Энди электр таъминоти корхонаси ходимини интернет орқали чақириш мумкин

17.11.2017 | Технологиялар | 2666

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида электр таъминоти корхонаси вакилини онлайн ариза ёрдамида чақириш мумкин бўлди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, хизматдан my2.gov.uz порталидан рўйхатдан ўтган фуқаролар фойдаланишлари мумкин.

Электрон хизмат ёрдамида фойдаланувчи онлайн равишда ҳисоблагични ўрнатиш, алмаштириш, тамғалатиш ёки ўчиртириш учун мутахассисни чақиртириш учун ариза бериши мумкин.

Аризада фуқаро электр таъминоти корхонасининг вакили қайси вақтда келишини, яъни ўзига қулай вақтни ҳам кўрсатиши зарур.

Интерактив хизматдан фойдаланиш учун фуқаро порталдаги ўзининг шахсий кабинетида кўчмас мулк ҳақидаги махсус шаклни тўлдириши керак бўлади. Унда кўчмас мулкнинг кадастр рақами ва манзили кўрсатилади.