AҚШ етакчиликни Хитойга бой беряптими?

10.11.2017 | Таҳлил | 3253

Президент Д.Трампга Хитойга ташрифи чоғида кўрсатилган дабдабали қабулни сезмасликнинг ҳеч ҳам иложи йўқ, гарчи бу икки раҳбар ва улар бошқараётган мамлакатлар тамомила икки хил йўналишда ҳаракатланаётган бўлса-да.

Октябр ойида ўтказилган Компартия мажлисида Си Цзинпин осмон ости мамлакатининг мутлақ раҳбарига айланган эди. Си Цзинпиннинг фикрлари Мао Цзедун ва Ден Сяопин каби номдор шахсларнинг даражасига кўтарилиб, мамлакат конституциясида белгилаб ҳам қўйилди. Aнъаналарга зид равишда жаноб Цзинпин ўз вориси номини эълон қилмади ва ҳокимиятда беш йиллик муддати тугаган бўлса-да, яна шунча муддатга қолиш истаги борлиги ҳақида жамоатчиликка ишора қилиб қўя қолди. Economist нашри эса жаноб Сини, одатга хилоф бўлса-да, дунёнинг энг таъсири кучли раҳбари унвони билан сийлаб ҳам қўйди.

AҚШ президентлари орасида энг рейтинги паст президент кўрилган жаноб Трамп 8 ноябрда Пекинга қўнган учоқ зинасидан пастга тушди. Тадқиқотларга кўра, Жаноб Трампнинг хориждаги обрўси ҳам, шиддат билан пастлаб боряпти ва AҚШ раҳбариятига бўлган ишонч ҳам йўқолиб бормоқда.

Ҳозирча, жаноб Трамп ва жаноб Сининг шахсий траекториялари турлича бўлса-да, улар бошчилик қилаётган маъмурият расмийлари мақсадлари ҳам айро тушмоқда. Жаноб Трампнинг ўй-фикрлари деворлар қуриш билан банд бўлган бир кезда жаноб Си кўприклар қуриш борасида бош қотирмоқда.

 Январ ойида бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумда жаноб Си Хитойни халқаро савдо ва глобализациянинг янги ҳимоячиси, дея эълон қилди. У бошлаган “Бир камар - бир йўл” ташаббуси Осиё Банки инфратузилмаси сармоялари ҳисобидан молиялаштирилади ва 1 триллион долларга яқин маблағ Осиё ва Европа ўртасидаги алоқаларни денгиз, автомобил, темир йўл ва кўприклар орқали ривожлантиришга сарф этилади. Натижада Хитой ресурсларга эга бўлади, ўз саноат қудрати экспорти ҳажмини оширади, музокаралар йўли билан стратегик аҳамиятга эга бўлган нуқталарни қўлга киритади ва шундай қилиб ўз таъсир доирасини янада кенгайтириб олади.

Жаноб Трамп кўп томонлама алоқаларни ва глобал етакчиликни рад этаётган бир пайтда Жаноб Си фаоллик билан ана шуларга эришмоқда.

Трамп маъмурияти БМТнинг аҳамиятини камайтирди, Транстинч Океани савдо ҳамкорлигидан чиқди, AҚШни Парижда имзоланган Иқлим дастуридан чиқарди, Эрон билан келишилган ядро дастури битимларини бузди, AҚШнинг Европа ва Осиёдаги асосий ҳамкорларида ишончсизлик уйғотди, Халқаро савдо ташкилоти ва халқаро савдо бўйича келишилган битимларга масъулиятсизлик қилди ва иммигрантлар учун AҚШ дарвозаларини ёпишга ҳам уриниб кўрди.

Жаноб Си бўлса, иқлим ўзгаришларига қарши курашда етакчиликни ўз зиммасига олди, Халқаро савдо ташкилоти молиявий низоларни ҳал этиш тизимини қўллаб қувватлади, Хитойнинг Жаҳон Банки ва Халқаро валюта жамғармасидаги мавқеини мустаҳкамлади. Хитой Осиёнинг етакчи иқтисодиётлари бўлган мамлакатлар Янги Зеландия, Aвстралия иштирок этадиган савдо алоқаларини кучайтиришда олдинга қадам ташлаб бормоқда. Бу савдо алоқаларида AҚШга ўрин ҳам йўқ. Бугун Хитой БМТ жамғармаси ва тинчлик дастурларига сезиларли маблағларни сарф этаётган ҳомий давлатлардан биридир. Шу билан бир қаторда жаноб Си ўз мамлакатига дунёнинг етакчи олимларини жалб этаётган сиёсий арбоб ҳамдир.

Мамлакат ичкарисида жаноб Си Хитойга XXI асрда етакчилик қилишига имкон берадиган стратегик соҳаларга, хусусан, ахборот технологиялари, сунъий интеллект соҳасига сармоя йўналтиришни ҳам бошлаб юборган. Гугл компаниясидаги Эрик Шмидт айтганидай, Хитой кейинги ўн йилликда AҚШни ортда қолдириб кетади. Жаноб Си, шунингдек, робот техникаси, аэрокосмик, тезюрар темир йўллар қурилиши, энергиянинг янги турларида ҳаракатланадиган транспорт воситаларини ва илғор тиббиёт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга анча жадал киришган.

Жаноб Трампнинг стратегик сармоялари – кўмирга ва автоматлаштириш даври келиши билан ўтмишга айланган ишлаб чиқаришга қайтиш борасидаги хомхаёллари AҚШдан фақатгина 20 аср иқтисодиётининг ҳимоячисини ясай олади.

Бу эса Хитойни жаноб Си таъбири билан айтганда, у “бошқа давлатларнинг янги танлови”га айланди ва узоқ вақт AҚШ билан боғланган халқаро тартибнинг бош ҳаками бўлишга яқинлаштиради. Хитой бу тартиб ва глобализация учун кўп сармоя йўналтирди, мамлакатнинг ривожи учун эса янги ахборот технологиялари ва экспорт бозорларига кириш имкони керак.

Хитойнинг интилишлари асосида қарама-қаршиликлар ҳам мавжудки, бу унинг ҳалокати ҳам бўлиши мумкин. Расмий Пекин иқтисодининг асосий тармоқларини хориж сармоясидан ҳимоя қилиб келмоқда. У хорижлик сармоядорларга кескин талабларини қўйганки, булар орасида Хитойда бизнес юритиш учун йўқ деганда битта хитойлик ҳамкорга эга бўлиш, Хитой учун бошқа мамлакатларда қўйилмаган талаб – ишлаб чиқариш технологиялари ва интелектуал мулкни талаб қилинганда бериш тартибидир.

Пекиннинг хорижга ётқизаётган сармоялари ҳам мажбурий ва эксплуататорлик руҳи билан суғорилганки, масалан, сиз Хитой инвестициясини олиб келмоқчи бўлсангиз, маҳаллий ишчиларни эмас айнан хитойлик ишчиларни ёллашингиз талаб қилинади ёки қашшоқ мамлакатларга улкан қарзларни тақаб қўйишади ва бу коррупциянинг кучайишига олиб келади.

Жаноб Сининг Хитой таъсирини кучайтириш сиёсати ҳам у раҳбарлик қилаётган мамлакат тизимидаги камчиликлар билан ҳам заифлашади. Улкан қарзлар, ўсиб бораётган тенгсизлик, ўсишнинг пасайиши, аҳоли ёшининг кексайиши, ишлаб чиқариш суръатининг пасайиши, давлат корхоналарининг самарасиз ишлаши, ифлосланган ҳаво, ичимлик сувининг етишмаслиги, хитойликлардан бошқа халқларга ёқиши мумкин бўлган репрессив сиёсат асосий заиф нуқталаридир.

Бироқ санаб ўтилган Хитойнинг нуқсонлари ишончли муқобилнинг йўқлигида унча сезиларли бўлмаслиги ҳам мумкин. AҚШга қарши ганак қўйиш ҳам ярамайди, аммо агарда Трамп маъмурияти сиёсатининг мезони сифатида миллатчилик, протекционизм, ксенофобияни белгилаб оладиган бўлса, Хитой модели ғалаба қилиши тайин.

Дунё ўзини ўзи ташкил этадиган тизим эмас. AҚШнинг етакчилиги халқаро тартибни ҳимоя қилишга, инсон ҳуқуқлари, сўз ва намойишлар эркинлиги, ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни ва интеллектуал мулк ҳуқуқини илгари суриш каби қадриятларни тарғиб қилишда ҳам ёрдам бериб келган. Иккинчи Жаҳон уруши тугаган даврдан бери бажариб келаётган масъулиятдан воз кечиш ва бу ролни бошқа ўйинчиларга бериш қадриятларни улар истганидай бўлишини таъминлашдир.

Жаноб Си Хитой дунё ҳамжамиятининг янги ўйинчиси эканлигини бот-бот такрорлаб келмоқда. Жаноб Трамп етакчилик мавқеини жаноб Сига берар экан дунёда либерал қадриятлар ва тартиб ўрнига нолиберал қадрият ва тартиб келиши мумкинлигини ҳам назардан қочирмаслик керак.

nytimes.com