Дунёни йиғлатган 5 расм

12.08.2016 | Блог | 40672

Тиббиёт тарихига муҳрланган расм

Она қорнидаги 21 ҳафталик чақалоқ. Амалиёт жараёнида болани она раҳми ичидан чиқарилиши ва бола шифокорнинг бармоғини тутиши акс этган расм Ғарбда жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Бир неча йиллардан буён абортга (болани сунъий олдиришга) қарши мақсадларда ишлатилган расм жуда кўп нарсани англатади. Ҳар қандай инсоннинг қалбини титратади. Инсоннинг қалбини титратибгина қолмай, беихтиёр этини жимирлатади. Баъзи нарсаларни сўзлар билан ифодалаш қийин, албатта. Расмга қараганингизда буни жуда яхши ҳис қиласиз.

Ҳиндистон. Бопал фожиаси

1984 йил 3 декабр. Америка Қўшма Штатларига қарашли Union Carbide фирмаси Ҳиндистоннинг Бопалида ҳашорат дориси ишлаб чиқарадиган завод қурган. Заводдан 40 тонна метанни адашиб ташқарига чиқариб ташланиши 18 минг кишининг ўлимига ва 150 мингдан ортиқ инсоннинг заҳарланишига олиб келди. Бунинг ортидан эса мана шу расм пайдо бўлди. Боласини кўмаётган отанинг ғуссаси дунёни йиғлатди. Биз учун расмга қараш қанчалик оғир, қийин бўлаётган пайтда фарзандини ўз қўли билан ерга қўяётган отанинг қанчалар азобланаётганини, изтироб чекаётганини бир ўйлаб кўринг-а?

Бу расм кўп ўтмай дунё миқёсида жуда катта эътиборга тушган расмлар орасидан жой олди.

Кевин Картер олган расм

Бу расм жаҳон миқёсида энг кўп кўрилган расмлардан бири. Ғарблик журналист Африкада олган ушбу расми билан бир бурда нонга муҳтож инсонларнинг ҳаётий кечинмасини кўрсатиб бермоқда. Кичкинагина қизалоқнинг бир парча нон сиғмас қўли билан инсоний ёрдам лагерига интилиши... Ҳайҳот! Унинг орқасида эса қузғун қизалоқнинг ўлимини кутмоқда. Журналист эса суратга тушириб, норасидага ёрдам бермасдан Европага кетади. Расм 1994 йилда катта мукофотга лойиқ деб топилади. Ниҳоят журналист мақсадига етади ва машҳур расмчига ҳам айланади. Лекин кўп ўтмай қаттиқ танқидларга учрайди. Танқид мазмуни “Болакайга ёрдам бермасдан уни шу ҳолда ташлаб кетиш – инсофсизлик”, эди. Журналист ўзини “юқумли касалликка чалинишдан” қўрққанлиги билан оқласа-да, ҳеч кимни бу чўпчагига ишонтира олмайди. Ниҳоят журналист ўзини жуда пасткашларча ҳимоя қилади:

- Мен бир журналистман, тез ёрдам ходими эмасман!

Бу гапга раддия бериш мумкинми?

Журналист кўп ўтмай ўзини ўлдиради...

3 ёшли Айлон Курдий

Айлон Бодрум соҳилида жонсиз ётган жасади билан дунёни ларзага келтирди. Акаси Ғолиб ва онаси ҳам айни фожеа сабабли ҳалок бўлди. Суриялик бир оиланинг фарзанди Айлон исмли болакайнинг расми охирги йилларнинг энг мудҳиш кадрларидан бири бўлди. Расм ер юзининг барча бурчагига етиб борди. Миллионлаб инсон кўрган расм тафсилоти юзлаб газета ва журналларда бош сарлавҳа бўлди. Ўнлаб давлат раҳбарлари ўзларининг нутқларида у ҳақида тўхталиб ўтишди. Испания бош вазири Айлоннинг расмига қараб нимани ҳис қилганини, Франция бош вазири ҳам қочқинлар масаласида зудлик билан қатъий чоралар кўрилиши лозимлигини айтиб ўтишди. Италия бош вазири эса, “Ҳар нарсадан, лавозимдан ҳам олдин, бир ота ўлароқ соҳилдаги боланинг расми юрагимни эзиб юборди!” – деб баёнот берди.

Балки Айлон бу дунёдан эрта кўчди, лекин бир оғиз сўз айтмасдан, бутун инсониятга катта дарс бериб кетди. Ўзининг эмас, инсонийликнинг ўлганини кўрсатиб берган эди, гўё, Айлон!

Охирги марта Германиянинг шаҳарларининг бирида Айлоннинг каттакон расми шаҳар марказига ўрнатилди.

Омира Санчес расми

1985 йил Колумбия. Ҳали ҳаётнинг баҳорини сураётган кичик вужуди ила яшашга интилаётган 13 ёшли қизалоқ. Осуда тунларнинг бирида тўсатдан вулқон отилади. Оила аъзоларининг барчаси қочиб қутулади. Лекин кичик қизалоқ ҳовлида тўкилган шағалга ботиб қолиб, ҳеч қаерга қочолмай қолади. Натижада 3 кун давомида жасади ёнувчи моддада эрий бошлайди. Кичик қизчанинг фарёди аршга етади. Бутун дунё қизалоқни расмга олишга улгурган бир журналист сабаб томоша қилади. Фақатгина томоша қилади. Ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди, ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.

Бу маъсум қизалоқнинг расми 100 йилга ўзининг тамғасини босди десак, муболаға қилмаган бўламиз. 

 

Муаллиф: Абдуллоҳ Раҳимбоев.