Нега “Капиталбанк”нинг инфокиосклари яхши ишламаяпти?

04.11.2017 | Ўзбекистон | 2558

Sof.uz сайтига “Капиталбанк”нинг Фарғонадаги инфокиоск аппарати соз ишламаётгани хабари етиб келди.

Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманининг электр тармоқлари идорасига ўрнатилган инфокиоск яхши ишламаётганлиги туфайли мижозлар узоқ навбат кутишга мажбур бўлмоқда. Ўтган ҳафтада ушбу даргоҳда бўлган мижоз ҳикоя қилади:

-Электросетга электр ҳақини тўлагани бордим. Аввал эшикдан кирганда чап томондаги хонада пул тўланади, сўнг чекни олиб коридордаги мижозлар билан ишлаш хонасига кирса, электрон ҳисоблагичнинг пластик картасига тегишли кВт-соатни тушириб беради. Пул ўтказадиган хона тиқилинчлигидан одамлар коридоргача чиқиб турибди. Пахта мавсумилиги учун бўлса керак – ҳамма шошган, вақт тиғиз. Тўғри, хизматчилар ишлашяпти, аммо эшикнинг ёнига қўйилган инфокиоск орқали пул ўтказса, навбат анча камаяди. Бу инфокиоск дегани эса ишламаяпти. Идоранинг ходимларидан бири билан аппаратни ишлатишга кўп уриниб кўрдик, аммо тармоқда қандайдир носозлик борлиги учунми, ишламади. Кейин аппаратга ёзиб қўйилган техник хизматнинг телефон рақамига қўнғироқ қилдим. Кўтариб, тузатгани одам жўнатишга ваъда беришди. Шуни соз ишлайдиган қилиб қўйса бўлмайдими? Идоранинг бошқа ходимларидан суриштирсам, бу аппарат тез-тез ишламай қоларкан, - деди Ўзбекистон тумани электр тармоқлари идорасида бўлган истеъмолчилардан бири.

Шунингдек, у расмлар ҳам жўнатган.

Расм хира бўлса-да, эшик оғзидаги навбатни кўриш мумкин.