Энергия ва газ ҳисоблагичлари Европада ишлаб чиқарилганлари билан алмаштирилади

14.11.2017 | Ўзбекистон | 3510

Ўзбекистон Президенти 13 ноябрь куни электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Президентнинг июндаги фармойиши билан ташкил этилган Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини янада жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссия Франциянинг «Sagemcom», Германиянинг «Elster GmbH», Швейцариянинг «Landis & Gyr» компанияларива «Toshelectroapparat» ХК билан Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилган.

Қарорга мувофиқ, дастлабки босқичда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техника воситалари харид қилинади. Шунингдек, яқин келажакда республикада хорижий компания иштирокида юқорида кўрсатилган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни маҳаллий ишлаб чиқариш ташкил этилади. Бир ой муддатда электр узатиш линиялари ва газ қувурларини модернизация қилиш бўйича давлат дастурлари амалга оширилишини, электр ва газ таъминоти инфратузилмасининг амалдаги ҳолатини, шаҳарлар ва вилоятлар марказларининг устуворлигини инобатга олган ҳолда ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни ўрнатиш жадвалини тасдиқлаш режалаштирилди.

Қарорга мувофиқ, лойиҳа доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш ускуналарининг давлат кўриги «Ўзстандарт» агентлиги томонидан ҳар 10 йилда амалга оширилади, ҳисобга олиш ускуналарини давлат кўригига топшириш бўйича ишларни ташкил этиш эса «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ ва Бюро томонидан таъминланади.

Бунда истеъмолчидан давлат кўригидан, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни ўтказиш учун ечиб олинган ҳисобга олиш ускунасининг ўрнига зудлик билан «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ маблағлари ҳисобидан бошқа кўрикдан ўтган ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилади.

Таъкидлаш керакки, фақат охирги 2 йилда реал кўрсаткичларни юқори даражада (20 фоизгача) бузиб акс эттирадиган 24,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги 410 мингдан ортиқ эскирган ҳисоблаш ускуналари мамлакатга олиб кирилган.

Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида қарор билан бундан буён республика ҳудудига лойиҳанинг техник параметрларига мос келмайдиган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни олиб кириш тақиқланди.