Нью-Йоркдаги ўзбеклар: Биз терроризмнинг ҳар қандай кўринишини кескин қоралаймиз

04.11.2017 | Жаҳон | 2833

Нью-Йоркнинг Бруклин ҳудуди президенти Эрик Адамснинг ташаббуси билан Foley Squareда хотира тадбири ташкил этилди. Унда 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрининг Манхэттен ҳудудида содир этилган ваҳшиёна террорчилик хуружига муносабат билдирилди.

Тадбирда Нью-Йоркнинг кўпгина диний конфессиялар, ижтимоий-сиёсий нодавлат ташкилотлари, шаҳар мэрияси, сиёсатчилар, полиция ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида бўлиб ўтган брифингда Америкадаги туркистонлик ўзбекларнинг "Туркистон-Америка" Ассоциацияси президенти Абдуллоҳ Хўжа Манхэттенда Сайфулла Соипов томонидан содир этилган ғайриинсоний, ваҳшиёна террорчилик хуружини кескин қоралади. Жумладан, у "…биз ҳар қандай шакл ва кўринишдаги экстремизм ва терроризмни кескин қоралаймиз", —деб таъкидлади.

Брифинг сўнгида Абдуллоҳ Хўжа Америкада яшовчи ўзбек оилалари номидан бегуноҳ қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур таъзия билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда соғайиб кетишларига тилак билдирди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида оммавий ахборот воситалари вакиллари тадбир иштирокчиларига кўплаб саволлар билан мурожаат қилдилар. Аксарият саволлар ўзбек диаспорасининг раҳбари Абдуллоҳ Хўжага қаратилган эди.

Абдуллоҳ Хўжа журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, ўзбек халқининг қадим тарихи ва бой маданияти, ўзбек ҳудудидан чиқиб, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган Имом Ал Бухорий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Ал Фарғоний, Ал Беруний, Алишер Навоий сингари даҳолар тўғрисида фахр билан сўзлади.

"Асрлар оша давом этиб келаётган маънавий-ахлоқий қадриятлар асосида яшайдиган ҳар бир ўзбек оиласида таълим-тарбияга катта эътибор бериш анъанага айланган", деди у.

Абдуллоҳ Хўжа терроризмга қарши курашда АҚШ ҳудудида ин қуриб олган турли хил террористик оқимлар, кучлар ва ташкилотлар билан жиддий шуғулланиш вақти келганини айтиб ўтди.

Ундан ташқари, ўзбекистонлик кучли билимли имомлар, уламоларни АҚШга юбориб, омма орасида улар билан асл исломий таълимотлар борасида турли очиқ мулоқотлар, тадбирлар ўтказиш лозимлигини, Ватандан Ислом динини тарғиб қилувчи янги китобларни кўпроқ олиб келиб, уларни тўғри тарғибот-ташвиқот қилиш, тарқатиш ҳақида сўз юритди.

"Шундагина биз ватандошларимизни бу ердаги бошқа салбий оқим ва террористик гуруҳларга аъзо бўлишдан асраб қолган бўламиз", дея таъкидлади Абдуллоҳ Хўжа.

У бу воқеа бугунги кунда Америкада ташкил этилган ўнлаб ўзбек ташкилотларининг олиб бораётган барча саъй-ҳаракатларини бирлаштириш заруратини яна бир бор тасдиқлашини билдирди.

Шунингдек, Абдуллоҳ Хўжа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган оқилона ички ва ташқи сиёсатини маъқуллаб, қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.

"Биз Америка Қўшма Штатлари халқи билан доимо биргамиз ва ҳар томонлама бирдам, ҳамжиҳат эканлигимизни яна бир бор изҳор этамиз, — дея сўзини якунлади у.

Мавлон ШУКУРЗОДА, Нью-Йорк, АҚШ.