Ўзбекистонга италян журналистларидан иборат гуруҳ келди

03.11.2017 | Ўзбекистон | 2520

“Италиянинг туристик матбуот гуруҳи” (GIST) Ассоциациясининг делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташрифга Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси ҳамда Италиянинг GSAIR компанияси кўмаклашган.

Саёҳатда Италиянинг Il Giornale di Vicenza, Il Mattino, Brescia Oggi, Donna Moderna, Italia a Tavola, Qualitytravel, Il Giorno, Viaggi Vacanze, Veneziepost, l’Agenzia di viaggi босма ва электрон нашрларнинг журналистлари иштирок этмоқда.

Сафар ниҳоясига етгач, Ўзбекистон тўғрисида туркум мақолалар тайёрланади. Уларнинг умумий аудиторияси 2,3 млнта ўқувчини қамраб олиши айтилмоқда. Бунга нашрлар ҳамда муаллифларнинг Twitter, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги муштарийларини ҳам қўшиш мумкин.

Юртимиз ҳақидаги энг биринчи мақола Italia a Tavola журналининг веб-порталида чоп этилди. Унинг номи “Гуллар, бозорлар ва турфа маданиятлар чорраҳаси: зираворлар, мевалар ва Ўзбекистон виноси” бўлиб, мамлакатимизнинг кулинария санъати ва ранг-баранг бозорлари ҳақида ёзилган. Шунингдек, ўнлаб чиройли суратлар илова қилинган.

GIST 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, сайёҳлик журналистикасига ихтисослашгандир.