Нега ўзимизда чиққан Ravon Ўзбекистондан кўра Россияда арзон?

15.11.2017 | Таҳлил | 6189

Жорий йил ёз ойиларида GM Uzbekistan компанияси Асака заводига пресс-тур ташкил этди. Матбуот конференциясида компания вакиллари журналистларга экспорт бозорларида автомобиллар нархлари ички бозордаги завод нархларига тенг ёки улардан юқорироқ эканлигини таъкидладилар. Тақдимот 2017 йил июлида, ўзбек сўмининг девальвациясидан олдин ўтказилганди, деб ёзади «Kommersant.uz».

Autostrada.uz сайти GM Uzbekistan ишлаб чиқарган, ички бозорда сотилаётган Chevrolet  автомобиллари ва Ravon автомобилларининг бир хил комплектациялари нархларини таққослади.

Қиёслаш осон бўлиши учун нархлар марказий банкларнинг 2017 йил 12 ноябрдаги курслари бўйича АҚШ долларида кўрсатилди (Ўзбекистон учун: 1$=8067,62 сўм, Россия учун: $1=59,28 рубль). Комплектациялар ва нархлар Ravon.ru ва Chevrolet.uz расмий сайтлари, шунингдек Ўзбекистон ва Россиядаги автосалонларнинг оферталари бўйича таҳлил этилди.

Chevrolet Spark / Ravon R2

ravon-r2-23

Ўзбекистонда экспорт учун мўлжалланган Ravon R2 Elegant AT автомобилини харид этишда истеъмолчи 3,17 млн сўм ортиқча тўлайди. Chevrolet Spark LT AT эса, Россияда сотиладиган Ravon R2нинг энг тўлиқ комплектациясидан ҳам $88 қимматроққа айланади. Ҳолбуки, хавфсизлик ва қулайлик опциялари маҳаллий бозор учун чиқарилаётган моделларда сезиларли даражада паст.

Chevrolet Nexia R3 / Ravon Nexia R3

neksiya-1

Nexia R3нинг ички ва ташқи бозор учун опциялари йўлдаги шошилинч ёрдам учун мўлжалланган “ЭРА-ГЛОНАСС” тизими, курс барқарорлиги тизими (ESC), шунингдек шиналардаги босим датчиклари мавжудлиги билан фарқланади.

Шу билан бирга, Chevrolet Nexia R3 қўшимча хавфсизлик тизимларига эга эмаслигига қарамай, у Ўзбекистонда анча юқори – Россиядаги энг қиммат Ravon Nexia R3дан 7,2 млн сўм қимматроқ туради.

Ташқи бозор учун Elegant AT ижросидаги Ravon Nexia R3нинг нархидаги фарқ бундан ҳам катта. Ўзбекистон автосалонларида бу талқинни Россиядаги аналогига қараганда $1125 (9,1 млн сўм) қимматроққа харид қилиш мумкин.

Маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсули бўлган автомобиль нақлиёт, божхона тўлови ва бошқа харажатларни талаб қилувчи экспорт бозоридагига қараганда, ички бозорда $1000дан ҳам юқорироқ нархда сотилмоқда. Ravon дилерлари харидорларга яна чегирмалар ҳам таклиф қиладилар (шарҳда улар эътиборга олинмади). Қизиқ ҳолат, шундай эмасми?

Бир хил автомобиль ишлаб чиқарилган мамлакатда экспорт бозоридагига қараганда қимматроқ туриши мумкинми? Юқорида келтирилган намунадаги 9,1 млн сўмлик қўшимча қиймат қаердан келди?

Chevrolet Cobalt / Ravon R4

ravon r4

Chevrolet Cobaltда ҳам аҳвол худди шундай. Экспорт бозорлари учун чиқарилган автомобилнинг Ўзбекистондаги дилерлардаги нархи Росия автосалонларидагига қараганда 14,1 млн сўмга юқорироқдир. Чегирма ва акцияларни ҳисобга олмаганда.

Нархдаги бундай катта фарқни бирор бир ҳолат билан изоҳлаб бўлмайди.

Ички бозорда автомобилнинг энг тўлиқ комплектацияси Россиядаги, худди шундай комплектацияга эга энг қиммат Ravon R4 нархидан 11,6 млн сўм қиммат туради. Ҳолбуки, Россиядаги талқинида “ЭРА-ГЛОНАСС” ўрнатилган, унинг сертификациясига пича пул сарфланганлиги аниқ.

Ўхшаш комплектациялардаги моделларни солиштирганда нарх жиҳатидан афзаллик асло маҳаллий истеъмолчига кулиб боқмайди – бу ҳам ички, ҳам ташқи бозорлардаги барча моделларга тааллуқли.

Cobalt

Ravon R4 Optimum MT, жиҳозланишига кўра, Chevrolet Cobalt LT га ўхшайди. Иккала автомобиль ҳам кондиционерга, электр ойна кўтаргичлар, иккита хавфсизлик ёстиқчасига эга. Ravon жиҳоланиши дабдабалироқ: борт компьютери, Bluetooth ва USBли аудиотизим, рулни баландлик бўйича созлаш, ҳайдовчи ўриндиғини баландлик ва ёстиқ қиялиги бўйича созлаш, салон орқа қисмини ёритиш. Cobalt эса, USBсиз эски аудиотизим билан кифояланади, борт компьютери ва бошқа қулайлик опциялари фақат LTZ – юқорироқ комплектацияда мавжуд.

Ravon R4 Optimum MT, мақола чоп этилган пайтда, 539 000 рубль турарди, бу $9092 дегани. Chevrolet Cobalt LT (“иккинчи позиция”) Ўзбекистонда 83 865 970 сўмга сотилади, бу $10 395га тенг. Опциялар кам бўлишига қарамай, нақ $1300лик фарқ яққол сезилади.

Chevrolet Lacetti / Ravon Gentra

Шарҳимиз чемпиони. LTZ AT комплектациясидаги Chevrolet Lacetti Россиядаги худди шундай Ravon Gentra Elegant AТдан 25,65 млн сўмга қимматроқ.

25,65 млн сўм, ошна! Бу Chevrolet Matiz нархининг ярми дегани.

Lacetti

Ravon Gentra сертификациядан ўтган ва бортида “ЭРА-ГЛОНАСС” тизимига эга. Шундай бўлса ҳам, ички бозор учун чиқарилган эгизагига қараганда Россияда арзонроқ туради.

Нархдаги ўртача фарқ

Биз энг қиммат комплектацияларни солиштирдик, чунки автомобилларнинг экспорт талқинлари опциялар бўйича кучли фарқланади ва бошланғич комплектацияларни қиёслаш тўғри бўлмас эди.

Келинг, автомобилларнинг ўртача нархларига барча комплектациялар ва опцияларни ҳисобга олган ҳолда назар ташлаймиз. Chevrolet автомобиллари учун биз ҳам стандарт комплектациядаги, ҳам ички бозорда сотиладиган Ravon вариантларининг нархларини инобатга оламиз.

Бир нарсани олдиндан айтамиз: Ravon ички бозорда ҳар қандай ҳолатда Россиядаги эгизагидан қимматроқ туради. Бир хил машина, битта завод, комплектация ҳам бир хил. Лекин Ўзбекистонда бу автомобиль қимматроқ.

“Экспорт сотувлар хорижий валютада амалга оширилади, мамлакат иқтисодиёти учун эса валюта керак”,– дейсиз.

Ўзбекистонда-чи? Биз маҳаллий автосаноат маҳсулотини конфет қоғозларига сотиб оляпмизми? Валюта либерализациясидан олдин, алахусус, ҳамма автомобилларни АҚШ долларига харид қиларди.

Umumiy

Экспорт бозорларида GM Uzbekistan автомобиллари дабдабалироқ жиҳозланган ва ички бозордагига нисбатан $1465га арзон туради. Ўйлаб кўринг, Ravon автомобили яхшироқ жиҳозланган, узоқроқ кафолат муддатига эга (Ўзбекистондаги 1 йил ёки 20 минг км юришга қиёслаганда, 3 йил ёки 100 минг км юриш), лекин эгизаги Chevroletга нисбатан қарийб 12 млн сўмга арзон.

Бугунги пул эртанги пулдан қимматроқ туради

Бир хил автомобиллар учун нархларнинг ҳайратланарли даражада турличалиги ҳафсалани пир қилади ва изоҳга ҳам ҳожат қолдирмайди.

Барча саъй-ҳаракатлар ва автомобилларни сотишга бўлган ёндашувнинг ўзгаришига қарамай, GM Uzbekistan маҳаллий истеъмолчиларга экспорт бозорлардагига қараганда камроқ опцияларни кўпроқ пулга сотмоқда.

Бундай вазиятни ички бозорда рақобат йўқлиги билан осон тушунтириш мумкин, чегара ортида эса истеъмолчи танлови учун қаттиқ рақобат кетади, бу ҳам нархларда, ҳам опциялар ва сервисда ўз аксини топади.

Ўзбекистон автомобиль бозори божхона божлари ва акцизлар билан ҳимояланган. Маҳаллий автосаноат 21 йилдан буён иссиқхона шароитида ишламоқда.

Устига-устак, харидор автомобиль нархининг 85 фоизини тўлаб қўйиб, товар етказиб берилишини 60 иш куни (тахминан 3 ой) кутади, бу билан GM Uzbekistanга фоизсиз кредит тақдим этади.

Ёпиқ бозор ва реал рақобатнинг йўқлиги маҳаллий харидорларни тмаҳсулот учун ортиқча пул тўлашга мажбур қилади. Қолаверса, GM Uzbekistan заводида ишлаб чиқаришнинг қисқариши “Равон Моторс Рус” МЧЖга футбол бўйича Россия терма жамоаси ҳомийси бўлишига, Ravon бренди эса, сотув ҳажми бўйича 2016 йилга нисбатан кескин ўсиш кўрсатишига ҳалақит бермади. Бу ўсиш маркетинг фикцияси эканлигига кўз юма қоламиз.

таблица 6Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми. Манба: GM Uzbekistan

Маҳаллий автомобиллар экспорти гап нимадалигини кўрсатмоқда. Ташқи бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, Ravon автомобилларида қўшимча хавфсизлик ва қулайлик опциялари ўрнатилган, улар ҳақида маҳаллий Chevrolet фақат орзу қилиши мумкин. Рақобат – ҳар қандай тармоқдаги ўсиш омилидир.

Келиб чиқадики, GM Uzbekistan сизу бизнинг ҳисобимиздан Ravon автомобилларининг рақобат афзалликларини – опциялар бойлиги ва паст нархларни таъминламоқда ва бу билан автомобилларнинг хорижга экспортини қўллаб-қувватламоқда.

Бироқ, муқобил йўл йўқ. Бюджет сегментда импорт автомобиллар маҳаллий автомашиналарга қараганда қимматроқ. Бу ёпиқ занжирни маҳаллий автосаноатдаги протекционизм сиёсатини тўхтатиш орқалигина парчалаш мумкин.