, Туркия, Хитой ва Россия каби давлатлардагидан анча пастда қолмоқда.

Хозирги кунда Ўзбекистон корхонани рўйхатдан ўтказиш (11-ўрин), электр тармоқларига уланиш (27), шартномалар ижросини таъминлаш (39), кредитлаш тизими (55), миноритар инвесторлар ҳимояси (62), мулкни рўйхатдан ўтказиш (73) ва солиққа тортиш (78) йўналишлари бўйича жаҳоннинг биринчи 100 мамлакати қаторидан жой олди.

“Бизнес юритиш 2018” рейтингида биринчи ўринда Янги Зеландия, кейин Сингапур, Дания, Корея Республикаси ва Гонконг (Хитой) жой олган.