Шавкат Мирзиёев «Ўзтрансгаз» ва «Ўзбекэнерго» фаолиятини жиддий танқид қилди

09.11.2017 | Ўзбекистон | 3354

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўздавенергоназорат» ва «Ўздавнефтгазинспекция» инспекциялари ҳадма «Ўзтрансгаз» ва «Ўзбекэнерго» компаниялари фаолиятини қониқарсиз деб топди.

Бу ҳақда Президент томонидан 8 ноябрь куни имзоланган « Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда сўз боради. Қарор матни ва шарҳи ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қарорнинг кириш қисмида қайд этилишича, «истеъмолчилар тоифасини инобатга олган ҳолда етказиб берилаётган энергия ресурслари қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашишнинг мавжуд эмаслиги улардан нооқилона фойдаланишга олиб келмоқда».

Айни вақтда, «бино ва иншоотларнинг қурилиши ва реконструкция қилинишида энергия тежамкор материаллар ва технологияларни қўллашга етарли эътиборнинг мавжуд эмаслиги ҳам энергия ресурсларининг ортиқча сарф қилинишига олиб келмоқда».

Шу муносабат билан, 2018 йил 1 январдан бошлаб етказиб берилаётган электр энергия қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашишдан фойдаланилиши, 2022 йил 1 январдан эса давлат органлари ва ташкилотлари марказлаштирилган иссиқ сув таъминотидан узиб қўйилиши назарда тутилмоқда.

Қайд этишларича, бугунги кунда 35 та биогаз ишлаб чиқарувчилар, 10 та қуёш электр энергияси етказиб берувчилар ва микрогидроэлектр станциялардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи 5 та корхонанинг имкониятлари тўлиқ очиб берилмаган.

Шу муносабат билан, Президент қарорида муқобил энергия манбаларини жорий этиш юзасидан тадбиркорлик фаолиятини самарали рағбатлантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий асосларни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.

Бундан ташқари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан тасдиқланган 300 дан ортиқ шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Шуни инобатга олиб, қарорда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни қўллаш борасида «Энергия тежаш миллий компанияси» билан келишилиши назарда тутилмоқда.

«Давлат раҳбарининг мазкур қарори, шубҳасиз, Ўзбекистонда замонавий энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш бўйича фаолиятни жадаллаштиришга хизмат қилади, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланилишини таъминлайди», — деб ёзади ЎзА.