Милиция ходимига нисбатан 4 яшар қизини урганлиги учун жиноий иш очилган

14.11.2017 | Жамият | 3936

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада ота ўзининг 4 ёшли қизини аёвсиз дўппослаган. Ушбу жирканч ҳодиса Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида рўй берди. Қизини урган эркак олдин ички ишлар органида хизмат қилган. Золим отага нисбатан жиноий иш очилган, қиз ва унинг акаси онага топширилган.

Золим отага нисбатан жиноий иш

Қатор манбалар хабар беришича, Х.А.Н. (исми маълум сабабларга кўра сир тутилмоқда) ўзининг Мўмина исмли 4 яшар қизини аёвсиз урган. Қизнинг отаси воқеа оммага тарқалгунича Миробод ТИИБда ишлаган. Хабар тарқалганидан сўнг у ишдан бўшатилди.

– 1986 йилда таваллуд топган Х.А.Н, милиция органларидан бўшатилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг камида тўрт банди бўйича жиноий иш очилган. Жумладан 104- (“Қасддан оғир жисмоний шикаст етказиш”) ва 110- моддалар (“Қийноққа солиш”). У мамлакатдан чиқиб кетмаслик тўғрисидаги ёзма мажбурият остида қўйиб юборилди. Шунга қарамай прокурорнинг уни ҳибсга олиш ҳақидаги санкцияси кўриб чиқилаяпти, – деб хабар қилди “Озодлик“ка ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидаги манбаси.

4 ёшли Мўминанинг отасига қарши жиноий ишни Чилонзор туманининг прокуратураси очди.

Болалар онасига топширилди

9 ноябрда Чилонзор туманининг “Нафосат” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд йиғилиши 4 ёшли Мўмина ва унинг 8 ёшли акасини онасига топшириш ҳақидаги қарор чиқарди.

Бироқ ҳикоямиз қаҳрамони фарзандларига оталик қилиши ҳуқуқидан маҳрум қилиндими-йўқми номаълум. Шунингдек Мўминанинг ота-онаси ҳозирча расмий равишда ажрашган эмас.