Шавкат Мирзиёев халқаро анжуманнинг юқори мартабали иштирокчилари билан учрашувлар ўтказди

11.11.2017 | Ўзбекистон | 2419

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилаётган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда иштирок этган Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф ва Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Европа иттифоқининг Олий вакили билан учрашувда конференциядаги иштирок ҳамда "Европа иттифоқи – Марказий Осиё" Вазирлар учрашуви Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси қабул қилинганининг 10 йиллигида ўтказилгани Европанинг минтақага алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат бериши қайд этилди.

Учрашувда Европа билан кенг қамровли алоқаларни кенгайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Европа иттифоқи билан шерикликни инвестиция, савдо, молиявий-техникавий ҳамкорлик, таълим ва бошқа қатор йўналишларда илғор тажриба ва технологиялар алмашиш соҳасидаги амалий мазмун билан бойитиш томонлар учун манфаатли эканига эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий, хусусан, Марказий Осиёда сиёсий ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жорий йил сентябрь ойида Остона шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашув самаралари Ўзбекистон – Эрон муносабатларининг фаоллашувига хизмат қилгани мамнуният билан таъкидланди.

Ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида кооперацияни мустаҳкамлаш, минтақамизда самарали транспорт-коммуникация тармоғини барпо этиш белгиланган. Ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суришда Ҳукуматлараро қўшма комиссия муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан учрашувда шу йил 25-26 октябрь кунлари Ўзбекистон президентининг Туркия Республикасига давлат ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркиянинг етакчи компаниялари ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда, энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, туризм тармоғини ривожлантириш, шунингдек, замонавий саноат корхоналари ва логистика марказлари барпо этиш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.