Ички ишлар вазирлиги ОАВ ва интернетни тун-у кун мониторинг қилади

02.11.2017 | Жамият | 3274

Ички ишлар вазирлиги интернет ахборот тармоғи материалларини туну-кун мониторинг қилади. Президентнинг 30 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" и қарорида бу ҳақда кўзда тутилган. 

Қарор билан Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати фаолияти ташкил этилиб, унинг тизимида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси тузилади. 

Мазкур бошқарманинг асосий вазифалари этиб — оммавий ахборот воситалари ва бутунжаҳон интернет ахборот тизими материалларини туну-кун мониторинг ва таҳлил қилишни таъминлаш, нотўғри хабар ёки ички ишлар органлари обрўсига путур етказувчи материалларга зудлик билан муносабат билдириш; ички ишлар органлари фаолиятининг ахборот таъминотига хавф туғдиришини аниқлаш, баҳолаш ва кўра билиш, мазкур хавфларга қарши курашиш бўйича таклифлар тайёрлаш кабилар белгиланди.

Бундан ташқари, 2017 йил 1 декабргача жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган жиноят ва воқеаларни ўз вақтида ва ишончли ёритиш тартиби тасдиқланиб, ички ишлар органларининг мазкур масалалар бўйича ваколатли масъул ходимларининг эфирга чиқишлари ташкил этилади.