Эрдўғон: АҚШ жангарилар Раққани тарк этишларига ёрдам берди

17.11.2017 | Жаҳон | 2657

Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғон АҚШни Суриянинг Раққа шаҳридан ИШИДнинг ўнлаб террорчилари олиб чиқиб кетилишига алоқадор деб ҳисоблайди. 

Эрдўғон Қўшма Штатлар ер усти операцияларида суриялик курдлар (YPG) билан ёнма-ён қатнашаётганига эътибор қаратди. Туркия уларни фаолияти тақиқланган курдистон ишчи партиясига алоқадор террорчилар деб ҳисоблайди.

Туркия президентининг айтишича, Вашингтон бронетехника ва бошқа қуроллар бўлган 3,5 мингта юк машинаси билан таъминланган YPG жангариларига пул тўлаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Бундан ташқари, у АҚШнинг Сурияда 13 та ҳарбий базаси борлигини билдирди.

"Мазкур ҳолатда АҚШнинг бу ишда қатнашмаётгани, балки шунчаки кузатиб тургани ҳақидаги гаплари қанчалик ишонарли?", — деди Эрдўғон журналистларга.

Туркия раҳбари Анқара Вашингтонга Раққа ва Манбижада ИШИДга қарши биргаликда курашишни таклиф қилганини, аммо Штатлар "бир террорчи гуруҳ ёрдамида иккинчисига қарши курашни" афзал кўрганини айтди.