Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёев корейс юртдошларимизни Ўзбекистонда яшаётганининг 80 йиллиги билан табриклади
20.11.2017 09:14,  
13

Ўтган асрнинг мураккаб 1937 йилида Узоқ Шарқ минтақасидан ўн минглаб корейслар сиёсий тайзиқ  остида Ўзбекистонга олиб келинган эди. Ўзбек халқи уларни бағрикенглик билан кутиб олган, бошпана берган эди.

Президент ўз нутқида корейс миллатининг иродаси ва меҳнатсеварлигини юқори баҳолади.

“Меҳнатсеварлиги, қатъий иродаси, аҳиллиги, интизоми, ерга меҳри билан, дунёқарашимиз ва маданиятларимиз ўхшашлиги туфайли корейслар Ўзбекистон тимсолида иккинчи Ватанини топди ва унинг муносиб фарзанди, кўп миллатли Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланди, ҳурмат-эътибор қозонди. Халқимиз шундай юртдошлари билан фахрланади”, — деди Мирзиёев.

Президент нутқида корейс миллати Ўзбекистон ривожланишига қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида қайд этилди.  

“Биз корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш – саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини мустаҳкамлаш, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар тараққиётига қўшаётган ҳиссасини юксак қадрлаймиз.

Улар юртимиздаги чўлларни ўзлаштиришда фаол иштирок этди, қийин шароитларда қўриқ ерларга ишлов берди, ернинг тилини биладиган омилкор деҳқон сифатида кейинчалик энг илғорлар қаторидан жой олган хўжаликлар барпо этди.

Мамлакатимизда катта обрў-эътибор қозонган 283 нафар корейс миллатига мансуб юртдошимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган”, — деди президент.

Шундан сўнг президент ўз вазифасида кўзга кўринган ва республикада етакчи лавозимларда фаолият юритаётган бир қатор корейс миллати вакилларини санаб ўтди. Улар орасида Хивадаги Меҳрибонлик уйи директори Вера Пак, мактабгача таълим вазири, сенатор Агриппина Шин, сенатор Валерий Тян, Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак, бокс бўйича жаҳон кубоги соҳиби Владимир Шин, рассом Николай Шин, академик Владимир Ким, тиббиёт фанлари доктори, профессор Александр Шек ва бошқалар бор эди.

Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Ўзбекистонда яшаётган корейсларнинг аксарияти ўзбек тилини яхши билиши ва ўзбек маданиятини яхши тушунишини юксак баҳолади.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда 200 мингдан зиёд корейс миллати вакиллари истиқомат қилмоқда. Уларнинг аксарияти ўзбек тилида сўзлаша олиши, маданиятимизни яхши билишини алоҳида қайд этиш зарур. Буни биз ўзбек халқига бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром сифатида қабул қиламиз”, — деди президент.  

1991 йилда мустақилликка эришилганидан сўнг Жанубий Корея билан алоқалар изчил ривожланиб борди. Андижон вилоятида корейслар билан ҳамкорликда автомобил заводи қурилди, Тошкентда йирик тўқимачилик комбинати барпо этилди. Ушбу ҳамкорликка корейс диаспораси катта ҳисса қўшмоқда.  

Нутқининг сўнггида президенттадбир иштирокчилари ва барчага эзгу ниятлар тилади.

“Қадрли тадбир иштирокчилари, Сиз ва сизнинг тимсолингизда барча корейс юртдошларимизга умумий уйимиз – жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлидаги фидокорона ва самарали меҳнатингиз учун самимий миннатдорлик билдираман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, муваффақият, оилавий бахт ва фаровонлик тилайман”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг июнь ойида Тошкентдаги  Дўстлик боғида корейс миллатининг Ўзбекистонга миннатдорлигини акс эттирувчи “Кансаҳамнида” ёдгорлиги очилган эди. Маъноси “Миннатдормиз” деган ушбу ёдгорлик, корейслар маблағи эвазига корейс меъморлари томонидан барпо этилган.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан