Ҳунармандларга экспортдан тушган валютани банклардан нақд олиш ҳуқуқи берилади

04.11.2017 | Иқтисод | 2563

Шавкат Мирзиёев раислигида 3 ноябрь куни ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди

Йиғилишда халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатини ривожлантириш, улар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳунармандларнинг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш, бунинг учун уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, соҳага халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, «Микрокредитбанк» раҳбарлари ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари зиммасига ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва анъаналаридан келиб чиқиб, туманлар кесимида аниқ режа ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳунармандга етиб бориш вазифаси қўйилди.

Ҳунармандларни давлат рўйхатидан ўтказиш, уларга бўш турган биноларни имтиёзли равишда бериш, асбоб-ускуна ва хом ашё материаллари билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Ҳунармандлар марказлари фаолиятини кенгайтириш, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни харидорларга етказишни осонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусан, усталарнинг ўз маҳсулотларини бозор ва супермаркетларда сотиши учун кенг имконият яратиш зарурлиги, хоҳласа ўз хонадонида дўкон очиши мумкинлиги таъкидланди.

Доимий савдо жойига эга бўлмаган, вақтинчалик жойларда савдо қилаётган ҳунармандларга савдо қилиш қоидалари асосида талаб этиладиган касса аппарати ва савдо терминалидан фойдаланиш ҳамда тижорат банкларига савдодан тушган нақд пулни инкассация қилиш талаблари ихтиёрий этиб белгиланади.

Йиғилишда берилган топшириқларга мувофиқ, ҳар бир вилоятда махсус кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилиб, уларда ҳунармандлар бепул иштирок этади. Шунингдек, уларнинг хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль ва ярмаркаларда қатнашишига кўмаклашилади.

Ҳунармандларнинг экспорт фаолияти ҳам рағбатлантирилади. Уларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, жумладан, банк ҳисобрақамларидан хорижий валютани нақд ҳолда олиш ҳуқуқи берилади. Ҳунармандликка кредитлар ажратишни кўпайтириш бўйича ҳам топшириқлар берилди.