Ўзбекистондаги учта тиббий муассасада тана аъзоларини кўчириб ўтказиш бўйича операциялар қилиш бошланади

16.11.2017 | Тиббиёт | 2866

Ўзбекистондаги учта йирик муассаса — Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент шаҳар нефрология шифохонасида тана аъзоларини трансплантация қилиш операциялари қилина бошланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилинишича, тансплантация ўтказишнинг зарурати тўғрисидаги узил-кесил қарор вазирлик томонидан тузилган махсус комиссия томонидан қабул қилинади.

Операцияни ўтказиш учун донордан оператив усул билан унинг бир буйраги ва (ёки) жигар бўлагини олишга ундан онгли равишда ва эркин ҳолатда ёзма шаклдаги розилигини олиш керак. Бунда у ҳар томонлама тиббий кўрикдан ўтказилиши даркор.

Трансплантация бажарилгандан сўнг донор ва реципиент камида уч йил давомида профилактик диспансер кўриги билан таъминланади. Бундан ташқари, амбулатория назоратида бўлган беморларни қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли дори воситалари билан таъминланади.

Вазирлар Маҳкамасининг вақтинчалик низоми “Инсон органлари, тўқималари ва ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргунча амал қилади.