Нусрат Раҳмат: Мен - онлайн ёзувчисиман

10.11.2017 | Блог | 2429
Айни пайтда адабий сайтлар ва блогим (шахсий сайтим)да икки романим, тўрт қиссам, ўн беш ҳикоям, юзга яқин мақолаларим бор. Уларни ҳар куни ўн етти мамлакатдан, тўрт юз атрофида кишилар кириб ўқишмоқда. Ўзбекистондан кейин АҚШ, Россияда ўқувчиларим кўпроқ.
      Мақтанчоқлик қилаётганим йўқ. Интернетда ҳамма нарса ҳисоб-китобли. Блогим (nusratrahmat.blogspot.com)га кирсангиз, мазкур рақамларни анчайин камайтириб кўрсатганимга ишонч ҳосил қиласиз.
    Компютер ва Интернет, инсоният бир замонлар оловни кашф этганидек улкан воқеа деб биламан. У ҳаётимиз тарзини батамом ўзгартириб юборишга қодир.
    Масалан, бир неча йилдан бери почта хизматидан воз кечганман. Чунки, виртуал олам туфайли мактуб ёзиш, олиш сингари хизматларни бажариш ўнғай. Гарчанд, журналист бўлсам ҳамки, газета ўқимайман. Ижтимоий тармоқлар дунё воқеаларини газеталар ва ТВдан олдинроқ баён этиб қўяди. Бунинг устига деярли ҳамма газетанинг сайти ҳам бор.
    Энди китобхонлик масаласи. Ҳозир жаҳон миқёсида онлайн китобхонлар сони тақрибан ўттиз фоизни ташкил этмоқда. Қандайдир ўн беш йил давомида  у китобхонларнинг  қарийб учдан бир қисмини  ўзига ағдариб олганлиги ҳақида бош қотириб қолади киши. Хуш, тағин ўн беш-ўттиз йилдан кейин нисбатлар қанақа кўринишда бўлади. Электрон китобхонлар эса асосан билимли, иқтидорли ёшлар.  Бадиий китоблар тиражи қарийб ўн бараварга камайиб кетганлиги, шунга қарамай улар омборлар ва китоб дўконларда йиллар оша туриб қолаётганлигининг боиси, кўплар электрон вариантни маъқул кўраётганлиги эмасмикин?!
   Аслида, китобнинг биринчи ва энг жиддий  рақобатчиси ТВ бўлиб чиққан эди. У ўтган йиллар давомида ўқувчиларимизнинг қарийб ярмини ўзига ағдариб олди. Эндиликда эса китоб, Интернет билан юзма-юз бўлиб қолди ва талай функцияларини унга топшириб қўймоқда.
   Шуни ҳисобга олмоқ керакки, компютер ва Интернет китобнинг фарзанди сифатида дунёга келди. Аниқроғи, китобларда тўпланган билим туфайли яратилди ва мантиқий  давомчиси ва меросхўрига айланди. Диалектиканинг шафқатсиз инкорни-инкор қонунига биноан бошланган ҳамма жараён  тугайди ёки шаклини ўзгартиради. Модомики, китоб электрон ҳолатга ўтаётган экан, аюҳаннос солиш чикора.
   Шу кунларда ТВда ва жойлардаги учрашувларда китоб тарғиботига кенг ўрин бериляпти. Аммо музокарачилар орасида анча вақтдан бери китоб ўқимаган, бунинг устига компютер билан ҳам дўстлашмай, уни қоралашни одат қилганлар ҳам анчагинага ўхшаб қолди. Бир олим: “Интернетга кирадиганлар орасида, ҳатто бола-чақали кишилар ҳам йўқ эмас”,  деди надомат билан.
   Бу - 1937 йили Чўлпонни шотут еб юришда айблаб, қамоққа олишгандай гап. Камина, ўн етти набира, икки эваранинг бобосиман. Мен тонгни Интернет билан бошлашга одатланганман. У дунё воқеаларини ҳарқандай газета ёки ТВдан олдин айтиб беради. Алишер Навоийдан тортиб, яқинда китоби чиққан шоирнинг асари билан ҳам танишиш мумкин.
  Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қишлоғимизга электр сими тортишгани ёдимда. Шунда уни қораловчилар ҳам бўлишганди. “Лампочкага кўп қараган боланинг, йил ўтмай кўзи кўр бўлиб қолармиш”, “Симга сал тегиб кетсанг ҳам, қорайтириб ташлармиш”, “Ўзимизнинг чироққа етадигани йўқ” ва ҳокозо. Аслида, чироқни улуғлаш мумкин, аммо бунинг учун электр лампани ерга уриш шарт эмас! Онлайнни барча фаҳш ва бузуқ ғоялар манбаи деб қараш, калтабинликдан бошқа нарса эмас. Фаҳш ва бузуқ ғоялар китобларда ёки ТВда ҳам истаганингизча топилади.
   Самолётлар ҳалокатга учраб, одамлар нобуд бўладилар, автомобил аварияларида минглаб кишилар кўз юмадилар. Аммо самолётлар тағин учаверади, автомобил заводлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришади. Чунки бу нохушликларга самолёт ёки автомобил эмас, одамларнинг ўзлари айбдордирлар. Фарзандимиз Интернетдан экстремистик ғояларни юқтирган бўлса, бунинг учун ижтимоий тармоқлар эмас, ўзимиз айбдормиз! 
   Мен китобнинг инсониятнинг ноёб бойлиги эканлиги, унинг муқаддаслигини биламан. Шу китоблар туфайли ёзувчи бўлдим. Аммо эндиликда унинг фарзанди, давомчиси бўлган онлайнга қўл берганман. Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишлаб ёзган “Жадид” романимни китоб қилиб чиқарганим йўқ. ( Нашриётга йўлашга юрагим зириллаб қолган) Китобхонлар уни  ўз блогимдан, ziyouz.uz, turklib ва бошқа сайтлардан очиб ўқимоқдалар. Ўқувчилар сони 2017 йилнинг май ойигача  уч минг кишидан ошган. Мазкур сайтлардаги “Фарзандга ўгитлар” китобим; “Фожиа”, “Нохуш хаёллар” сингари ҳикояларимнинг ўқувчилари, айниқса кўп бўлмоқда. Нафсиламбирини айтганда, мен ёзувчидан кўра кўпроқ публицистман. Ўш ва  Жалолободда содир бўлган миллатлараро нохушликлардан сўнг “ЦентрАзия”сайтида рус тилида эълон қилинган “Чингиз Айтматов тирик бўлганда, ўзбеклардан кечирим сўрарди” ёки Ўзбекистон Тожикистон орасидаги муносабатлар таранглашганда, мазкур  сайтдаги “Президентлар учрашмоқлари шарт” сарлавҳали мақолаларим каттагина шов-шувларга  сабаб бўлганини эслаш кифоя. Бу долзарб публицистик чиқишларим жуда унумли “ишлаганига” ишонч ҳосил қилдим. Зеро, шу кунларда  ҳам блогимдан, айнан мазкур мақолаларни топиб ўқишмоқда ва маъқуллашмоқда. Ўша пайтда, ҳатто ҳозир ҳам бу мақолаларни бирорта газета муҳаррири босиб чиқаришга журъат этолмасди.
   Хуршид Даврон, Давронбек Тожиалиев ўзларининг сайтлари билан адабиётимиз, маънавиятимизга баракали хизмат қилишмоқда. Kitobim , kutubxoha ва бошқа адабий сайтларнинг раҳбарларига  ҳам раҳматлар ёғилсин!
   “Даракчи” газетасининг 2004 йил 18 март сонидаги “Қўлингни бер, китобхон” деган мақоламнинг хотимасида шундай деб ёзган эканман:
“Ўзим ўтказган микротадқиқотдан огоҳ этай сени. Ҳозир ёзувчи, шоирдан кўра қоровул, асаларичи, геолог, шифохонадаги бемор кўпроқ китоб ўқир экан. Бинобарин, харидорлар ҳам ана шу тоифадаги кишилар.
Кел, энди гапни мухтасар қилиб, муддаога ўтай. Бугун уйга қайтишингда бир қути сигарета пулига – болангга, бир шиша ароқ пулига – ўзингга китоб харид қил!
Имоним комилки, у хонадонингга нури мунаввар олиб киради ва буни ҳис қилмай иложинг йўқ!
Ватандошим, дўстим, жигарим! Қўлингни бер, Худо ҳаққи, мен сени, оилангни эзгуликларга эш қиламан!”
  Бугун эса бошқача оҳангда гапираман. Азиз ватандош! Ҳозиргача компютер билан дўстлашмаган бўлсангиз, талай имкониятларни бой бериб қўйибсиз. Биламан,  даргоҳингизда бу сеҳрли оламни яхши ўзлаштирганлар бор. Улардан илтимос қилинг, сизга ҳам ўргатишсин.  Дастлабки икки-уч кун компютерни очиш ва ёпишни машқ қилинг. Кейин икки кун папкаларни очиб, беркитишни ўрганинг. Бир ҳафталардан кейин Интернет оламига мўраланг. “Поиск”  деган жойга номингиз, фамилиянгизни ёзсангиз, ўзингиз ҳақингизда кутилмаган маълумотларни ўқиб қоласиз. Бу жуда завқли. Ижтимоий ёки адабий сайтларга (жумладан, Фейсбукка) кириб, унда ишлашни ўргангандан кейин, бу сеҳрли олам сизни батамом ўзига жалб этади. Дунёқарашингиз ҳам ўзгариб боради. Жараён эса давом этаверади.
    Бу борада сизга омад тилайман!
Нусрат Раҳмат, ёзувчи