Интернетда бензин нархи ошиши ҳақидаги ҳукумат қарори сурати пайдо бўлди

14.11.2017 | Ўзбекистон | 3170

Ижтимоий тармоқларда ва Telegram’да 15 ноябрдан бензин нархи ошиши ҳақида сўз борадиган ҳужжат суратлари пайдо бўлди. Айни вақтда, Тошкент шаҳридаги аксарият автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобча (АЁҚШ)ларида нисбатан катта навбатлар юзага келаётгани ҳақида хабарлар берилмоқда, деб ёзади Дарё нашри.

Сурати эълон қилинган ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиб, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 14 ноябрдаги 3386-сонли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларининг жаҳон нархлари ўсаётганини ҳисобга олиб, 2017 йил 15 ноябрдан бензин ва дизел ёқилғиси нархини оширишни белгилайди.

Қарорга кўра, 15 ноябрдан энг арзон Аи-80 русумидаги бензиннинг бир литри нархи 3800 сўм (эски нарх — 2800 сўм, ўсиш — 1000 сўм), Аи-91 маркадаги бензин нархи эса 4300 сўм (эски нархи — 3000 сўм, ўсиш — 1300 сўм) этиб белгиланади. Бир литр дизел ёқилғиси 4100 сўм, ЭКО дизел ёқилғиси эса 4200 сўм этиб белгиланган.

Ҳужжат айни вақтда Германияда бўлган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов имзоси билан эълон қилинган. Сурати эълон қилинган бу ҳужжатнинг ҳақиқийлиги ҳозирча тасдиқлангани йўқ. Лекин расман рад этилмади ҳам.

Ҳужжат сурати эълон қилинганидан сўнг, Тошкент шаҳридаги аксарият АЁҚШларда автомобилларнинг узун навбатлари юзага кела бошлаган. «Водители Ташкента» гуруҳи аъзо фойдаланувчиларнинг АЁҚШларнинг ходимларига асосланиб хабар беришича, «бензин 23:59 га қадар етади».

Ўзбекистонда бензин нархи ошиши ҳақидаги хабарлар бир неча кун аввал пайдо бўлган эди. Бу миш-мишлар фонида ОАВда, хусусан, Ўзбекистон телевидениеси орқали вилоятларда бензин тақчиллиги юзага келгани, ёқилғи «шapkа» эвазига сотилаётгани ҳақида танқидий-таҳлилий чиқишлар уюштирилди.

Бензин нархи ошиш-ошмаслиги масаласида «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзнефтмаҳсулот» компанияларига мурожаат қилинганида, улар бу хабарларни на рад этди, на тасдиқлади.