Ўзбекистон ички ишлар вазири Россияга ташриф буюрди

10.11.2017 | Ўзбекистон | 2677

Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов бугун Москвада Россия ички ишлар вазири полиция генерали Владимир Колокольцев билан учрашди. Бу ҳақда Россия ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Россия ИИВ раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ички ишлар органлари ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этди.

Шунингдек у миграция йўналишидаги ишларни янада фаоллаштириш лозимлигини қайд этди.

"Миграция масаласи экстремизм ва терроризм каби замонавий таҳдидлар билан сезиларли даражада боғлиқ", деди Колокольцев.

Шунингдек, Россия ИИВ ўзбекистонлик мутахассисларни олий таълим дастури йўналишларида ва жиноятчиликка қарши кураш йўналишида малака ошириш курсларида ўқитишни давом эттиришга тайёрлиги билдирилди.