Нью-Йоркда одамлар умрига зомин бўлган Сайфулло Соипов ҳақида нималар маълум? (хабар янгиланди)

01.11.2017 | Жаҳон | 5131

Нью-Йоркда юк машинасида велосипедчилар устига бостириб борган Сайфулло Соипов ким?

Нью-Йорк ҳокимиятининг таъкидлашича, у грин-карта ютиб олган ва 2010 йилда АҚШга келган. Охирги вақтда у Uber такси хизматида ишлаган. Соипов юк машинасини ҳужум уюштирган куни Нью-Жерсидаги Home Depot компаниясидан ижарага олган. У одамларга ҳужумни "ИШИД" террорчилик гуруҳи номидан амалга оширгани ҳақида ёзув қолдирган.

У ҳужум қилганидан сўнг қочишга уринган, аммо Райан Нэш исмли полициячи унингқорнига ўқ отиб яралаган.

"Соипов қўриқланмоқда, у операция қилиниши керак", — деб маълум қилган шаҳар ҳокимияти Heavy нашрига.

Сайфулло Соипов Google+ ижтимоий тармоғида саҳифасига эга бўлган. Саҳифада у 2012 йилда Бруклиндаги рус ресторани ва европа кафесига боргани ҳақидаги маълумот бор холос. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари унинг Facebook'даги саҳифасини ҳам топишди, бироқ у ерда автомобилларнинг суратларидан бошқа ҳеч нарса чиқмади.

Унинг дўсти Қобилжон Маткаров журналистларга унинг яхши йигит эканлигини, унга ўз укасидек муносабатда бўлганлигини, Соиповнинг бирор гуруҳга алоқадор эканлигини билмаслигини ва "у Америкада яшаётганлигидан хурсанд эканлигини, АҚШни яхши кўришини" айтган.

Соипов ҳақида ёзган бошқа сайтларда унинг ота-онаси Тошкент шаҳрида истиқомат қилиши ва савдогарчилик билан шуғулланиши айтилган. Улар иқтисодий жиҳатдан қийналмаган, тўқ оилалардандир.

Facebook ижтимоий тармоғидаги фаоллар Соиповнинг руҳий жиҳатдан унчалик соғлом эмаслигини, даволаниш курсларини ўтаганлигини таъкидлашмоқда.