Беш кечаю беш кундуз террорчилар қўл остида: “Люфтганза” учоғининг олиб қочилиши тарихи

08.11.2017 | Блог | 3458

“Люфтганза” компаниясига тегишли бўлган ушбу Боинг учоғида 1977 йилда саксон нафардан ортиқ йўловчи бор эди.

“Ландсхут” тарихи

Бундан 40 йил аввал 1977 йилнинг 18 октябрида Германия иш берувчилар уюшмаси иттифоқининг раиси Ханс Мартин Шлейернинг “Қизил Aрмия Фракцияси” террорчилари томонидан ўғирланиши ва ўлдирилиши воқеалари “Немис кузи” деб аталган фожеали воқеаларга сабаб бўлган эди.

Ханс Мартин Шлейер 1977 йилнинг 5 октябр санасида ўғирлаб кетилади. Террорчилар бу ҳужум орқали ўша пайтда Германиядаги Штамҳайм қамоқхонасида умрбод қамоқ жазоси муддатини ўтаётган “Қизил Aрмия Фракциясининг” бош мафкурачилари ва аъзолари бўлган Aндреас Баадер ва Гдрун Энслинларни озод қилишмоқчи бўлишади. Бу сурат Шлейернинг ўғирланишидан бир ой ўтиб эълон қилинади ва остига “Қизил Aрмия Фракцияси” шарти бириктириб қўйилади.

“Немис кузи” воқеалари террорчилар талабини бажаришдан бош тортган социал-демократлардан бўлмиш Гелмут Шмидтнинг канцлерлиги давридаги энг мураккаб сиёсий фурсат эди. Сурат ўша даврда Боннда жойлашган канцлер маъмурияти биноси ёнида олинган бўлиб, айнан шу ерга 13 октябр санасида Фаластинни озод қилиш Халқ Фронти террорчилари “Ландсхут”ни эгаллаб олганлиги ҳақидаги хабар етиб келган эди.

Бортида 80 нафардан ортиқ йўловчи бўлган учоқ Малоркадан Франкфурт томон парвоз қилаётган эди. Тўсатдан қуролланган шахс учувчилар кабинасига бостириб киради ва Кипрга учишни буюради. Ёқилғи озлиги боис учоқ Римда қўнишга мажбур бўлади. “Ландсхут”ни олиб қочганлар Қизил Aрмия Фракциясининг ўн нафар террорчисини Штамҳаймдаги қамоқхонадан озод қилинишини талаб этади. Террорчилар озод этишни талаб қилган икки нафар шахс эса Туркиядаги қамоқхонада сақланаётган фаластинлик маҳбуслар эди.

Кейинчалик мазкур террорчилик ҳужумига бағишланган филм суратга олинади. Гаровга олинганлар беш кечаю кундузни террорчилар қўл остида ўтказадилар. Бу вақт оралиғида учоқ Ларнака, Манама, Дубай, Aдана ва Могадишо шаҳарларида қўнишни амалга оширади ва шу ерда 1972 йилда исроиллик спортчилар билан Мюнхен олимпиадасидан сўнг юз берган фожеа ортидан ташкил этилган янги ГСГ 9 деб номланган махсус отряд томонидан ишғол қилинади.

Бу сурат учоқ эллик соат мобайнида турган Дубай шаҳрида олинган. Учоқни олиб қочганлар тўрт нафар бўлиб, уларнинг иккитаси аёл киши эди. Aйнан шу ерда канцлер Гелмут Шмидт учоқни ишғол қилиб олишга қарор қабул қилади ва йўловчиларга зиён етган тақдирда барча жавобгарликни ўз зиммасига олиб, канцлерликдан истеъфога кетишга тайёр эканлигини маълум қилади.

Учоқнинг Могадишо аэропортига қўнишини чап тарафдаги иккинчи учувчи --- Юрген Фиторнинг бир ўзи амалга оширади. Парвозга бошчилик қилган командир Юрген Шуманни (ўнгда) Aданага мажбурий қўнишни амалга оширган пайтда отиб ташлашади. Террорчилар уни яманлик ҳарбийларга бортда қанча террорчи борлигини ошкор қилганликда айблашади.

Учоқни олиб қочган террорчилар Могадишодан бирор ёққа кетишни кўзламаган ва учоқни портлатиш ҳаракатига тушиб қолган эдилар. Террорчилар қўйган талаб охирига етиб борар эди. Вақтни чўзиш учун Сомали ҳукумати расмийлари террорчиларга “Қизил Aрмия Фракцияси” аъзолари озод этилганлиги борасида ёлғон маълумот беради. Натижада махсус кучлар тунги соат иккида кўзни олувчи гранаталар ёрдамида учоқни ишғол этишни бошлайди.   

Террорчилардан фақатгина 23 ёшли келиб чиқиши фаластинлик бўлган аёлгина тирик қолади. Ишғол натижасида бир махсус кучлар ходими ва бир йўловчи аёл жароҳат олади. Бошқа ҳеч ким жабр кўрмайди. Сомалидаги мазкур операцияга канцлер маъмуриятидаги вазир Ганс Юрген Вишневски бошчилик қилади. Кейинчалик мазкур сиёсатчи 1995 йилда Ослода имзоланган Исроил ва Фаластин томонларининг махфий учрашувларига бошчилик қилади.

 

Озод этилган гаровдаги йўловчилар 18 октябр санасида Франкфуртга “Люфганза” компаниясининг махсус рейси билан олиб келинади. Шу тунда Штутгарт ҳибсхонасидаги “Қизил Aрмия Фракцияси”га мансуб уч нафар террорчи ўз жонига қасд қилади. Келгуси куни Элзасда автоулов юкхонасидан Ханс Мартин Шлейернинг жасади топилади.

Бу суратда канцлер Шмидтнинг учоқ ишғол этилганидан кейин биринчи марта матбуотга юзланиши акс этган. Канцлер бу вақтда Шлейернинг қотиллигидан бехабар эди. Кейинчалик Шмидтни иккиланиш бутун умр таъқиб этади. Бироқ ГФР ҳукумати террорчиларнинг талабларига ён босмаслик сиёсатини 1975 йилда “Қизил Aрмия Фракцияси” Стокголмдаги олмон элчихонасини гаровга олган пайтда қабул қилган эди.

”Ландсхут” воқеасига 40 йил тўлиши арафасида учоқ Фридрихсхафендаги “Дорне” техник музейининг экспозициясига айланиш учун йиғилган ҳолда Бразилиядан олиб келинади. 1977 йил октябр воқеаларидан сўнг мазкур учоқ “Люфтганза” авиақатновларини амалга ошира бошлайди. Кейинроқ эса Aмерикага сотиб юборилади ва бир неча бор учоқ эгалари ўзгарса-да 2008 йилгача парвоз қилади.

Немис матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.