Айрим идораларнинг мансабдор шахслари маъмурий жазога тортилди

11.11.2017 | Жамият | 3469

Адлия вазирлигида қонун лойиҳалари, президентининг ҳамда ҳукуматининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда ва Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритишда йўл қўйилаётган камчиликлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, юридик хизмат ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон президентининг фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда ҳукуматнинг қарор ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатор камчиликларга йўл қўйиб келинаётганлиги, бу эса Ўзбекистон президенти ҳамда ҳукуматига киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари ва масалаларни ўз вақтида ва сифатли тайёрланишига тўсқинлик қилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, вазирлик ва идоралар томонидан ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш борасидаги ишлари қониқарсиз даражада эканлиги айтиб ўтилди.

Хабарда айтилишича, мазкур йўналишда Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идораларга уларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқори турувчи қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида тақдимномалар киритилади ва уларнинг бажарилиши аҳволи назорат қилинади.

Бироқ айрим вазирлик ва идоралар томонидан мазкур тақдимномалар бажарилмаган. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ҳамда "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг мансабдор шахсларига нисбатан мазкур ҳолат бўйича маъмурий жазо чоралари қўлланилган.