УАЗ Ўзбекистон инкассация хизматига 300 та машина етказиб берди

10.11.2017 | Ўзбекистон | 2747

Россиянинг УАЗ автозаводи Ўзбекистон инкассация хизматига 300 дона "Патриот" ва "Пикап" автомобилларини етказиб берди. Бу ҳақда автозавод матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда билдирилишича, инкассация хизмати 200 дона "Патриот" ва 100 дона "Пикап"га буюртма берган.

"Одатда УАЗ автомобилларига асосан Ўзбекистон куч ишлатиш тизимлари ва бир қатор давлат корхоналари томонидан талаб бўларди. Лекин яқин келажакда мамлакат тижорат бозоридаги фаолиятимизни ҳам кенгайтиришга умид қилмоқдамиз", УАЗ МЧЖнинг экспорт бўйича директори Андрей Дорофеев.

Ўз навбатида Ўзбекистон "Республика инкассация хизмати" ДУК бош директорининг биринчи ўринбосари Азизхон Ҳамидов мамлакатда валюта либерализацияси ислоҳоти эълон қилинганидан сўнг республика инкассация хизмати зиммасидаги вазифалар ҳажми ошганини билдирди.

Унинг айтишича, республика Марказий банки томонидан фойдаланилаётган УАЗ автомобиллари ўзининг ишончлилиги ва ва чидамлилигини кўрсатган. Бундан ташқари, Ульяновск автозаводи республиканинг рақобатбардош нархда техника етказиб бериш бўйича сўровига тезкорлик билан жавоб беради.