Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби: Ўрта Осиё Ғарб ва Шарқ ўртасидаги чорраҳадан "марказ"га айланди

12.11.2017 | Жамият | 2367

ШҲТ бош котиби Рашид Алимов Самарқанд шаҳрида ўтказилган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуидаги халқаро анжумандан олган таассуротлари билан ўртоқлашар экан, "Бугун бутун дунё Марказий Осиё тарихида туб бурилиш юз берганига гувоҳ бўлди", деб таъкидлади.

Алимов, президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Марказий Осиёдаги долзарб масалаларни ҳал этиш учун минтақа мамлакатлари давлат раҳбарларининг ўзаро маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ташкил қилиш борасидаги ташаббусини юксак баҳолади. "Бу шубҳасиз, етакчилар, донишмандлар, шу минтақа доирасида ўз мамлакатлари муаммоларини яхши ҳис этадиган раҳбарлар кенгаши бўлади. Бундай учрашувлар тарихнинг муайян бир даврида бўлган, аммо вақтинча тўхтаб қолган, шу бугун эса уларга талаб бор", — деди ШҲТ бош котиби.

"Форумнинг нечоғли муҳим ва долзарблиги унинг номидан ҳам яққол кўриниб турибди. Анжуманда минг йилликлар давомида таркиб топган анъаналарга эга бўлган Марказий Осиё халқларига келажакка биргаликда назар ташлаш таклиф этилди. Бошқача сўзлар билан айтадиган бўлсак, қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб турадиган мамлакатлар ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик ва биргаликда амалга ошириладиган минтақавий тараққиётдан ҳар бир давлат ўз манфаатига асосан наф кўриши мумкин, демакдир", — изоҳ берди сиёсатчи.

Алимов Самарқанддаги халқаро анжуман туфайли бутун дунё Марказий Осиё ривожланишида янги бурилиш юз берганига гувоҳ бўлди, дея қайд этди.

"Бу воқеа айнан Самарқандда бўлиб ўтаётганида ўзига хос рамзий белги бор. Самарқанд — барча замонлар ва халқлар шаҳри, афсона шаҳар. Қарийб уч минг йилдан буён жаҳон мумтоз шеърияти классиклари овози янграб келаётган, ўз вақтида бутун сайёрага илм-фан, тиббиёт ривожини белгилаб берган, жаҳонга машҳур табиблар юрти…

Ҳарҳолда агар биз илгарилари Марказий Осиёга Ғарб ва Шарқ ўртасидаги чорраҳа, деб қараган бўлсак, бугун у "геосиёсат маркази"га айланди. Аминманки, биз бугун Марказий Осиёнинг ривожланиш босқичида туб бурилиш рўй берган тарихий жараён гувоҳи бўлдик" — деб ўз фикрини якунлади Алимов.

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказилган мазкур форум Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш масалаларига қаратилди.

Анжуманда минтақа давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, таниқли экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жами 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Икки кун давом этган форумда Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик суръатини оширишнинг аниқ йўналишлари, шунингдек, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди.