Адабиётдаги сиёсатдон, сиёсатдаги адиб

09.11.2017 | Жамият | 2589

1966 йилнинг бошлари анча ташвишли бўлди. 4-10 январь кунлари Тошкентда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида музокаралар ўтказилиб, Тошкент Декларацияси имзоланди. Албатта, бу музокараларни ташкил қилишда ва ўтказишда Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан, Шароф Рашидовнинг роли катта бўлди.

Маълумки, Буюк Британия мустамлакаси бўлган Ҳиндистон мустақилликка эришди ва 1947 йил 15 август куни иккита мустақил давлат — Ҳиндистон ва Покистон ташкил топганлиги эълон қилинди. Ҳиндистоннинг диний мансублик асосида икки давлатга бўлиниб кетиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Бўлиниш пайтидаги можароларда одамларнинг оммавий қирғин қилиниши узоқ йиллар давомида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида ўзаро душманлик ҳиссини юзага келтирди. Ўз юртини ташлаб, бошқа худудларга кўчиш ҳам миллионлаб кишилар ҳаётига таъсир қилди, 17 миллион киши уй-жой ва мол-мулкидан айрилди. Ўзаро қирғин пайтида кўплаб кишилар ҳалок бўлди, фақат 1948 йил январигача 2 миллион киши жабр кўрди.

Шундай ҳолатда, икки давлатни яраштириш мақсадида 1966 йил январда Тошкентда, собиқ Иттифоқ Министрлар Совети раиси А.Н.Косигин воситачилигида, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар муваффақиятли якунланиб, Тошкент Декларацияси қабул қилингандан сўнг, 10 январь куни Ҳиндистон Бош вазири Л.Б.Шастри тўсатдан вафот этди.
Л.Б.Шастрининг тўсатдан вафот этиши турли миш-мишларни келтириб чиқарди. Ҳатто, ошпазлар томонидан заҳарланган деган тахмин ҳам пайдо бўлди. Москвадан зудлик билан катта комиссия жўнатилди. Комиссиянинг хулосаси, яъни Л.Б.Шастрининг юрак хуружидан вафот этганлигини аниқлаши барча миш-мишларга хотима ясади. Тошкентда кўча ва мактабга Л.Б.Шастри номи берилди, унинг бюсти ўрнатилди.

1966 йил 3-5 март кунлари Тошкентда собиқ Ўзбекистон Компартиясининг XVII съезди бўлиб ўтди. Съездда Ш.Рашидов ўз мавқеини анча мустаҳкамлаб олди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети таркиби тўртдан бир қисмга ўзгарди, бир қатор область партия комитетларининг биринчи секретарлари алмаштирилди. Съезд Ш.Рашидовни кейинги муддатга Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайлади.

1966 йил 29 мартдан 9 апрелгача Москвада партиянинг XXIII съезди бўлиб ўтди. Съездда Ш. Рашидов бошчилигида 140 нафар ўзбекистонлик делегатлар иштирок этди. Съезд Н.Хрушчёв ҳокимиятдан ағдарилгандан сўнг ўтказилган биринчи катта анжуман бўлса-да, анча зерикарли руҳда ўтди. Бу янги ҳокимиятга келган раҳбарларнинг иттифоқда бир маромдаги тинч ҳаётни (биринчи ўринда ўзлари учун) таъминлашга қаратилган интилиши билан изоҳланади.

Съезддан ўзига хос таассуротлар билан қайтган Ш.Рашидов кундалик ишлар билан банд бўлди. 17 апрель куни у Тошкентда Белоруссия адабиёти ва санъати декадасининг тантанали очилиш маросимида қатнашди. Декада 25 апрель куни ёпилди. Декада кунлари Тошкентда турли учрашувлар, концертлар уюштирилиб, одамлар декада меҳмонларини катта таассуротлар ва яхши кайфият билан кузатишди. Ҳеч нарса эртаси тонгда юз берадиган фалокатдан дарак бермасди.

1966 йил 26 апрелда тонгги соат 5 дан 23 дақиқа ўтганда Тошкентда Рихтер шкаласи бўйича 8-9 баллик зилзила юз берди. Ернинг қаттиқ қимирлаши 10-12 секунд давом этди. Бу 10 кв. км. майдондаги биноларнинг вайрон бўлишига олиб келди. Фақат ер қимирлаши горизонтал эмас, вертикал ҳолда юз берганлиги учун вайронгарчиликлар ва қурбонлар нисбатан кам эди. 8 киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар жароҳат олди.

Зилзила оқибатида Тошкент шаҳрининг маркази деярли тўлиқ вайрон бўлди. 2 миллион кв.метрдан зиёд тураржойлар, 236 та маъмурият бинолари, 700 га яқин савдо ва умумий овқатланиш объектлари, 26 та коммунал корхоналар, 181 та ўқув юртлари, 36 та маданият идоралари, 185 та тиббиёт ва 245 та саноат корхоналари бинолари бузилди. 78 минг оила ёки 300 минг киши бошпанасиз қолди. Бутун йил давомида 7 баллгача бўлган ер силкинишлари такрорланиб, одамларни доимий безовта қилиб турди. Шундай ер силкинишлари 1966 йил 9 ва 24 майда, 5 ва 29 июнда, 1967 йил 24 мартда такрорланди.

Айтиш лозимки, шу даврда Ш.Рашидов бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбарияти жуда катта ташкилий ишларни амалга оширди. Зилзиладан кейин зудлик билан мингдан зиёд чодирлар (палатка) қурилди, 600 га якин вактинчалик магазинлар ва умумий овқатланиш жойлари ташкил қилинди. 15 минг оила ўз розилиги билан Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига ёки бошқа республикаларга кўчирилди. Тошкентлик 23 мингдан зиёд болалар иттифоқнинг 94 та областларидаги оромгоҳларда дам олди.

1966 йил қиш бошлангунча биринчи даражали вазифа бажарилди — 300 минг киши бошпана билан таъминланди. Жуда қисқа вақт, 3,5 йил ичида зилзила оқибатларини бартараф килиш вазифаси тўлиқ уддаланди. Тошкентда 2 миллион 200 минг кв. метр уй-жой қурилди. Шундан 1 миллион 800 минг кв.метр уй-жойни барча иттифоқдош республикалар ўз ҳисобидан бунёд этишди. Ҳатто, бошқа давлатлардан ҳам қурувчилар ёрдамга келишди. Масалан, 1963 йили 8 балли зилзилани бошдан кечирган Македониянинг (у пайтда Югославия таркибига кирарди) пойтахти Скопье шаҳридан ҳам ёрдамга келишди. Кейинчалик Тошкент ва Скопье биродарлашган шаҳарлар деб эълон қилинди, Тошкентда ўша даврнинг энг мода бўлган кийимларини сотадиган «Скопье» дўкони очилган эди.

Ўша даврда совет ташвиқоти кўпчилик кишиларни сафарбар қилишда катта роль ўйнаган бўлса-да, бугун зилзила гувоҳи бўлган тошкентликлар, кейин қурилишга келган бошқа оддий кишиларнинг хотираларини ўқиб, уларнинг асосий қисми бошига ташвиш тушган дўстига чин дилдан ёрдам бериш учун келганлигига, сиёсий ташвиқотнинг сохталигига қарамасдан, одамлар, халқлар, миллатлар оғир дамда бир-бирига беминнат ёрдам қўлини чўзишга қодир эканлигига амин бўламиз. Узоқ йиллар ўтгандан сўнг айрим раҳбарларнинг халқлар ўртасидаги бу дўстликка писандсизлик билан қараб, «Зилзиладан кейин қурилган уйларда четдан келиб, уни қурганларнинг ўзлари яшаб қолди», деган гаплари Тошкентни тиклашга беминнат ёрдам кўрсатган кишилар шаънига ҳақоратдек туюлади. Чунки, масалан, Тошкентга ёрдам фонди ташкил қилинган бўлиб, унга барча республикалар аҳолисидан 10 миллион рублдан ошиқ маблағ келиб тушган. Бу маблағнинг 5,5 миллион рубли зарар кўрган хусусий уйларни тиклаш учун одамларга бўлиб берилди. Бу кўплаб оилаларга совуқ тушгунча чодирлардан ўз уйларига кўчиб ўтиш имконини берди. 1 миллион рублга яқин пул мухтожларга ёрдам учун тарқатилди. Маблағнинг қолган қисми болаларга бепул овқат ташкил қилишга йўналтирилди. Зилзиланинг кўплаб гувоҳлари ёзиб қолдирганидек, ўша кунлари Тошкентда бирорта ўғрилик ёки оғир жиноят ҳоллари бўлмаган. Айтишларича, ҳатто жиноятчилар ҳам вақтинча ўз «касблари»ни тўхтатган экан. Жуда оғир табиий офатни бошдан кечирган, уни матонат билан енгиб ўтган тошкентликлар, оғир дамда ёрдамга келган бошқа юрт ва миллат вакиллари, кўлами бўйича ниҳоятда улкан қурилиш ишларининг бошида турган, Тошкентни нафақат қайта тиклаш, балки Шарқ машъалига айлантириш режаси билан тинимсиз ҳаракат қилган Ш.Рашидов шаънига бугун ҳам тасаннолар айтишимиз лозим.

Зилзиладан кейинги тикланиш даврида ўзбек адабиёти ва санъати ўзининг юксак даражасини намойиш қилди. Ф.Раззақов “Коррупция в политбюро: дело “красного узбека” китобида бу ҳақда ёзувчи А.Устименконинг қуйидаги фикрларини келтиради: «Бу даврдаги ўзбек адабиёти чекка бир ўлка адабиёти эмасди. Бу даврда ўзига ҳеч қандай адабий эркинликни эп кўра олмайдиган Москва журналлари чекка ўлка журналлари бўлиб қолганди. «Звезда Востока» эса бундай эркинликларни ўзига эп кўрарди.

Журналнинг 1966 йилги Тошкентдаги зилзила фожиасидан кейин чиққан сони мамлакатда жуда катта шов-шув ва қизиқиш уйғотди.
Шу йили кўплаб машҳур ёзувчи ва шоирлар ўз асарларини нашр этиш учун журналнинг навбатдаги сонига беришга, қалам ҳақини эса Тошкентни тиклаш фондига ўтказишга қарор қилдилар. Шундай ҳам қилдилар.

Журналнинг ҳар бир сони жуда қизиқарли чиқарди. Уни топишнинг иложи йўқ эди. Чунки унинг саҳифаларида ўша пайтда жуда машҳур бўлган А.Вознесенский, Б.Ахмадулина, Е.Евтушенко ва ҳоказоларнинг асарларигина эмас, балки Михаил Булгаков, Осип Мандельштам ва Исаак Бабель кабиларнинг ҳам асарлари (узоқ йиллар нашр қилинмаган) пайдо бўлди...
Журналнинг доимий муаллифлари орасида шоир Сергей Есениннинг қизи — ёзувчи Татьяна Сергеевна Есенина, «Уста ва Маргарита» романини нашр қилишга илк бор ҳаракат қилган адабиётшунос А.Вулис бор эди».
Ш.Рашидов шу даврда Москвага келганида таниш ёзувчилар ундан «Звезда Востока» журналининг шу сонини олиб келишини илтимос қилади. Айтишларича, Москвада журналнинг ўша сонини топиб бўлмасди.

Л.И.Брежнев даврида Ўзбекистонда ижтимоий соҳа ривожига энг катта таъсир кўрсатаётган восита пахта бўлиб қолаверди.
Айнан шу йиллари пахта ҳосилдорлиги жуда секин ўсди. 1965 йили 3 миллион 903 минг тонна «оқ олтин» етказиб берган пахтакорларимиз кейинги йили 180 минг тонна кўп пахта берди. 1967 йили ҳосилдорлик деярли ўсмади, 1968 йили эса камайди ва 4 миллион 10 минг тоннадан камроқни ташкил қилди. Табиийки, Москвадаги раҳбарлар норозилик билдира бошлашди. Аслида бу даврда жуда эҳтиёткор бўлган Л.И.Брежнев республикалар раҳбарларини деярли ўзгартирмади. Ўрта Осиё республикаларидан фақат Қозоғистон Компартиясининг раҳбари алмашди: Л.И.Брежнев Қозоғистонда ишлаган пайтда у билан дўстлашган Д.Кунаев ҳокимиятга қайтарилди.

Шунга қарамасдан, Ш.Рашидов янги раҳбарият олдида ўз мавқеини мустаҳкамлашнинг ягона йўли пахта ҳосилдорлигини ошириш эканлигини яхши тушунарди. Натижада, бир қатор олимларнинг маслаҳати билан пахтанинг етилишини сунъий равишда тезлатиш учун кимёвий усулдан фойдаланишга катта эътибор қаратилди. Дифолиант восита сифатида бутифос кенг қўлланила бошланди. Албатта, бу экологик зарарли восита эканлигини Ш.Рашидов ҳам яхши биларди, аммо ўша пайтда Марказ билан республика учун фойдали муносабатлар ўрнатишнинг бошқа йўли йўқ эди. Марказнинг иродасига қарши бориш жуда тезлик билан ишдан олинишига олиб келишини ҳам Ш.Рашидов яхши тушунарди.
1967 йил 6 ноябрда Ш.Рашидов 50 ёшга тўлди. Москва уни Ленин ордени билан мукофотлади. Аммо Ш.Рашидовнинг туғилган куни большевиклар даврининг энг асосий байрами — «Улуғ Октябрь социалистик революцияси» куни билан бир вақтга тўғри келганлиги сабабли кўпчилик учун «катта байрам»нинг соясида қолиб кетди. Республиканинг марказий газеталари, радио ва телевидение ҳам асосан «катта байрам»ни ёритиш билан банд эди.
Шу йиллари ўзбек адабиётининг бир қатор йирик вакиллари оламдан ўтди. 1966 йил 10 июлда ўафур ўулом, 1968 йил 25 майда Абдулла Қаҳҳор, шу йил 1 июлда Ойбек вафот этди. Ш.Рашидов ўзи ижодкор бўлганлиги учун бу катта авлод вакилларининг ҳаммаси билан яхши таниш, улар ижоди учун шароит яратишга ҳаракат қилган раҳбар эди. Шунга қарамасдан, кўп йиллар давомида Ш.Рашидов билан А.Қаҳҳор ўртасидаги муносабатлар тўғрисида, айниқса, ижодкор адабиётчилар орасида турли хил миш-мишлар тарқалди. Аммо, айтиш лозимки, ижодий нуқтаи назар ва принцип одамларни бир-бирига душман қилиб қўядиган бўлса, унда адабий танқид, танқидчилик деган тушунчаларнинг ўзи бўлмаслиги лозим эди. Агар Ш.Рашидов А.Қаҳҳорнинг «Қўшчинор чироқлари» ва «Тобутдан товуш» асарларини танқид қилган бўлса, бу ижодкор ва коммунист сифатида Ш.Рашидовнинг қараши, худди шундай, А.Қаҳҳорнинг ҳам Ш.Рашидов тўғрисида ёзганлари унинг шахсига эмас, ижодига қаратилган эди. Айтиш лозимки, А.Қаҳҳор нафақат истеъдодли ёзувчи, балки тўғрисўз киши ҳам бўлган.

Ш.Рашидов А.Қаҳҳорни ва у сингари ўз позициясига эга бўлган ижодкорларни расман қўллаб-қувватлаш имкониятига эга эмасди. Чунки у фақат ёзувчи эмас, айни пайтда, Ўзбекистон Коммунистик партиясининг раҳбари ҳам эди. Аммо Ш.Рашидов улар совет режими томонидан жазоланмаслиги ва маълум маънода ўзини ҳимояланган ҳис қилишлари учун қўлидан келганича ҳаракат қилган. Айниқса, Н.Хрушчёвни ҳокимиятдан ағдариб, ўрнига келган партия аппаратчилари “илиқлик” даврида мамлакатда, биринчи навбатда, зиёлилар орасида кенг тарқалган ҳурфикрликни йўқ қилиш йўлини тутган бир пайтда, ҳурфикрликни қўллаб-қувватлаш Ш.Рашидов учун осон эмасди. Аммо Ш.Рашидов уларнинг ҳақлигини яхши тушунарди. Бу ҳақда россиялик ёзувчи ва журналист Фёдор Раззаков шундай ёзади: «Бу даъволарнинг кўплари ҳақиқат эканлигини Ш.Рашидов тушунмасди, деб ўйлаш соддалик бўларди: у Қаҳҳордан ёш бўлсада (10 ёшга кичик эди), маълумоти ундан кам эмас, зукко инсон эди. Аммо Ш.Рашидов СССР таркибидаги йирик (Ўрта Осиёдаги энг катта) республикалардан бирининг раҳбари ҳам эди, шу сабабли кўпинча у ўз фаолиятида фақат ўзининг шахсий эътиқодига эмас, Москвадан жўнатилган йўл-йўриқлар каби ўзга омилларга таянишга мажбур эди. Масалан, агар Қаҳҳор (унинг бошқа издошлари ҳам) республикадаги ҳолат бўйича ўз танқидини фақат ўзига маълум бўлган фактларга асосланиб айтган бўлса (унга унчалик кўп нарса маълум бўлмаган), Ш.Рашидов ундан анча кўп ахборотга эга эди ва шунинг учун у муаммони совет режими танқидчиларига нисбатан анча кенг тасаввур қиларди. Аммо Ш.Рашидовда ўз фикрларини республика жамоатчилиги билан ўртоқлашиш имконияти йўқ эди, шу сабабли у қилиши мумкин бўлган ягона иш — либерал кайфиятдаги зиёлиларга, уларнинг кўплаб қарашларига қўшилиши ҳақида ишора қилиш эди. Қаҳҳор ўзининг танқидий қарашлари авжига чиққан бир пайтда Ўзбекистон раҳбарлари томонидан ҳар томонлама сийлангани шу сабабли эмасми? 1966 йили унга Ҳамза номидаги давлат мукофоти, бир йилдан кейин эса Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони берилди».

Бунга қўшимча қилиб шуни айтиш мумкин: ўз қарашлари учун «таъқиб қилинган» А.Қаҳҳорга Ўзбекистоннинг энг юқори лавозимлардаги раҳбарлари учун қурилган 10 та уй (коттеж)дан биттаси берилди, 1967 йил сентябрда А.Қаҳҳор таваллудининг 60 йиллиги Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри биносида тантанали нишонланди (бундай шараф ёзувчиларнинг ҳаммасига ҳам насиб қилмаган). А.Қаҳҳорнинг касаллиги оғирлашганда Ш.Рашидов самолётда ўша даврда Ўзбекистоннинг тўрт-бешта раҳбарлари даволаниши мумкин бўлган Кремлнинг ёпиқ касалхонасига ётқизди ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг ходимлари у кишининг ҳолидан доимий хабар олиб турди. 1968 йил 25 майда А.Қаҳҳор вафот этганда Ш.Рашидов махсус самолёт ташкил қилиб, унинг майитини Тошкентга олиб келтирди ва Чиғатой қабристонида катта иззат-ҳурмат билан дафн этилди. Бунда Ш.Рашидов ўзининг А.Қаҳҳор ижоди ва шахсига муносабати қандай бўлишидан қатъи назар, юксак сиёсий маданияти ва ноёб инсоний фазилатини намоён қилди. Кейинчалик ёзувчи ва шоирларимиз, умуман, ижод аҳлининг кўпчилиги Ш.Рашидов давридаги Абдулла Қаҳҳор сингари «таъқиб қилинишни» орзу қилган бўлса, ажаб эмас.

Шу маънода, Шароф Рашидов республиканинг барча раҳбарлари орасида энг ўқимишли, маданиятли, ўзгалар фикрини ҳурмат қиладиган, кескин шароитлардан чиқиш йўлини топа оладиган ва доим келишувга тайёр бўлган уддабурон сиёсатчи эди. Бу хислатларсиз Ш.Рашидов республика мустақил бўлмаган шароитда бунчалик узоқ вақт — чорак аср давомида ҳокимият тепасида турмаган бўларди.

Шароф Рашидов совет мустабид тузумида улғайди, унга хизмат қилди. Аслида ватанда, замонда яшаб, шу замоннинг воқеаларига дахлдор бўлмасликнинг иложи йўқ. Фақат ҳар бир киши ўзи эгаллаган мавқеига қараб кўпроқ ёки камроқ дахлдор бўлади, унинг жавобгарлик даражаси ҳам шу билан ўлчанади. Шароф Рашидов эса узоқ вақт жуда катта мавқега эга бўлган шахс эди. У тўққиз йил Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумига, салкам йигирма беш йил Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига раҳбарлик қилди. Шароф Рашидов ўзининг 66 йиллик умрининг ярмидан кўпини бевосита республикани бошқаришга, уни ривожлантиришга, халқ фаровонлигини оширишга сарфлади.

Ш.Рашидов ёзувчи сифатида ҳам ўз даврини, шу давр муаммолари, қувонч ва ташвишларини ёритишга ҳаракат қилди. У социалистик реализм бутун маданият учун ягона тўғри усулга айланган советлар даврининг ёзувчиси эди. Бу ҳақда таниқли олим ўайбулла Саломов шундай ёзган эди: «Шароф Рашидов шунчаки, қатордаги бир адиб эмас. У, ўзи хоҳлайдими-хоҳламайдими, адабиётдаги сиёсатдон ва сиёсатдаги адиб эди».

1992 йил Ш.Рашидов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тантанада Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов сўзга чиқиб, жумладан, шундай деган эди: «Шароф Рашидов бизга ва келажак авлодларга катта мерос қолдирди. Бу мероснинг моҳияти — Шароф Рашидовнинг табиатан камтар, ҳалол, покиза ва ажойиб инсоний фазилатларга эга бўлган раҳбар сифатидаги ибратидир. Рашидов — ўзбек номини улуғлаш учун унинг энг юксак фазилатларини намоён қилишга жонини фидо этган инсондир. Шу туфайли халқимиз юрагидан муносиб жой олган ва унинг меҳрига сазовор бўлган».
1992 йили шу тантаналарда иштирок этиш учун Ўзбекистонга кўплаб меҳмонлар, қўшни республикалардан Ш.Рашидовнинг сафдошлари, улар қаторида Қозоғистон Компартияси Марказий Комитетининг собиқ биринчи секретари Д.Кунаев ҳам келади. Айтишларича, Д. Қўнаев Тошкент метросида сайр қилиб, «Халқлар дўстлиги» (ҳозирги «Бунёдкор») бекатидан «Мустақиллик майдони» бекатигача келади ва Ш.Рашидов дастлаб дафн этилган Ўзбекистон тарихи давлат музейи қаршисидаги майдонни зиёрат қилиб, кўпчиликнинг қалбидан чуқур ўрин олган гапни айтади: «Шароф Рашидов ўлган эмас, Тошкентда шундай биноларни қурган инсон ҳеч қачон ўлмайди!». Бу Шароф Рашидовни жуда яхши билган ва ҳурмат қилган кишининг чин дилдан айтган самимий ва ҳаққоний гапи эди.

Шуҳрат ЭРГАШЕВ,
тарих фанлари номзоди

adolatgzt.uz