Шавкат Мирзиёев: Мақсадимиз – Марказий Осиёни гуллаб-яшнаётган минтақага айлантириш

10.11.2017 | Ўзбекистон | 2480

Бугун Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуида халқаро конференция бошланди.

Конференция очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Президент нутқи аввалида мазкур нуфузли анжуманга ташриф буюрган барча меҳмонларни қутлади.

Ўзбекистон президенти Марказий Осиёнинг бой маданияти ва тарихи, асрлар давомида аҳил қўшничилик анъаналари шаклланганлиги ҳақида тўхталиб ўтар экан, минтақа Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги ўзига хос кўприк эканлигини эътироф этди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг келажаги айнан аҳиллик ва ўзаро ҳамкорликка боғлиқ эканлигини таъкидлади.

“Мақсадимиз — Марказий Осиёни гуллаб-яшнаётган минтақага айлантириш. Бугун имзоланган Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома бир-бирига қўшни бўлган уч мамлакат ўртасидаги ўзаро дўстликни янада мустаҳкамлайди ”, деди Мирзиёев нутқида.

Ўзбекистон президенти бугунги анжуман якунлари доирасида БМТни Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида резолюция қабул қилишга чақирди.