Эронда юз берган кучли зилзиладан кўплаб кишилар ҳалок бўлди

13.11.2017 | Жаҳон | 2513

Эронда содир бўлган зилзила оқибатида 140 нафардан зиёд киши ҳаётдан кўз юмди, деб хабар тарқатди Press TV телеканали. Ушбу рақамлар яна ортиши мумкин. Қўшни Ироқда 6 киши ҳалок бўлди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди.

Якшанба куни Эрон ва Ироқ чегарасида содир бўлган зилзила магнитудаси 7,2 бални ташкил этди. Эроннинг Керманшоҳ провинцияси энг кўп зарар кўрган бўлиб, бу ерда қарийб 130 нафар инсон қурбон бўлди, 900 нафарга яқин киши жароҳатланди. Провинцияда уч кунлик мотам эълон қилинди.

РИА Новостининг Эрон Қизил Ярим ой жамияти маълумотларига таяниб хабар қилишича, 70 мингга яқин киши бошпанасиз қолган ва вақтинчалик турар жойга муҳтож. Ҳукумат жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни амалга оширмоқда.

Зилзила Туркия, Қувайт, Арманистон, Иордания, Ливан, Саудия Арабистони, Қатар ва Баҳрайнда ҳам сезилган.