Оятуллоҳ Хоменеий Эроннинг биринчи рақамли душманини эълон қилди

03.11.2017 | Жаҳон | 4494

Эрон олий диний раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоменеий ядровий келишувни бекор қилиш бўйича АҚШ ўтказаётган босим қаршисида чекинмасликка ваъда берди. Бу ҳақида Reuters​ агентлиги хабар бермоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида 2015 йилда эришилган келишув борасида иттифоқчиларига қарши чиққан ва шартномани бекор қилиш билан таҳдид қилган эди. Оқ уй раҳбари Эронга қарши санскиялар олиб ташланиши келишилган шартномани бекор қилиш ниятида. Доналд Трампнинг фикрларига муносабат билдирар экан, давлат телеканалида чиқиш қилган Хоменеий АҚШни Эроннинг биринчи рақамли душмани деб эълон қилган.

«Америка президентининг халқимизга қарши аҳмоқона гаплари Американинг Эрон давлатига қарши чуқур адоватини намоён этади. Америка давлатимиз учун биринчи рақамли душмандир», деб айтган Эрон раҳбари.

Оятуллоҳ Хоменеий АҚШни очиқчасига танқид қилиб келади. Эрон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик алоқалар 1979 йилги инқилобдан кейин узилиб қолган. 2015 йилда эришилган ядровий келишув ҳам икки мамлакат ўртасидаги кескинликни камайтира олмади. Шанба куни Эронда 1979 йилда Теҳрондаги АҚШ элчихонаси ишғол қилинганининг 38 йиллиги нишонланади.

Доналд Трамп 2015 йилда Барак Обама раҳбарлигида эришилган битимни «тарихдаги энг ёмон келишув» деб атаган ҳамда Эроннинг ядровий ва баллистик ракеталар бўйича дастурини кескин қоралаб чиққан. Трамп Оқ уй раҳбарлигини қўлга киритгандан сўнг, Эронга қарши янги санкциялар эълон қилиниши ўзаро муносабатларни янада кескинлаштирган.

Эрон билан ядровий шартномани имзолаган Британия, Франция, Германия, Россия ва Хитой эса келишувни АҚШ ўз хоҳишича бекор қила олмаслигини таъкидлаб келишмоқда. Эрон расмийлари шартномага қўл қўйган томонлар уни ҳурмат қилишда давом этаркан, келишувга риоя қилишларини маълум қилишган.