Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Германияга ташриф буюради

14.11.2017 | Ўзбекистон | 2318

2017 йил 14-17-ноябр кунлари Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Германия Федератив Республикасига ташриф буюради, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, ташриф давомида Мюнхен шаҳрида Бавария Федерал ери Бош вазири Ҳорст Зеэҳофер ва бошқа расмий шахслар билан учрашувлар ўтказиш кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси ва Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг мажлисларида иштирок этади, "KfV" Германия тараққиёт банки ва ГФР етакчи компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказади ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирган баъзи йирик замонавий корхоналарга ташриф буюради.

Бўлажак Ўзбекистон-Германия бизнес фуруми доирасида ва ташриф якунига кўра иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.